Карвонсарой
Хавфсизлик

Ўзбек ҳукумати интернетдаги радикаллашувга қарши курашмоқда

Рустам Темиров

АҚШ қўлловидаги Сурия демократик кучлари (СДК) мамлакат шимолидаги курдлар назоратида бўлган Қамишли шаҳрида қўлтиқтаёқ тутган болакайни кузатиб бормоқдалар. 2019 йилнинг 29 май куни ватанига қайтариладиган «Ислом давлати»га (ИД) алоқадор ўзбек аёллари ва болалар Ўзбекистон вакилларига топширилган. [Делил Сулаймон/AFP]

АҚШ қўлловидаги Сурия демократик кучлари (СДК) мамлакат шимолидаги курдлар назоратида бўлган Қамишли шаҳрида қўлтиқтаёқ тутган болакайни кузатиб бормоқдалар. 2019 йилнинг 29 май куни ватанига қайтариладиган «Ислом давлати»га (ИД) алоқадор ўзбек аёллари ва болалар Ўзбекистон вакилларига топширилган. [Делил Сулаймон/AFP]

ТОШКЕНТ – Афғонистонда Толибон ҳаракатининг иқтидорга келгани бутун минтақадаги исёнчи унсурларни руҳлантирган деб ишонилар экан, Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари экстремизм даъватчиларига қарши қатъий чоралар кўрмоқда.

Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) маълумотларига кўра, сентябр ойининг ўзида куч тузилмалари Ўзбекистонда экстремистик ташвиқот билан шуғулланишда айбланган 70 га яқин гумондорни ҳибсга олган.

22 сентябр куни Тошкент вилоятининг Нурафшон, Оҳангарон ва Чиноз туманларида ўтказилган операция давомида ҳуқуқ -тартибот идоралари яширин радикал фаолиятда иштирок этишда гумонланган 27 фуқарони қўлга олди, дейилади Тошкент вилояти ИИБ хабарида.

10 сентябр куни ички ишлар ходимлари Тошкентда 29 аёлни ҳибсга олиб, уларга Ўзбекистонда тақиқланган «Ҳизб ут-Таҳрир» террорчи ташкилотининг ташвиқоти билан шуғулланиш айбловини қўйган.

17 август куни Сурхандарё вилоятининг Термиз туманида ўзбек-афғон чегарасини қўриқлаётган ўзбек аскари. [Аброр Қурбонмуродов]

17 август куни Сурхандарё вилоятининг Термиз туманида ўзбек-афғон чегарасини қўриқлаётган ўзбек аскари. [Аброр Қурбонмуродов]

ИИВ Тошкентнинг бир неча туманларида яшовчи бу аёллларни Ҳизб ут-Таҳрирнинг «Аёллар қаноти» аъзоси деб таърифлаган.

Уларнинг бари ҳукуматга қарши чақириқлар ва экстремистик ташкилотларга аъзолик учун қидирувда бўлган Ҳизб ут-Таҳрир аъзолари Л.Умарова ва М.Саидаминова билан интернет орқали мулоқотда бўлган, дейди ИИВ.

Бу икки аёл янги сафдошларга жамоатчилик орасида «Ҳизб ут-Таҳрир» ғояларини оммалаштириш ва ўзбекларни бу ташкилотга аъзо бўлишга чақириш буйруғини бергани айтилади.

Куч тузилмаларининг иддаосича, аёлларнинг уяли телефонларидан ижтимоий тармоқлар орқали тарқалган экстремистик мазмундаги материаллар топилган.

Шунингдек, 17 сентябр куни Тошкентда Ҳизб ут-Таҳрир тарафдорлари деб гумон қилинган яна 12 киши ҳибсга олинди, деб хабар беради Uznews.uz Тошкент шаҳар ИИББга таяниб.

12 гумонланувчидан бири, исм-шарифи ошкор қилинмаган 41 яшар тошкентлик шахс интернетда Маҳмуд Абдулмўмин лақаби билан танилган ҳизбий Маҳмуджон Холдоров билан ишлагани айтилмоқда.

Ҳизб ут-Таҳрирга мансубликда гумон қилинаётган 12 киши гуруҳ сафига янги аъзоларни жалб қилиш, шунингдек, интернетда Ўзбекистонда «халифалик» тузиш тарғиботи билан шуғулланган, дейилади милиция баёнотида.

Радикаллашув ва ёллашнинг олдини олиш

15 август куни Афғонистонда Толибон ҳокимият тепасига келгач, ҳукумат тарафидан Ўзбекистонда экстремизмга ёллаш фаолиятининг кучайгани кузатилмоқда.

Ўзбекистоннинг Афғонистон билан чегарадош эканлиги ва Ўзбекистон ислом ҳаракати террорчилик гуруҳи сабабли ҳуқуқ-тартибот идоралари экстремизм белгиларига жуда сезгир.

Ҳизб ут-Таҳрир фаолияти беш йил олдин Ўзбекистон Олий суди тарафидан бутун мамлакат бўйлаб тақиқлаган бўлса-да, гуруҳ ёллаш ишларини давом эттирмоқда.

Ёлловчилар, айниқса, ижтимоий тармоқларда фаол бўлган ўзбекистонлик ёшларни нишонга оладилар.

Улар ёш интернет фойдаланувчиларини шариат қонунларига асосланган ҳаётни қўллаб-қувватлашга чақирадилар, чунки замонавий дунёда ҳеч бир тузум «халифалик»дан кўра адолатлироқ тузумни таклиф қила олмайди.

«Радикаллашув, шубҳасиз, ёллаш фаолиятининг асоси бўлиб, у интернет ва ижтимоий тармоқларда юз бермоқда», дейди Минтақавий таҳдидларни ўрганиш маркази директори, тошкентлик Виктор Михайлов.

«Албатта, ҳукумат тарафидан блокланадиган ресурслар бор, лекин уларга киришга имкон берадиган дастурлар ҳам йўқ эмас», деди у. «Ёлловчилар нафақат YouTube, Facebook, Instagram ва Телеграмдан, балки Zoom иловасидан ҳам фаол фойдаланадилар.»

Унинг сўзларига кўра, ёлловчилар Интернетда ёшларни нишонга олишдан ташқари, масжидларда ва бошқа шароитларда ҳам юзма-юз ишонтириш усулларини қўллаши мумкин. Улар Қуръон оятлари маъносини бузиб, уларни Сурия ва Афғонистондаги раҳнамолари тушунчасига мослаб талқин қиладилар.

Экстремизмга ёлловчи радикаллашмаган одамга таъсир ўтказа олмайди, дейди Михайлов. Шунинг учун ёлловчиларнинг асосий мақсади ёшларни радикаллаштиришдир.

Таълим орқали экстремизмга қарши кураш

Радикализмга қарши кураш саъй-ҳаракатлари «Ислом давлати» (ИД) гуллаб-яшнаётган пайтда бир неча минг ўзбек барча нарсани хавф остига қўйиб, Сурия ва Ироқдаги урушларга қўшилганидан кейин бошланган.

«Яқин Шарқдаги уруш ҳудудларида 3 мингга яқин Ўзбекистон фуқароси бор», деган эди 2019 йилнинг июнида марҳум ўзбек муфтийси Усмонхон Алимов.

2015 йилдан 2021 йилга қадам икки мингдан кўпроқ Ўзбекистон фуқароси ИД сафига қўшилди, деди Михайлов. Ҳозирда Сурия ва Афғонистонда 500 га яқин ўзбекистонлик қолмоқда.

«Афсуски, ўзбек тилида мавъиза қиладиган радикал қарашдаги «имомлар» ёшлар орасида анча машҳур.

«Кўриб турибмизки, Телеграмдаги ёпиқ каналларда ёшларнинг мунозараларга, баҳсларга ва фикр алмашишга қизиқиши катта».

«Давлат ҳам бу соҳада жуда кўп ишларни амалга оширмоқда», деди у.

Таълим, шу жумладан диний таълим ҳам муҳим аҳамиятга эга.

«Фитра нима, жиҳод нима эканлигини тўғри тушунтира оладиган, Қуръоннинг таянч оятлари ёки Пайғамбар (с.а.в) ҳадисларини шарҳлай оладиган имомларнинг ёрдами зарур», деди Михайлов.

Ёшларда ўз-ўзини ҳимоя қилиш инстинктини тарбиялаш ва танқидий фикрлаш орқали радикализмга қарши иммунитетни ривожлантириш ҳам муҳим, деди у. Воқеликни фарқлай билиш ва ҳуқуқий билимларини ошириш керак.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500