Карвонсарой
Хавфсизлик

Вагнер исёнидан сўнг Путинга босим ўтказаётган заифликлар

AFP

Россия Вагнер ёлланма гуруҳининг исёнига дуч келар экан, 24 июн куни президент Владимир Путин халққа мурожаат қилган. Путин Вагнер қўзғолонидаги «хоинларни» жазолашга ваъда берган. [Гавриил Григоров/Спутник/AFP]

Россия Вагнер ёлланма гуруҳининг исёнига дуч келар экан, 24 июн куни президент Владимир Путин халққа мурожаат қилган. Путин Вагнер қўзғолонидаги «хоинларни» жазолашга ваъда берган. [Гавриил Григоров/Спутник/AFP]

Таҳлилчиларнинг фикрига кўра, Россия президенти Владимир Путин ўтган ой Вагнер гуруҳи қўзғолони билан боғлиқ таҳдид бартараф этилганига қарамай, бу ҳодисадан заифлашган ҳолатда чиққан.

Евгений Пригожиннинг ёлланма жангарилари томонидан уюштирилган қисқа муддатли ва охир-оқибат тўхтатилган исён Путин ҳукмронлиги учун энг драматик синов бўлди.

Вагнернинг Москва томон юришини тўхтатиш бўйича Беларус воситачилигида эришилган келишув йирик тўқнашувнинг олдини олган бўлса-да, у ҳозирда сўроқ остида қолаётган кўринади.

Пайшанба (6 июл) куни Беларус етакчиси Александр Лукашенко Пригожин Россияда эканини (келишувда кўзда тутилганидек, Беларусда қувғинда эмаслигини) айтди.

Эндиликда Путин бешта заифликка дуч келмоқда.

Пригожин ҳали ҳам озодликда

Лукашенконинг пайшанба кунги чиқишидан сўнг Пригожин ва унинг қўшинлари қаерда экани номаълумлигича қолган, Кремл эса ёлланма қўшинлар раҳбарининг ҳаракатланишини «кузатмаётганини» айтди.

Вагнернинг таҳдиди фақат ҳарбий аҳамиятга эга эмас.

Гуруҳ шунингдек, оммавий ахборот воситалари ва троллар фабрикаларини назорат қилади. Бундан келиб чиқадики, Пригожинни қуролсизлантиришнинг ўзи етарли эмас, унга тумшуқбоғ ҳам тақилиши керак.

Париждаги Стратегик тадқиқотлар институти ходими Максим Одиненинг сўзларига кўра, Россия ҳукумати «Патриот» холдинг компаниясига алоқадор медиагуруҳларни тақиқлаган, компаниянинг ўзи эса тугатилмоқда.

«Пригожин ўзининг оммавий ахборот воситаларидаги қудратидан мосуво бўлади», деди Одине AFPга.

Аммо унинг узоқ вақт сукут қилиб туришини тасаввур қилиш қийин, деб қўшимча қилди истеъфодаги австралиялик генерал Мик Раян.

Путин ҳокимиятидаги ёриқлар

Ўз танқидчиларини қамайдиган ва ўзгача фикрловчиларни шафқатсизларча жазолайдиган Путин, айниқса, 2022 йил феврал ойида Украинада уруш бошланганидан бери ўзининг юқори мартабали мудофаа бошлиқларини нишонга олган одамга раҳм-шафқат қилди.

«Энди элитанинг айрим вакиллари наздида тузум бенуқсон эмас экан деган фикр кучайиши мумкин. Агар Пригожин буни уддалай олган бўлса, нега бошқа одам ҳам шундай қила олмасин?» дейди Одине.

Исён ҳаракати хавфсизлик кучлари ичидаги ёриқларни ҳам кўрсатди, чунки Вагнер жангчилари Москва томон деярли қаршиликсиз юриб боришган.

«Пригожин Россия ҳарбийлари, полицияси ва ФСБ (Федерал хавфсизлик хизмати) базаларидан уларнинг бирор бир қаршилигисиз ўтди», дейди Европа ташқи алоқалар кенгаши вакили Кирилл Шамиев.

«Бу Россия сиёсий тизимининг заифлигидан дарак беради.»

Қандай йўл тутиш керак?

Путин ҳаракатсиз ўтира олмайди, аммо бир неча ой давомида уни параноик ва иҳоталанган деб аташган.

«R.Politik» сиёсий таҳлил компанияси асосчиси Татьяна Становая Путиннинг собиқ совет диктатори Иосиф Сталин каби тозалашлар ўтказишини кутмаганини айтади.

«Унинг нуқтаи назарида одамлар қаҳрамонларга, хоинларга (оғир оқибатларга дучор бўладиганлар) ёки адашиб қолганларга бўлинади, агар улар ўз вақтида тавба қилса, кечирилиши мумкин. Бу доирада ҳибсга олишлар бўлиши мумкин.»

Путиннинг келажаги кунлар ёки ҳафталар ичида ҳал бўлмайди, дейди Австралиянинг Москвадаги собиқ элчиси Питер Теш.

«У ишончсизлик ва ёлғон ҳукмронлик қиладиган ва шахсий манфаатларга асосланган экотизимга раҳбарлик қилади.»

«Агар Пригожин чой ичадиган бўлса, у ўзининг севимли ичимлигини ўзгартиришни хоҳлаб қолиши ҳам мумкин», деб ҳазиллашди Теш Кремл мухолифлари нишонга олинган заҳарланиш амалиётларига ишора қилиб.

Украина мудофаа вазирлигининг разведка бошқармаси директори Кирило Буданов ФСБ Пригожинни ўлдиришга буйруқ олганини иддао қилмоқда.

Украинада ботиб қолган

Путин 2022 йил февралда Украинага босқинни бошлаганида, тезкор жанговар ғалабага умид қилган эди.

Аммо можаро боши берк кўчага кириб қолган ва энди Россия кучлари Украинанинг янги қарши ҳужумига қарши курашмоқда.

Пригожин босқиндаги муваффақиятсизликлар, мудофаа вазири Сергей Шойгу ва армия бошлиғи Валерий Герасимов қўллаётган тактикани Россия ичида энг баланд овоз билан танқид қилганлардан бўлди.

Кўплаб аскарлар Украинада нима учун жанг қилаётгани ва ҳалок бўлаётганини билмайди, «Пригожин бу одамлар номидан гапириш учун келди», деб ёзади тадқиқотчилар Лиана Фикс ва Майкл Киммеж Foreign Affairs веб-сайтида. Бу эпизод армиянинг нотинч ҳолатини очиқлаган.

«Путин ғалаба қозониб бўлмайдиган уруш билан овора бўлиб қолди», бунинг учун у улкан ресурслар сарфлади, қийин қарорлар қабул қилиш керак бўлганида уларни кечиктирди, деб қўшимча қилади Лондон Қироллик коллежи ходими Лоуренс Фридман.

Бир нечта жабҳа

Қарийб 16 ойдан бери давом этаётган жанглардан сўнг янги – ички ва сиёсий фронт юзага келди.

Ҳеч ким Вагнер гуруҳи раҳбарини очиқ қўллаб-қувватламаган бўлса-да, уруш қандай олиб борилгани масаласида иккига бўлинган рус элитаси Путиндан кейинги ҳаётга ҳозирланмоқда.

Кремлда бутун дунёдаги қудратли шахсларнинг сиёсий авторитетининг ошиши ва пасайишини кўрсатадиган ички фонд биржаси бор, дейди Фикс ва Киммеж.

Путин нормал ҳолатга қайтишни таъминлаши керак ва бу ҳақорат учун қасос олиши мумкин, деб қўшимча қилади улар.

Россиядан ташқарида Путиннинг заиф томонлари восита ўлароқ қўлланилмоқда. АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) директори Уилям Бернс Украинадаги уруш Путин ва ҳукуматга «емирувчи» таъсир кўрсатганини айтди.

Урушдан норозилик Россия раҳбарларини емиришда давом этади, деб қўшимча қилди Бернс.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Келаси сафар Путиннинг ошпази ўрнига ким Москвага юриш қилади? Путиннинг ҳайдовчиси, Путиннинг массажчисими ёки қўриқчисими?

Жавоб бериш

Россия вайрон бўлмоқда ))

Жавоб бериш