Карвонсарой
Терроризм

Қамоққа олинган собиқ ИД аъзолари радикаллашувга оид мудҳиш ҳикояларини сўзлаб бердилар

Ксения Бондал

image

ҚМДИ суратга олган видеолавҳа кадрлари: ҳозирда Қозоғистон қамоқхонасида жазо муддатини ўтаётган собиқ «Ислом давлати» (ИД) жангариси Алмаз Аширов.

ОЛМАОТА – Қозоғистон мусулмонлари диний идораси (ҚМДИ) Суриядаги «Ислом давлати» (ИД) сафига қўшилган ва кейинчалик судланган шахслар билан ўтказилган туркум видеосуҳбатларни намойиш этмоқда.

Бу – Қозоғистонда экстремизмнинг олдини олишга қаратилган ташаббуснинг бир қисми.

25 август куни Kazislam.kz сайтига жойланган суҳбатларда қамоққа олинган собиқ жангарилар қандай қилиб Суриядаги жанг майдонларига бориб қолганликлари, ўзлари ва оила аъзоларининг ҳаётини аранг сақлаб қолишгани ва ҳозирда қамоқ муддатини ўтаётган Қозоғистонга қайтиб келганликларини сўзлаб берганлар.

2019 йилда коалиция бомба ҳужумлари туфайли ИД Суриядаги сўнгги ҳудудларини бой бераётган бир вақтда, Қозоғистон 2021 йилгача давом этган «Жусан» (Аччиқ шувоқ) операцияси доирасида бир нечта рейсларни амалга оширган. Икки йил давом этган операцияда 700 дан ортиқ қозоғистонлик Суриядан ватанига қайтган.

image

ҚМДИ суратга олган видеолавҳа кадрларида «Ислом давлати»нинг (ИД) «элита» жангарисининг беваси, айни дамда қамоқ жазосини ўтаётган Жазира Асанова акс этган.

image

ҚМДИ суратга олган видеолавҳа кадрларида Жазира Асанова жазо муддатини ўтаётган Шимолий Қозоғистон вилоятидаги қамоқхона.

ИД жанг майдонларидан оғир меҳнатгача

Алмаз Аширов 2013 йилда ИД таъсирига тушиб қолиб, Сурияга бориб урушишга аҳд қилади.

Тиш шифокоридек яхши касб эгаси бўлишига қарамай ажрашган, ўғлини бир ўзи тарбия қилаётган Аширов террорчилар ташвиқотига ишониб қолади.

У ишидан бўшаб, ўғлини қариндошларига ташлаб кетади.

«ИД ёлловчилари Сурияда «жиҳод» бўлаётгани ва биз мусулмонларга ёрдам беришимиз кераклигини даъво қилишган эди. Улар «Дунё мусулмонлари қаерда? Нимага бизларни қутқариш учун келмаяпсизлар?» деб турган қариялар, аёллар ва ёш болаларнинг видеоларини жойлаштиришган эди.»

Биз ўз ҳаракатларимиз учун қиёматда жавоб беришимизни айтган эдилар, дейди Аширов.

У Сурияга етиб бориши билан ҳаракатлари ҳеч кимга ёрдам бермаётганини тушуниб етган. Аммо шунда ҳам қуролини ташламаган.

«Биз тинч аҳоли, рус ва америка аскарларига қарши курашдик», деб эслайди у. «Сиёсат шунақа эди.»

Аширов жангарилар сафида анча юқори кўтарилган ва қандайдир сабабдан ИД қўмондонлари уни сотқин деб атамаганида кетмаган ҳам бўларди.

«Етакчилардан «ҳамма кофирлар жазоланиши керак» деган хабар келди. Ўшанда жуда катта фитналар юз берди. Одамнинг ҳаёти битта ўқдан ҳам арзон эди», дейди Аширов.

Аширов ўша ерда қурган оиласи – аёли ва тўрт фарзанди билан Суриядан қочади.

Оммавий ватанга қайтариш бўйича «Жусан» операцияси бошланишидан бир йил аввал, 2018 йил январ ойида у ва унинг оиласи Қозоғистонга етиб келган. Террорчилик фаолиятини олиб боргани учун унга 15 йиллик оғир меҳнатни бажариш жазоси тайинланган.

Ҳатто ҳозир ҳам у нима учун жанг қилганини аниқ тушуниб етмайди ва буни «аҳмоқлик» деб айтади.

У озодликка чиққанидан кейин ўз фарзандларини муносиб тарбиялаш ниятида.

«Элита» жангарисининг беваси

2019 йилнинг декабр ойида Жусан операцияси орқали Қозоғистонга қайтган Жазира Асановага террорчилик фаолиятидаги иштироки учун саккиз йил қамоқ жазоси белгиланган.

Унинг сўзларига кўра, камерадошлари уни четлатиб қўйишган.

«Мен 2010 йилдан намоз ўқишни бошлаганман, бир йил ўтиб эрга тегдим. Ягна бир йилдан кейин эса у араб тилини ўрганиш учун Мисрга боришни таклиф қилди», дейди Асанова.

Аммо, расмий тил мактабларида таълим олиш ўрнига улар мамлакатдаги ноқонуний марказларда араб тилини ўрганишни бошлашган ва сохта шайхларнинг таъсирига тушиб қолишган.

Кунларнинг бирида, эри унга Суриядаги «мусулмон биродарларга» ёрдам беришга кетаётганини айтади. Орадан тўрт ой ўтиб Асанова унинг орқасидан жўнаб кетади ва 2013 йилда Сурияда фуқаровий уруш авжига чиққан вақт жангарилар лагерига етиб боради.

Араб тилини билиши туфайли Асанованинг эри ИД қўмондонларининг ишончли одамига ва «элита» жанговар бўлинмасининг аъзосига айланади.

Аммо у ҳаво зарбаси туфайли ҳалок бўлади.

«Эримнинг ўлимидан бир оз аввал мен уйга кетгим келаётганини айтганман, аммо у қаршилик қилган», дейди Асанова.

Эри ҳалок бўлганидан кейин Асанованинг борар жойи қолмаган эди. Очликда болалари билан бирга юрт кезишди. Охир-оқибат, у ва яна бошқа аёллар Курдлар лагерига қочди, у ердан болалари билан ватанига қайтарилди.

«Мен ҳозир аниқ айтаман, Сурияда дин бўлмаган. Уруш бўлган ерда жаннат бўлмайди. Болаларимдан ажраб қамоққа тушишимга ўзим айбдорман», дейди у.

Қамоқларда радикалларни «қайта дастурлаш»

Дерадикализация жараёнини олиб бориш озодликдан кўра қамоқда самаралироқ, чунки маҳбуслар реабилитацияга муҳтож, дейди экстремизмнинг олдини олиш бўйича олмаоталик мутахассис Асилбек Избаиров.

«Аммо, кўп нарса уларнинг ички эътиқодига боғлиқ», дейди Избаиров Карвонсарой нашрига. «Агар диндор одам нотўғри мафкурани танлаганидан пушаймон бўлса, қамоқхона у қайта тарбияланиши мумкин бўлган жой.»

«Агар у жазо адолатсиз деб ишонса, унинг ғазаби ортади ва экстремизмга мойиллиги кучаяди», деб қўшимча қилди у.

Қамоқхона маъмурлари экстремистларга нисбатан назар-писандсиз муомалада бўлмасликлари керак, бу уларнинг реабилитациясини мураккаблаштиради, деди у судланган экстремистлар оддий жиноятчига айланиб қолиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириб.

Қамоқхона ташқарисидаги дунёда ҳам диндор мусулмонлар радикализмга учраши мумкин, чунки улар ўз ибодатларида ҳиссий илҳом етишмовчилигини сезадилар, дейди собиқ экстремистлар билан ишлаш ва уларни реабилитация қилиш билан шуғулланадиган «Akniyet» нодавлат ташкилотининг Кўкчатовдаги идораси раҳбари Рустам Садуев.

ИД ва бошқа бузғунчи ҳаракатлар уларга орзу қилган нарсаларини таклиф қилади, деди у Карвонсаройга.

Бироқ, Садуевнинг айтишича, Арин-Ҳожи масжидида ишлайдиган олмаоталик имом Ерлан Акатаевнинг ваъзлари собиқ радикаллар эътиборини торта бошлаган.

«Харизматик» Акатаев «ақидавий ва фиқҳий масалалар эмас, балки руҳий тарбияга асосий эътиборни қаратади», деди Садуев.

«У мусулмонларни руҳлантиради», деди Садуев. «Радикал қарашларнинг собиқ тарафдорлари унинг маърузаларини тингламоқдалар. Шу йўсинда улар анъанавий даъватчиларга қулоқ тута бошлаганлар.»

Қозоғистонда ҳали ҳам экстремистлар хавфи борми?

Қозоғистонда экстремистларни ёллаш хавфи қанчалик катта экани борасида Садуев ва Избаировнинг фикрлари турлича.

Садуевга кўра, Сурияда ИД заифлашган вақтда Қозоғистонда ҳам ёллаш камайган.

Унга кўра, айни дамда экстремистларни юзма-юз ва интернет орқали ёллаш деярли сезилмайди.

«Мусулмонларнинг маънавий ва ахлоқий қадриятларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш керак», дейди у хутбалар учун мосроқ мавзуларга ишора қилиб.

Аммо, Избаиров ёшларни ёллашнинг хавфига жуда жиддий қарайди.

Унинг сўзларига кўра, аввал ИД издошларини диндор мусулмонлардан ажратиш осон бўлган.

Энди эса, исёнчи бўлмаган ва Афғонистонни бошқараётган Толибонлар Марказий Осиё мамлакатлари расмий муфтиятлари билан бир даражада туришибди, дейди у.

Улар Марказий Осиё мамлакатлари билан биргаликда Ҳанафий мазҳаби ва Мотрудий ақидасида, дейди у.

Шу тариқа «янги таҳдидлар» пайдо бўлмоқда, дейди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500