ОСЛО – Ўзини Россиянинг «Вагнер» ёлланма жангарилар гуруҳи аъзоси деб атаган эркак чегарадан қочиб ўтиб, Норвегиядан бошпана сўраган. Бу ҳақда душанба (16 январ) куни унинг адвокати маълум қилган.
26 яшар Андрей Медведев ўтган ҳафта Пасвикдален водийси яқинида Норвегия чегарасини ноқонуний кесиб ўтгани учун ҳибсга олинган эди.
«У Норвегиядан бошпана сўраб мурожаат қилган», деди Финнмарк полицияси бўлими бошлиғи Тарьей Сирма-Теллефсен.
Gulagu.net ҳуқуқбон ташкилоти Норвегия чегарасини кесиб ўтган Медведевдан олган интервьюларини эълон қилган.
«Мен (чегарада) муз устида эканлигимда, итларнинг ҳураётганини эшитиб, ортимга ўгирилиб қарадим ва чамаси 150 метр нарироқда машъала кўтарган одамларнинг мен томон югураётганини кўрдим», деди у.
«Мен ёнимдан визиллаб ўтган иккита ўқ овозини эшитдим», деб қўшимча қилди у.
Унинг адвокати Бриньюлф Риснеснинг душанба куни AFPга айтишича, Медведев чегарани кесиб ўтиб, маҳаллий аҳоли вакилларини қидириб топган ва улардан полиция чақиришни сўраган.
Риснеснинг айтишича, унинг мижози энди ҳибсда эмас, балки унинг иши кўриб чиқилгунича «хавфсиз жойда» ва айни пайтда Норвегия чегарасини «ноқонуний кесиб ўтишда» гумон қилинмоқда.
«Агар у Норвегиядан бошпана олса, бу айблов автоматик равишда бекор қилинади», деди Риснес.
Вагнерга қарши чиқиш
«У ҳарбий жиноятларини тергов қилаётган одамларга Вагнер гуруҳидаги тажрибаси ҳақида гапиришга тайёрлигини билдирди», деди адвокат. Медведевнинг иддаосича, у 5-10 аскардан иборат бўлинма қўмондони бўлиб хизмат қилган.
Gulagu.net маълумотларига кўра, у дастлаб 2022 йил июл ойи бошида тўрт ойлик шартнома имзолаган бўлиб, жанг қилишдан бош тортганлар ва кетмоқчи бўлганлар қатл ва репрессияларга учраганига гувоҳ бўлганини айтган.
Риснеснинг сўзларига кўра, Медведев Украинадаги асосий жангларда аввалги сафда бўлган ёлланма жангарилар гуруҳига қўшилгач, «кутганидан бутунлай бошқа нарсага дуч келганини» айтган.
Кетмоқчи бўлганида, шартномасини унинг розилигисиз узайтиришган.
«У осонликча кета олмаслигини тушуниб етиб, шунчаки қочишга қарор қилган», дейди Риснес.
Россияга қайтгач, Медведев ҳуқуқбон ташкилотлар, жумладан, Россия қамоқхоналаридаги маҳбусларни ҳимоя қилувчи Gulagu.net сайтига мурожаат қилган.
Уруш жиноятлари
Сентябр ойида Кремл билан яқин алоқаларга эга Пригожин илк бор 2014 йилда Украинада жанг қилиш учун Вагнер гуруҳига асос солганини айтган ва унинг Африка, Яқин Шарқ ва Лотин Америкасидаги ҳозирлигини тан олган эди.
Ёлланма гуруҳ илк марта 2014 йилда Россия Қримни Украинадан ноқонуний равишда аннексия қилганида пайдо бўлган, ўшанда ҳеч қандай белгиларга эга бўлмаган «яшил одамчалар» ишғолда асосий ролни ўйнаган.
2015 йилда Россия ҳарбийлари Сурия етакчиси Башар Асадни қўллаб-қувватлаб жанг қилаётганида Вагнер ёлланма аскарлари Сурияга кириб келган эди.
Ўшандан бери ёлланма аскарлар Россия учун стратегик аҳамиятга эга бошқа қайноқ нуқталарда, улардан энг машҳурлари Марказий Африка Республикаси (МАР), Мали, Ливия, Чад, Судан, Мозамбик ва Венесуэлада пайдо бўлди.
Сўнгги ойларда Вагнер жазо муддатини қисқартириш ва юқори маошлар ваъдаси билан Россия қамоқхоналаридаги маҳбусларни оммавий равишда Украинадаги фронтга жалб қилишга урингани айтилади.
Гуруҳ сафининг кенгайиб бориши ва ёлланма аскарлар асосан Россиянинг Украинадаги уруши билан машғул бўлгани сабабли унинг тактикаси янада шафқатсизроқ тус ола бошлаган.
Вагнер ёлланма аскарлари қийноққа солиш, зўрлаш, товламачилик, ҳарбий жиноятлар, инсониятга қарши жиноятлар ва бошқа ваҳшийликларда айбланади.
Декабр ойи бошида АҚШ қонун чиқарувчилари Вагнер гуруҳини террорчилик ташкилоти деб тан олиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишган.
Ҳужжатда жангариларнинг жиноятлари, жумладан, 2022 йилнинг март ойида Украинанинг Буча шаҳрида тинч аҳолини қийноққа солиш, шунингдек, Мали, Судан ва МАРда содир этилган шу каби жиноятлар санаб ўтилган.
«Вагнер гуруҳи, шунингдек, журналистларни ўлдирган ва уларга таҳдид қилган, болаларни ўғирлаган, тинч аҳолига қарши асабни шикастлантирувчи воситаларни қўллаган, қийноққа солиш, аёллар ва болаларни зўрлаш, уларни жинсий мақсадда сотишга аралашган», дейилади қонун лойиҳаси эълон қилинган баёнотда.