МОСКВА – Сешанба (27 июн) куни Россия президенти Владимир Путин Вагнер ёлланма гуруҳи Кремл томонидан «тўлиқ молиялаштирилганини» тан олди.
Йиллар давомида Вагнер гуруҳи «Москванинг ҳимояланмаган сирларидан бири» сифатида фаолият юритиб келди.
Гуруҳнинг иккита асосий мақсади бор: «уруш ҳудудларига жангариларни жойлаштиришда Кремлни ҳақиқатнамо инкор билан таъминлаш» ва «заиф давлатларга босимни кучайтириш учун тайёр салоҳият таклиф этиш», деб айтган Тинчлик учун Карнеги жамғармасининг таҳлил маркази 2019 йилда.
Вагнернинг хизматлари учун расмий харажатларнинг улкан кўламини ошкор этар экан, Путин у амалда давлатнинг қўли сифатида ҳаракат қилаётганини тасдиқлади.
Вагнер ёлланма аскарлари илк бор Украинага 2014 йилда, Россия Қримни аннексия қилган пайт юборилган. Кейинроқ, улар бутун дунёда, жумладан Сурия, Мозамбик, Судан, Венесуэла, Ливия, Марказий Африка Республикаси (МАР), Чад ва Малидаги қуролли можароларда иштирок этишган.
Африка ва Яқин Шарқда Вагнер ёлланма аскарларига олтин ва олмос конлари, нефт конлари ва бошқа юқори даромадли объектларни муҳофаза қилиш топширилган.
Кўп ҳолларда вагнерчилар маҳаллий хавфсизлик кучларини эгаллаб олишган ёки уларга зарба берган. Ёлланма аскарлар қаерда жойлаштирилган бўлмасин, инсон ҳуқуқларини поймол қилиш ва уруш жиноятларида айбланган.
Аввал-бошдан россиялик тадбиркор Евгений Пригожин «Вагнер гуруҳи» ортида турган маблағ ва қудрат манбаи экани далиллардан маълум бўлган.
Пригожин ва Россия президенти Владимир Путин ўртасидаги алоқадорликни топиш қийин бўлмаган – иккови ҳам Санкт-Петербургдан бўлиб, узоқ йиллик бизнес ва шахсий алоқаларга эга.
Аммо уларнинг иккови ҳам Вагнер гуруҳига алоқадорлигини рад этган, чунки Россияда хусусий ҳарбий компаниялар ноқонуний ҳисобланади.
Кескинлик кучаймоқда
Бу ҳолат ўтган йил сентябрда Пригожин охир-оқибат Россиянинг Украинага қарши кенг қамровли ҳужуми доирасида гуруҳни бошқараётганини тан олганидан кейин ўзгарди.
Бир вақтлар сирли шахс, эътибордан четда юришни афзал кўрадиган Пригожин сўнгги ойларда жуда кўп кўзга ташланадиган ва Москванинг ёндашувига танқидий қарайдиган, Россия генералларини минглаб талафотларда айблайдиган бўлиб қолди.
Бу низо Пригожин ҳафта якунида қисқа муддатли исён бошлаганида ўз чўққисига етди, аммо таҳлилчиларга кўра унинг оқибатлари давомли бўлади.
Шанба куни Вагнер гўёки Мудофаа вазирлиги таркибига киришга қаршилик сабабли исён кўтариб, Жанубий ҳарбий округ штабини эгаллаган ва Москвага қараб юриш бошлаган.
Буни сотқинлик деб қоралаган Путин Вагнерга ўзининг оғир артиллерия қуролларини мудофаа вазирлигига топширишни, аскарларига эса мунтазам армия таркибига киришини ёки Беларусга қочишни буюрди.
Қўзғолон бошланганидан бери Путин Пригожин исмини тилга олмаган, норозиларни фақат «исёнчилар» деб атаган.
«Сиз ҳақиқатдан ҳамфуқаролар урушини тўхтатиб қолдингиз», деб айтган Путин Кремл майдонида Вагнер томонидан ўлдирилган ҳарбий хизматчилар хотираси учун бир дақиқалик сукутга тўпланган Мудофаа вазирлиги, миллий гвардия, Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) ва ички ишлар вазирлиги аскарларига.
Рақамлар турлича, аммо айрим манбаларга кўра жангарилар олтита вертолёт ва самолётни уриб туширишган.
Вагнерчилар уларни «армия ва оддий халқ қўллаб-қувватламаганини» кўришди, деб таъкидлаган Путин.
Аммо Пригожин қисқа муддатли қўзғолон вақтида унинг йигитларини тинч аҳоли олқишлагани билан мақтанган, унинг сўзларини айрим хабарлар тасдиқлайди.
Кремл Вагнерни «тўлиқ молиялаштирган»
Пригожиннинг «тўнтаришга» уриниши Путинни Вагнерга нисбатан барча маълумотни очиқлашга мажбур қилди, дейди айримлар.
«Давлат Вагнер гуруҳига 2022 йилнинг майидан 2023 йилнинг майигача бўлган даврнинг ўзида жангчиларнинг маошлари ва рағбатлантирувчи мукофотлар учун 86,262 миллиард рубл (тахминан 1 миллиард доллар) тўлаган», деди Путин сешанба куни.
У мудофаа расмийлари билан учрашув бошида телевидение орқали чиқиш қилган.
«Мен шуни айтмоқчиманки, ҳамма билишини истайманки, Вагнер гуруҳини молиялаштиришни тўлиқ давлат кафолатлаган», деб айтган у ТАССга кўра. «Биз бу гуруҳни Мудофаа вазирлиги, давлат бюджети ҳисобидан тўлиқ молиялаштирганмиз.»
Вагнер раҳбарларининг хоин қилиб кўрсатилиши Россия давлати хабарлари учун бурилишдир. Илгари гуруҳ Украинага ҳужумнинг бир қисми сифатида қаҳрамонлик мақомига эга эди.
Шанба кунги исёндан кейин Вагнерни танқид қилар экан, Путин Украинадаги «жасорати ва қаҳрамонлиги» учун илгари мақтаган унинг оддий аскарларига ҳужум қилмаслигини аниқ айтди.
Айрим кузатувчиларга кўра, Путиннинг сўзлари Вагнернинг оддий аскарларига уларнинг маошлари қаердан келаётганини етказиш учун айтилган.
Сешанба куни Беларус Пригожин қочиб ўтишини қўллаб-қувватлаган, Беларус диктатори Александр Лукашенко эса Вагнернинг Москвага юришини тўхтатишга воситачилик қилгани учун олқишга эришмоқчи бўлди.
Лукашенко ўз ҳарбий мутасаддилари билан суҳбатда Путинни Пригожинни ўлдирмасликка чақирганини айтган. Шунингдек, муаммони ҳал қилишда Россиянинг ёндашувини танқид қилган.
Ҳаагада НАТО раҳбари Йенс Столтенберг Пригожин ва эҳтимол, унинг айрим кучларининг Беларусга кўчиб ўтиши ҳақида хулоса чиқаришга ҳали эрта экани, аммо алянс ўз аъзоларини ҳимоя қилишга тайёрлигини айтган.
«Биз Москва ва Минскка НАТО ҳар бир иттифоқчи ва НАТО ҳудудининг ҳар бир қаричини ҳимоя қилиши ҳақида аниқ хабар юбордик», деб айтган Столтенберг.
Кўпроқ санкциялар
Шунингдек, сешанба куни АҚШ Молия вазирлиги Вагнер гуруҳини молиялаштирадиган Африкадаги олтин қазиб олиш фаолиятини тўхтатишга қаратилган санкциялар жорий қилиб, ёлланма аскарларни ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликка тортишга ваъда берди.
Вагнер гуруҳига қарши чоралар аввалроқ режалаштирилган эди, аммо АҚШ расмийлари Пригожин ёки Путинга хайрихоҳлик бўлиб кўринадиган ҳолатдан қочиш учун уларни қисқа муддатга тўхтатиб турган эди.
«Вагнер гуруҳи ўзининг шафқатсиз операцияларини қисман Марказий Африка Республикаси ва Мали каби мамлакатлардаги табиий ресурслардан фойдаланиш орқали молиялаштиради», деди АҚШ молия вазирлигининг санкциялар бўйича расмийси Брайан Нелсон.
«Қўшма Штатлар Африка, Украина ва бошқа жойларда Вагнернинг кенгайиши ва зўравонлигини камайтириш учун унинг даромад манбаларини нишонга олишда давом этади.»
Сешанба куни АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Метю Миллер санкцияларни изоҳлар экан, Вагнер ёлланма аскарларини яна бир бор танқид қилди.
«Биз ишонамизки, Вагнер қаерга бормасин, ўз ортидан ўлим ва ҳалокатни олиб келади», деди у журналистларга. «Улар маҳаллий аҳолига зарар етказадилар; фойдали қазилмаларни қазиб олиб, ўзлари фаолият юритаётган ҳамжамиятлардан пул олишади.»
«Шу сабабли биз Африка ва бошқа мамлакатлар ҳукуматларини Вагнер билан ҳар қандай ҳамкорликни тўхтатишга чақиришда давом этамиз», деди у.
Лукашенконинг Пригожинни қабул қилиш қарори «унинг Владимир Путин ва Кремлнинг манфаатларини ва Беларус халқининг манфаатларидан юқорироқ қўйишига яна бир мисолдир», деб қўшимча қилди Миллер.
Беларуснинг 68 ёшли диктатори ҳам мухолифатчиларни қамоққа ташлагани ва ўтган йили Россияга Беларус ҳудудидан Украинага ҳужум қилишга рухсат бергани учун Ғарб санкцияларига учраган эди.
Январ ойида АҚШ ҳукумати Вагнер гуруҳини «трансмиллий жиноий ташкилот» деб топган эди. Бу гуруҳнинг глобал тармоғига нисбатан янада кенг қамровли санкциялар жорий қилиш имконини беради.
Винницалик Лиза учун 1000000 та россиялик ифлос боши билан жавоб беради ҳали!!!
Жавоб беришФикрлар 3
Ана сюрприз! Бизнин президент Владимир Путин дунё бўйлаб инсон ҳуқуқларини бузган ва ҳарбий жиноятларда айбланган севимли хусусий армиямизни «тўлиқ молиялаштирганини» охир-оқибат тан олди. Нақадар олийжаноб иш! Нимаси ёмон? Вагнерчилар дунё бўйлаб олтин, олмос, нефть ва бошқа табиий бойликларни қўриқлаб келаётган фаришталар эканлигини биламиз. Улар шунчаки «маҳаллий хавфсизлик хизматларининг обрўсига путур етказишди». Муҳим нарса эмаску, шундайми? Ахир, қаерда бўлмасин инсон ҳуқуқлари ва ҳарбий жиноятларда айбланаётган армияни қўллаб-қувватлашдан яхшироқ нима бўлиши мумкин? Мамлакатимиз бундай муносиб ишларга сармоя киритаётгани жуда ажойиб!
Жавоб беришФикрлар 3
Россия террорчи давлат. Террорчиларни қатъий ва жиддий ҳал қилиш керак.
Жавоб беришФикрлар 3