БИШКЕК – Қирғизистон аҳолиси, фуқаролик жамияти фаоллари ва экологлар Иссиқкўлда Россия томонидан ўтказилган ҳарбий машқлар ва синовларга ўз норозиликларини билдирмоқдалар. Уларга кўра, бу машғулотлар табиатга зиён етказмоқда.
Мазкур тоғли кўл мамлакатдаги асосий сайёҳлик маскани ҳисобланади.
Россия собиқ Совет давлатлари ҳудудидан инсофсизлик билан уран чиқиндиларини йўқ қилиш ва қуролларни синаш учун фойдаланган бўлса, сўнгги норозилик Россия мудофаа вазирлигининг сентябрь ойида Иссиқкўл соҳилларида МДҲ аксилтеррор машқларини ташкиллаштирганидан кейин кучайган.
Машқлар давомида ҳарбийлар Россиянинг СУ-25 жанговар самолётлари ёрдамида гаровга олинган самолётдан йўловчи ва экипаж аъзоларини қутқаришни машқ қилдилар.

Россия ва Қирғизистон аскарлари 25 сентябрь, Тамчи аэропортида ўтказилган «Иссиқкўл аксилтеррор машқлари - 2018» ҳарбий машғулотларида иштирок этмоқдалар. (Вячеслав ОСЕЛЕДКО/AFP)

Россия ва Қирғизистон аскарлари 25 сентябрь, Тамчи аэропортида ўтказилган «Иссиқкўл аксилтеррор машқлари - 2018» ҳарбий машғулотларида иштирок этмоқдалар. (Вячеслав ОСЕЛЕДКО/AFP)
Қутқариш ишлари тугаганидан кейин, улар Иссиқкўл атрофидаги тоғли ҳудудда жойлашган «душман позицияларини» Искандер-М қисқа масофали ракета тизимидан ўққа тутдилар ва самолётни қўлга олган «жангариларни» йўқ қилдилар.
Маҳаллий экотизимга путур етмоқда
«Кўришга арзигулик воқеа! Иссиқкўлдаги ҳарбий машғулотлардан олинган 20 та сурат» – Кремлнинг ташвиқот қуроли бўлмиш Спутник газетасида чоп этилган фото-мақола сарлавҳаси шундай номланган.
Маҳаллий муштарийларнинг аксари бу мақолани истеҳзо ўлароқ қабул қилиб, кўл атрофида ўтган ҳарбий машқлардан ранжиганлар, чунки бу ҳудуд ўзининг шифобахш сувлари ва нозик экотизими билан салкам муқаддас маскан ҳисобланади.
Бишкеклик муҳандис-эколог, «MoveGreen» экологик ҳаракати ходимаси Бахтигул Стакеева Иссиқкўл атрофида ўтган машқларнинг кўл экологиясига жиддий зарар етказганини қоралади.
Ҳарбий машқлар давомида рўй берган портлашлар зарарли моддаларни тарқатиши шубҳасиз, деди у Карвонсарой нашрига.
«Портлашлар юз берган жойда чуқурлар пайдо бўлади, уларнинг атрофидаги тупроқ ва ўсимликлар хароб бўлади», деди у. «Заҳарли моддалар, тупроқ, сув ва ҳайвонот оламига зиён етишидан ташқари, шовқинли ифлосланиш ҳам бор.»
Маҳаллий экотизим ҳарбий машқларсиз ҳам ўта нозик, деди у.
«Севимли кўлимизнинг аллақачон бузилган экотизимини янада нобуд қилиш нотўғри қарор», деди у.
Ишончсизлик ва ҳайрат
Суратлар кўплаб қирғизистонликларни ларзага солди. Улар севимли кўлларини жанговар самолётлар, ракета, отишмалар, йирик портлашлар ва осмонга кўтарилган қора тутун қуршовида кўрдилар.
«Суратларга назар солар эканман, бу бизнинг Иссиқкўлимизда бўлаётганига ишонгим келмаяпти», деди бишкеклик фуқаролик жамияти фаоли Бакитбек Исраилов Карвонсарой нашрига.
Исраиловнинг оиласи ҳар йили Иссиқкўлда дам олар эди. Уйга «табиатдан қувват олиб» қайтар эдик, дейди у. «Нима учун ҳарбий операциялар учун айнан шу жойни танлашди?»
Бошқа иссиқкўлликлар ҳам ижтимоий тармоқларда ғазабнок фикрларни ёзиб қолдирганлар.
«Самолётлар Иссиқкўл қирғоқларини синов масканига айлантирди», деб ёзди бишкеклик адвокат Улам Жумаков Facebook тармоғида. «Улар тоғларимизга бомба учириб, машғулотлар ўтказишяпти, текинга топган жойларини қаранг.»
«Тараққий этган бир давлат бошқа давлатга ўз ҳудудида қуролларни синаш ва ерига бомба ташлашига рухсат беришини тасаввур қила оласизми?!», деди у.
«Совет даврида Москванинг маккор коммунистлари Совет Иттифоқининг кичик мамлакатларидан қурол синовларини ўтказиш ва ядровий чиқиндиларни кўмиш учун фойдаланганлар, Қирғизистоннинг Майлуу-Суви шундай чиқиндиларга тўлган», деб қўшимча қилди у.
Янада кўпроқ машқлар ва махфий денгиз синовлари
Россия қуролли кучлари кўл атрофидаги ҳарбий машғулотларини ҳали якунлаганича йўқ.
Россия етакчилигидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг (ОДКБ) тезкор кучлари 9 октябрь куни кўл яқинидаги Эдельвейс машғулот базасида машқларни бошлаб юборди.
«Ҳамкорлик - 2018» машқларига 2000 га яқин аскар, 300 та машина ва қуроллар, 40 та самолёт жалб этилди. Машқларнинг «фаол» қисми шанба (13 октябрь) куни бошланиши режалаштирилган.
Бу орада экологлар кўлдаги Сталин давридан қолган денгиз синов иншооти борасида хавотирга тушмоқдалар.
Тиканли сим билан ўралган ва ҳарбий истеҳком билан ҳимояланган ҳудуд 1943 йилдан бери мавжуд бўлиб, Қоракўл яқинида жойлашган, дейилади 2015 йилда «Current Time» телеканали, Озод Европа/Озодлик радиоси ва Америка Овози ҳамкорлигида ўтказилган журналистик текширув мақоласида.
Иншоот сувости қуроллари, асосан, торпедоларни синаш учун мўлжалланган.
Атроф-муҳит муҳофазачилари, синов иншооти Иссиқкўл атрофидаги муҳитга етказган зарарни аниқлаш учун зарур маълумотларга эга эмасликларини айтадилар.
Бишкекдаги торпедо ишлаб чиқарувчи завод раҳбарининг собиқ ўринбосари Улуғбек Ормонов телеканалга берган интервьюсида Иссиқкўл тубида юзлаб Россия снарядлари тўпланиб қолганини айтган.
Россия синайдиган қуролланмаган торпедолар ҳам экотизимга хавф солади, дейди «Таза табигат» (Тоза табиат) жамоат бирлашмаси раҳбари Анора Дауталиева.
Видеога жавобан Facebook тармоғида изоҳ қолдирган Қирғизистон от спорти федерацияси вице-президенти Манасбек Султонов Россиянинг синов базаси ёпилиши кераклигини таъкидлаган.
Бу ОДКБ келишуви доирасидаги машқлар, база Балиқчида бўлганидан кейин шу-да. Портлашлардан экологияга қандай зарар бўлиши мумкин, у ер ахир қояли жойлар бўлса. Ундан кўра, Қум-тор ҳақида, Баркоондаги цианид оқибатлари ёки Кажисойдаги чиқиндихона ҳақидаги ёзинглар. Америкосларнинг буюртмаси билан ёзар экансизлар.
Жавоб бериш