https://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2019/11/15/feature-02
| Терроризм

Интернетдан маълумот излайдиган қирғизлар сони ортар экан, экстремистларнинг имкониятлари ҳам кенгайиб бормоқда

Мунара Боромбаева

image

Бишкек марказида болалари билан сайр қилаётган она, 31 август. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ёш болалар ва уларнинг ота-оналарига таълим бериш экстремистларга қарши энг кучли қуролдир. (Мелисовский)

БИШКЕК – Интернетдан маълумот олувчи қирғизлар сони тобора ортиб борар экан, экстремистик гуруҳлар заиф ёшларни ўз сафига ёллаш учун интернетдаги фаолиятини кучайтириши мумкинлиги борасидаги хавотирлар кучаймоқда.

Айни вақтда Қирғизистонда 5,9 млн. интернет фойдаланувчиси бор. Бу ҳақда Қирғизистон ички ишлар вазирлигининг (ИИВ) ахборот технологиялари ва коммуникациялари давлат қўмитаси хабар берган.

Бундан ташқари 1,9 млн. киши «фаол фойдаланувчи» ёки турли ижтимоий тармоқларда фикр-мулоҳаза алмашиш учун рўйхатдан ўтганлар ҳисобланади, деди агентлик матбуот котиби Тимур Алхожоев.

Экстремистик ва террорчилик ташкилотлари интернетдан даъват мақсадларида фойдалангани боис, ҳукумат шубҳали интернет оммавий воситаларини фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган.

Бош прокуратура хабарига кўра, жорий йил Қирғизистонда 64 веб-сайт, 233 фойдаланувчи ҳисоби ва видеоканаллар блокланган ёки уларга кириш чекланган.

«Интернетда алоҳида ташкилотлар, шунингдек, ҳукуматнинг дунёвий тузилмаларини куч билан йўқ қилишга интиладиган қуролли гуруҳларнинг террорчилик ва экстремистик фаолиятларни тарғиб қилувчи материалларни тарқатаётган ресурсларга нисбатан шундай чоралар кўрилган», дейилади 23 октябрь куни Бош прокуратура эълон қилган баёнотда.

Баёнотга кўра, интернетда жамиятнинг дин, миллат, ирқ ва жинс асосида бўлиниши, шу билан бирга жангариликка ёллаш ва балоғатга етмаганларни ноқонуний фаолиятга жалб қилиш кучайиб бормоқда.

«2019 йилда кибер-террорчиликка қарши кураш чоралари доирасида, Бош прокуратура интернетда тарқатилган материалларни экстремистик деб топиш учун судга 19 та петиция топширган бўлиб, улар суд томонидан қаноатлантирилган», дейилади баёнотда.

Онлайн ёллаш схемаси

Интернетнинг марказлаштирилмаган ва ошкора тартибга солишни қўллаб-қувватлайдиган Бишкекдаги «Интернет сиёсати бўйича фуқаролик ташаббуси» нодавлат ташкилоти мутахассиси Марат Торобековнинг сўзларига кўра, жангариликка ёлловчилар турли аккаунтларни кузатадилар ва диний мавзуларга қизиқиш билдирган интернет фойдаланувчиларини нишонга оладилар.

Кейин фойдаланувчининг постларига фикр-мулоҳаза билдириш орқали улар билан алоқа ўрнатадилар, деди Торобеков.

«Фикр-мулоҳазалар шу тарзда ёзиладики, уларга жавоб бергингиз келади», деди у. «Шу тариқа алоқа ўрнатилади. Аввалига диний мавзулардаги суҳбатларда экстремизмдан асар ҳам бўлмайди. Қизиқиш кучли эканлигини билганларидан кейин, улар сизни ёпиқ гуруҳларга таклиф қиладилар.»

Торобековга кўра, ўз тизимига эга бўлганликлари сабабли бу ёпиқ гуруҳларга кириш мушкул. Пароллар тез-тез ўзгартириб турилади, гуруҳ номи ҳам мунтазам ўзгаради.

«Улар гапни Аллоҳнинг иродасини бажаришингиз кераклигидан бошлайдилар», деб қўшимча қилди у. «Бу ғояларни қўллаб-қувватлашни бошлаганингиздан кейин, улар бу давлатда бундай ғояларга эргашиш имконсиз эканлиги ва ҳаёт учун қулай, диний қонунларга мувофиқ давлатда яшаш кераклини айтадилар.»

«Кейин ёллашни интернетдан ҳаётга кўчирадилар. Бу дегани, учрашувлар, таълим бериш ёки сизни бирдан уруш ҳудудларига юборишлари мумкин», дейди Торобеков.

Одатда 20-35 яшар эркаклар ва эрга тегмаган аёллар нишонга олинади, деди у.

«Ёлғиз аёлларга жуфт топишга ваъда берадилар», деди Торобеков. «Ёлловчилар «салом синглим» деб гап бошлайдилар, кейин эса Аллоҳ учун турмушга чиқиш таклиф қилинади.»

«Иймонли аёллар йўқ дея олишмайди», деб қўшимча қилди у. «Уларга «барча иш Аллоҳ сендан рози бўлиши учун қилинади» дейилади. Нима қилсангиз ҳам Аллоҳнинг розилиги учун қиласиз ва жаннатга тушасиз.»

Танқидий фикрлаш кўникмаларини ривожлантириш

Экстремизмга қарши кураш ва реабилитация масалаларига ихтисослашган Юлия Денисенконинг таъкидлашича, таълим кибер-экстремизмнинг олдини олишда энг қудратли воситадир.

Шунга қарамай, у ҳозирги таълим тизими катталар ва болаларга улар кўрган ва эшитган нарсаларига нисбатан танқидий нуқтаи назарни шакллантиришга имкон бермаслигидан хавотирда.

«Таълим нима учун керак? Фикрлаш учун», дейди «Азия Групп» жамоат фонди директори Денисенко.

«Одам ёлловчини аниқлай олиши, уни алдашга ҳаракат қилаётганликларини тушуниши мумкин, аммо агар таълим тизими ишламаётган бўлса, уни ҳеч қандай диний ўқув курслари қутқариб қололмайди», деб қўшимча қилди у.

Денисенко боғча ёшидаги болаларга танқидий фикрлаш кўникмаларини ўргатишни таклиф қилган.

«Кучли, йўлдан оғишмайдиган соғлом шахсларни тарбиялаш лозим», - деди у. «20 йил ичида бу одам улғайиб, катта ҳаётга қадам қўйганида, террор ташкилотларининг ёлловчилари каби йўлбошчига муҳтож бўлмаслиги керак. Танқидий фикрлаш қобилиятидан кундалик восита сифатида фойдалана оладиган мустақил шахсни тарбиялаш зарур.»

Денисенконинг сўзларига кўра, Европанинг бир қатор давлатлари ва Қўшма Штатларда болалар боғчасидан бошлаб докторантурага бўлган босқичлар учун ана шундай таълим дастурлари аллақачон ишлаб чиқилган.

«Танқидий фикрлашни шакллантириш узоққа чўзиладиган жараён, аммо фикримча, бу экстремизмнинг олдини олиш учун ягона тўғри йўлдир», деди у.

Сизга мақола ёқдими?
0
Йўқ
Фикрлар 0
Сиёсат
Captcha