http://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2018/12/10/feature-02
| Хавфсизлик

Россия Суриядаги сулҳни бузиш мақсадида кимёвий ҳужумни «сохталаштирган»

Карвонсарой ва AFP

Суриялик аёл режим назорати остидаги Алепподаги шифохонада даволанмоқда, 24 ноябр, 2018 йил. Суриянинг расмий оммавий ахборот воситалари қуролланган мухолифатни шимолий шаҳарда «заҳарли газ» воситасида ҳужум уюштиришда айблади, аммо халқаро ҳамжамият Сурия ва Россияни сулҳ ҳаракатини бузиш мақсадида воқеани сохталаштиришда айблаган. (George Ourfalian/AFP)

ВАШИНГТОН, КО – Америка Қўшма Штатлари ва Буюк Британия Россияни суриялик исёнчиларнинг кимёвий қурол қўллагани ҳақида сохта хабар тарқатишда айблаб, Москвани шундоқ ҳам беқарор бўлиб турган сулҳни бузмасликка чақирди.

Россия Мудофаа вазирлигига кўра, мухолифатчилар режим назорати остидаги Алеппо шаҳрида 24 ноябр куни таркибида хлор бўлган қурол қўллаган. Сурия давлат оммавий ахборот воситалари 100 га яқин сурияликлар нафас олиш муаммолари билан шифохонага етказилгани ҳақида хабар берган.

Россия ўч олиш мақсадида Сурия президенти Башар ал-Асадга қарши курашаётган ягона шаҳар – Идлибга ҳаводан ҳужум уюштирди, шу тариқа сентябрь ойи ўрталарида эришилган сулҳнинг тақдири сўроқ остида қолган.

Оқ дубулғалилар номи билан машҳур бўлган Суриянинг фуқаро мудофааси кўнгиллилари Россия ёки Сурия режими томонидан уюштирилган ҳаво ҳужумидан беркиниб олган болани қутқармоқдалар. Оқ дубулғалилар Сурияда кимёвий қуроллар борасидаги Россиянинг дезинформация кампанияси томонидан нишонга олинганлар қаторида. (Оқ дубулғалилар)

Суриянинг энг кўп исёнчилар жойлашган шимолий вилояти Идлибнинг Атме қишлоғи лагеридаги бола, 6 декабр. (Aaref Watad/AFP)

«Саҳналаштирилган» ҳужум

Қўшма Штатлар хлор ҳақидаги ҳикоя сохта эканлиги борасида «ишончли маълумотга» эга эканлигини ва Россия ҳамда Сурия кўздан ёш оқизувчи газ қўллаганини таъкидлаган.

«Режим тарафдорлари бўлган мансабдор шахслар ҳужумдан кейин дарҳол ҳудудни эгаллаб олиб, намуналарни сохталаштиришга ва Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилоти (КҚТТ) ҳудудни текширишидан аввал воқеа жойини заҳарлашга имкон яратганидан Қўшма Штатлар чуқур хавотирда», деган АҚШ Давлат департаменти вакили Роберт Палладино 7 декабр (жума) кунги баёнотда.

«Биз Россия ва режимни эҳтимолий ҳужум ҳудудидаги далилларни сохталаштиришда айблаб огоҳлантирмоқдамиз ва айбдорлар жавобгарликка тортилиши мақсадида мустақил терговчилар хавфсизлигини таъминлашга чақирамиз», деди у.

«Россия ва Сурия бу ҳолатдан Идлибдаги сулҳга путур етказиш йўлида фойдаланмоқда», деди у.

АҚШ расмийсининг сўзларига кўра, шубҳа Россия ва Сурия бир вақтда бир-бирига ўхшаш расмий хабарлар эълон қилиб, зудлик билан ҳужумларни амалга оширганидан кейин пайдо бўлган.

Исми сир қолишини истаган расмийлардан бирининг айтишича, гувоҳлар хлорли ҳужумларга хос бўлган хлор исини сезмаганликларини айтганлар.

«Портловчи қуролларнинг қолдиқлари тасвирланган видео-материаллар ва суратларни техник ўрганиш натижасида аниқланишича, Россия оммавий ахборот воситалари томонидан кўрсатилган қурилмалар хлорли зарба бериш имкониятига эга эмас», деган расмий манба.

Британия ўтказган таҳлилларга асосан ҳам хлорли ҳужум бўлгани ва унда мухолифат иштирок этгани «эҳтимоли жуда кам».

«Бу мухолифатни айблаш учун саҳналаштирилган вазият ёки Россия ва Сурия режим унинг натижасидан фойдаланиб қолишни истаган муваффақиятсиз чиққан операцияга ўхшайди», деди КҚТТ текширувини қўллаб-қувватлаган ташқи ишлар вазирлиги ходими.

Кимёвий ҳужумлар тарихи

Ғарб давлатлар, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Асад режимининг кимёвий ҳужумлар уюштирганини бот-бот такрорлаб келадилар.

БМТ хабарига кўра, 2017 йил апрелда Хон Шейхун шаҳрида амалга оширилган зарин гази ҳужуми натижасида 83 киши ҳалок бўлган. Қўшма Штатлар бунга Сурия ҳаво базасига қарата 59 та қанотли ракета учириш билан жавоб қайтарган.

Асадни қўллаб-қувватловчи энг катта куч бўлган Россия ва Сурия ҳукуматининг иккови ҳам зарин ҳужуми юз берганини рад этди ва жабрланганлар, жумладан, болаларнинг тасвирларини сохта дея даъво қилди.

Москва бу каби ҳужумларнинг тергов қилинишига қарши чиққанди.

Ноябр ойида Россиянинг 2019 йилда ташкилот бюджетини белгилаш учун овоз бериш жараёнида КҚТТнинг Суриядаги каби ҳужумлар учун жавобгарикни белгилаш ваколатини тўхтатиш йўлидаги уринишлари самара бермади.

Шиддатли баҳс-мунозаралардан сўнг, аъзо давлатлар кимёвий урушларни назорат қилувчи халқаро орган, жумладан, унинг янги фаолият тури учун бюджетни тасдиқладилар.

Ўшанда КҚТТдаги АҚШ вакили Кеннет Уорд Россияни «ўтакетган иккиюзламачиликда» айблаб, «кимёвий қуролларни қўллашнинг янги даври бошланишига» йўл қўймаслик ҳақида огоҳлантирган эди.

Москванинг ёлғон ахборот кампаниялари

Исёнчиларнинг кимёвий қурол қўллагани ҳақидаги даъволар Москванинг айбни бошқаларга ағдариш ва ёлғон ахборот тарқатишга оид кўп сонли уринишларидан биридир.

Россиянинг Алепподаги ролига оид айбловларга жавобан Россия мудофаа вазирлиги бу айбловларнинг «жамоатчилик фикрини чалғитишга қаратилганини» айтган, деб хабар беради Россиянинг Вашингтондаги элчихонаси.

Ҳақиқатни бузишга обдон уринган Россия 11 сентябрь куни суриялик мухофатчилар ва «Сурия фуқаролик мудофааси» номи билан ҳам машҳур бўлган «Оқ дубулғалилар» жангчилари кўнгилли гуманитар ташкилоти махсус видеолавҳа тайёрлагани ва уни Сурия армиясининг эҳтимолий кимёвий ҳужуми оқибатлари ўлароқ кўрсатиб, нотўғри талқин қилишини таъкидлаган.

Россия мудофаа вазирлиги Идлибда яшовчи маҳаллий фуқароларнинг сўзларига таяниб, воқеа жойида бир неча Яқин Шарқ мамлакатлари телеканалларининг суратга олиш гуруҳлари, жумладан, «АҚШнинг етакчи янгиликлар каналининг ҳудудий филиали» вакиллари келганини маълум қилган.

Вазирлик «кун охирига» бориб, барча видеоматериаллар телеканалларга тақдим этилиши ва улар ижтимоий тармоқлар орқали эфирга узатилишини баён қилган.

Вазирликнинг иддаосига кўра, «сценарий» бўйича Сурия армиясининг бочкали бомбаларни қўллаши ортидан «Оқ дубулғалилар»нинг кўнгиллилари маҳаллий аҳолига ёрдам бериши, кадрлар ва воқеа жойидан олинган кимёвий заҳарланган тупроқ намунасининг ҳаққонийроқ чиқиши учун ҳақиқий кимёвий қурол қўлланилиши керак эди.

Худди шундай даъво 6 сентябрь куни русийзабон аудиторияни чалғитиш мақсадида Кремл назоратидаги «Русская весна» (Рус баҳори) сайти томонидан чоп этилган сохталаштирилган видеолавҳада ҳам янграган.

Зўрлик йўли билан олинган, нотўғри талқин қилинган иқрорларда АҚШ «Ислом давлати» (ИД) террорчиларини тайёргарликдан ўтказгани ва Сурия армиясини айблаш учун кимёвий ҳужумларнинг провокацион видеотасвирларини олиш учун ташкилот аъзоларини Идлибга жўнатгани айтилган эди.

Сизга мақола ёқдими?
3
Йўқ
Фикрлар 3
Сиёсат
Captcha
| 2018-12-16

Россия доим ёлғон-яшиқ нарсаларни ўйлаб топади

Жавоб бериш
| 2018-12-14

Исми ошкор этилмаслиги шарти билан сўзлаган АҚШ вакилига кўра, гувоҳлар бу каби ҳужумлар учун хос бўлган зарин газининг ҳидини сезмаганликларини айтишган - бу ҳар қандай сафсата учун қўллаш мумкин бўлган қулай ибора. Йигитлар, шунақанги бўлмағур нарсаларни ҳам чоп этасизларми.

Жавоб бериш
| 2018-12-12

Россияга умуман ишонч қолмади, ўз ёлғонига ботди

Жавоб бериш