БИШКЕК – Марказий Осиё ҳукуматлари эҳтимолий террор таҳдидлари ва Афғонистон шимолидан чиқувчи «уйқудаги» гуруҳларнинг қайта жонланишига тайёр туриши керак, дейди минтақадаги хавфсизлик бўйича мутахассислар.
Ўтган ойда Қирғизистон ташқи ишлар вазири Руслан Казакбаев Марказий Осиёда уйқудаги гуруҳлар бўлиши мумкинлигини тан олган эди.
«Марказий Осиё давлатларида «Ал-Қоида», «Ислом давлати» (ИД) ва ўз мафкурасини ёйинлашдан манфаатдор бошқа халқаро террорчи гуруҳларнинг уйқудаги ячейкалари бўлиши мумкинлиги тан оламан», деб айтган Казакбаев 23 август куни РИА Новости мухбири билан суҳбатда.
Қирғизистон хавфсизликни таъминлаш мақсадида «бошқа Марказий Осиё давлатлари ҳам икки томонлама, ҳам минтақавий ташкилотлар доирасида улар каби чоралар кўрмоқда», деб қўшимча қилди у.
Марказий Осиёдаги «ухлаб ётган» ячейкалар Афғонистондаги вазият туфайли фаоллашиши мумкин, дейди диний хавфсизлик масалаларига ихтисослашган эксперт, бишкеклик Иқболжон Мирсаитов.
«2010 йилда, араб баҳори энди-энди бошланаётганида, барчамиз бу воқеалар бизга таъсир қилмайди, улар фақат Яқин Шарққа тегишли, деб ўйладик», дейди Мирсаитов. «Кейинроқ, 2013-2014 йилларда эса Сурия ва Ироқда жанг қилиш истагидаги хайрихоҳлар оқими пайдо бўлганини кўрдик.»
Бу реал таҳдид бўлиб, Марказий Осиё давлатлари жавоб чоралар кўриши ва «аниқ режалар ишлаб чиқиши» керак, деди у.
«Энг аввало мафкуравий қарши кураш чоралари ҳақида ўйлаш керак», деди у Қирғизистоннинг «бу муаммолар ва таҳдидларга қарши туриши» учун шундай дастурларни қайта тиклашни таклиф қилиб.
«Биз «Ал-Қоида», Ўзбекистон ислом ҳаракати (ЎИҲ), шарқий Туркистон исломий ҳаракати (ШТИҲ) ва «Жамоат Ансоруллоҳ» каби экстремистик ва террорчилик ҳаракатлари мавжудлигини унутмаслигимиз керак», дейди терроризмга қарши кураш бўйича қирғизистонлик мутахассис Юлия Денисенко.
Толибон ҳокимиятни эгаллаганидан сўнг, ушбу ноқонуний гуруҳлар «катта эҳтимол билан Афғонистон шимолида, Марказий Осиё билан чегарада тўпланади», деди у Карвонсарой билан суҳбатда.
«Энг катта хавф бутун минтақа бўйлаб тўлқин каби тарқалувчи радикаллашувдир», деди у.
Айрим манбаларга кўра, Сурия жамлоқлари ва Ироқ қамоқхоналаридаги бир қанча Марказий Осиё ва россиялик фуқаролар ўз ватанига қайтиш фикрини ўзгартиргани хавотирга сабаб бўлмоқда, деди Денисенко.
«Улар ватанга қайтиш ўрнига ўз маслакдошлари қаторида бўлиш учун Афғонистонга кўчиб ўтиш имкониятини кутишга қарор қилишган», деди у.
Марказий Осиёдаги хавфсизлик
Экстремизм ва терроризм бўйича тожикистонлик эксперт Рустам Азизийнинг фикрича, Афғонистондаги вазият билан боғлиқ бир нечта эҳтимолий сценарий бор.
Марказий Осиёликлар, асосан тожик ва ўзбек фуқаролари олдин мамлакат шимолидаги этник тожик ва ўзбеклардан иборат радикал гуруҳлар сафига қўшилиш учун Афғонистонга боришган.
«Ўтган йилларда мамлакатларимиз чегарачилари аксар ҳолларда уларни тўхтатар эди, лекин айланма йўллар орқали чегарани кесиб ўтиш ҳолатлари ҳам учраб турарди», деди у.
Афғонистон Толибон назоратида бўлгани учун «ҳаммаси Толибоннинг Афғонистон шимолидаги ЎИҲ ва Жамоат Ансоруллоҳ каби майда радикал гуруҳлар билан қанчалик ҳамкорлик қилиши ёки ишлашига боғлиқ бўлади», дейди у.
Агар Толибон бу гуруҳларни сафга қўшиб, уларга Афғонистон шимолида ўз фаолиятини олиб боришга рухсат берса, бу тўдалар «чегарада фаоллашиши», провокацион ёки жангариликка ёллаш амалиёти билан шуғулланиши мумкин, деди у.
Бошқа бир сценарийда, дейди Азизий, бу гуруҳлар Толибонга байъат қилмайди ва толиблар «уларни шимол томонга, Тожикистон чегарасига яқинига сиқиб чиқаради – бу ҳам воқеаларнинг некбин ривожи эмас».
Ҳар қандай ҳолатда ҳам, Ўзбекистон ва Тожикистонда Афғонистон билан алоқада бўлган муайян уйқудаги ячейкалар бор, деди у, агар улардан бирортаси фаоллашадиган бўлса, Марказий Осиёдаги куч тузилмалари жиддий муаммо билан тўқнаш келадилар.
Маҳаллий кучларнинг Афғонистон шимолидаги толибларга қаршилик кўрсатиши Марказий Осиё хавфсизлиги нуқтаи назаридан идеал сценарий бўлар эди, чунки бундай кучлар буферга айланади, дейди Азизий.
«Воқеаларнинг бундай ривожини тахмин қилиш учун ҳам барча асослар бор, катта эҳтимол билан Толибон яқин орада ички ихтилофларга дуч келиши мумкин.»
«Бу ҳолатда шимолдаги қаршилик кучайиши мумкин. У аллақачон Панжшер водийсидан ташқарига чиқмоқда ва ўзига хос «Шимолий альянс-2» юзага келиши мумкин, деди у 1996-2001 йилларда Толибоннинг илк ҳукмронлик даврида таслим бўлган Афғонистондаги аксил-Толибон кучларни назарда тутиб.