Карвонсарой
Хавфсизлик

Марказий Осиё давлатлари Толибоннинг чегарадаги фаоллашувига жавобан хавфсизликни кучайтирмоқда

Жумагули Аннаев

24 июн куни ҳарбий машқлар ўтказаётган ўзбек аскарлари. [Ўзбекистон мудофаа вазирлиги]

24 июн куни ҳарбий машқлар ўтказаётган ўзбек аскарлари. [Ўзбекистон мудофаа вазирлиги]

АШХОБОД – Афғонистоннинг Марказий Осиёдаги қўшнилари Толибоннинг хатти-ҳаракатларини диққат билан кузатиб бормоқдалар – халқаро кучлар мамлакатдан чиқиб кетаётган бир пайтда жангари гуруҳ ўз ҳужумларини жадаллаштирган.

Толибон ҳатти-ҳаракатлари нафақат кутилмаган, балки 2020 йил февралда имзоланган тинчлик шартномасидаги мажбуриятларга хилоф бўлиб чиқди. Улар афғон кучларига қарши жанг қилишда давом этиб, террорчи гуруҳлар, хусусан «Ал-Қоида» билан алоқаларни сақлаб қолишган, дейилади хабарда.

Сўнгги ҳафталарда Толибонлар ҳужуми Афғонистоннинг Марказий Осиёдаги уч қўшниси: Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон чегараларига қадар етиб борган.

22 июн куни толиблар Афғонистоннинг Тожикистон билан асосий чегара ҳудуди бўлган Қундуз вилоятидаги Шерхон Бандар қишлоғини ишғол қилганлар, деб хабар берди AFP.

Афғонистон хавфсизлик кучларини Толибонга қарши курашда қўллаб-қувватлаш учун қўлига қурол олиб тўпланаётган оддий фуқаролар, 23 июн, Ҳирот вилоятининг Гузара тумани. [Хошанг Ҳошимий/AFP]

Афғонистон хавфсизлик кучларини Толибонга қарши курашда қўллаб-қувватлаш учун қўлига қурол олиб тўпланаётган оддий фуқаролар, 23 июн, Ҳирот вилоятининг Гузара тумани. [Хошанг Ҳошимий/AFP]

3 июн куни олинган сурат: Ғазни вилоятининг Андор туманидаги бозор яқинида мотоцикллар билан турган Толибон жангарилари. [Вакил Коҳсар/AFP]

3 июн куни олинган сурат: Ғазни вилоятининг Андор туманидаги бозор яқинида мотоцикллар билан турган Толибон жангарилари. [Вакил Коҳсар/AFP]

Толибон жангарилари 25 июн куни Қарамкўл ва Ғурмач аҳоли пунктларини ўз назоратига олди ва Туркманистон билан чегарадан 32 км узоқликда жойлашган Фарёб вилоятидаги Андхой стратегик шаҳрини қисқа вақт ушлаб турди. Бу ҳақда Озод Европа/Озодлик радиосининг туркман хизмати хабар қилган.

Афғонистон қуролли кучлари Толибонни Андхойдан қувиб чиқарди, деди Фарёб вилояти полицияси вакили Абдул Карим Ёреш Озодликнинг туркман хизматига.

Толибон кучлари яқинда Балх вилоятининг Ўзбекистон ва Тожикистон билан чегарадош Калдар ва Шўртепа туманларига ҳужум қилган, деб қўшимча қилади Озодлик.

Афғонистон бўйлаб содир этилган шу ва бошқа ҳужумлар ортидан 29 июн куни АҚШ ҳарбийлари толиблар ҳужумни тўхтатмаса, ҳаводан ўққа тутилиши ҳақидаги огоҳлантириш билан чиққан.

Чегаралар назорати

Туркманистонлик журналист ва сиёсатшунос Довлет Мирадовга кўра, Ашхобод ўз чегаралари ва Афғонистондаги сармоявий лойиҳаларини ҳимоя қилиш чораларини кўра бошлаган.

«Афғонистон шимолидаги экстремистик гуруҳлар жангарилари ўтмишда бошқа давлат чегараларини ҳам, суверенитетини ҳам тан олмасликларини бир неча бор такрорлаганлар», деди у.

«Туркманистон билан чегарадош туманларда юз берган сўнгги воқеалар Туркманистондаги хавотирларни кучайтирди», деб қўшимча қилди у.

«Толибонга нисбатан ишончсизлик ва хавотирлар ҳар доим бўлади», дейди у.

23 июн куни Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Афғонистон чегарасидан 60 км узоқликда жойлашган Керки шаҳридаги халқаро аэропортнинг очилиш маросимида иштирок этган.

Маросим давомида у Туркманистон ҳаво кучларининг сўнгги хариди – Италияда ишлаб чиқарилган Alenia C-27J NG Spartan ҳарбий-транспорт самолётини кўздан кечирган.

Самолёт «қўшинларни туркман-афғон чегарасининг бир қисмидан бошқасига тезкор кўчиришга мўлжалланган», деди Мирадов мамлакат ҳарбий ҳаво кучлари ихтиёрида учта шундай самолёт борлигини қўшимча қилиб.

Шунингдек, Ўзбекистон ҳам ўзининг жанговар шайлигини кучайтирмоқда, деб хабар берди АКИпресс 25 июн куни.

Ўзбекистон мудофаа вазирлиги кутилмаганда Тошкент ва Жануби-ғарбий ҳарбий округларида жанговар шайлик синовини ўтказган, деб хабар беради АКИпресс.

АКИпресс хабарига кўра, тажриба алмашинуви ва ҳарбий қисмлар фаолиятини мувофиқлаштиришга қаратилган тактик машғулотлар Афғонистон билан чегарадаги Ангрен ва Термиз полигонларида ҳам бўлиб ўтди.

Ҳарбий таҳлилчилар толибларнинг бостириб кириш эҳтимолини истисно қилган бўлса-да, гуманитар инқироз эҳтимоли сақланиб қолмоқда.

«Толибонларнинг аксари саводсиз ва мутаассиб бўлса-да, Туркманистоннинг ерлари ва бойликларига тажовуз қилишга журъат этолмайди, чунки улар бу каби уринишларнинг мамлакатимиз қуролли кучлари томонидан қатъиян бартараф этилишини билади», дейди Туркманистон Давлат чегара хизматининг ўз фамилиясини ошкор қилишни истамаган ходими Розигелди.

«Биз Афғонистондан (асосан этник туркманлардан иборат) кўп қочқинлар келишини кутмаяпмиз, аммо толиблар қасос олиши мумкин бўлган афғон чегарачилари ва полициячилар бизнинг ҳудудимиздан хавфсиз бошпана излаши мумкин», деди у.

Розигелди толибларга қарши курашаётган маҳаллий афғон сафарбарлик кучлари таъсирини алоҳида таъкидлади.

«Жузжон вилоятидаги афғонистонлик туркманлар яшайдиган айрим ҳудудлар аҳолиси ўз [сафарбарлик] кучлари ёрдамида ҳозирча вазиятни назорат қилиб турибди», деди у Туркманистон давлат чегара хизматининг разведка маълумотларига асосланиб.

«Ҳарбий ечим йўқ»

Жанговар шайликка қарамай, Марказий Осиё раҳбарлари чегарада жанговар ҳаракатлар олиб борилишига қарши.

Афғонистон можаросини ҳарбий йўл билан ҳал қилиб бўлмайди, дейди Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов. У толиблар афғон ҳукумати билан музокаралар столига ўтириши кераклигини яна бир бор таъкидлаган.

«Бу ерда, минтақада қарашлар турлича... афғон инқирозининг ҳарбий ечими йўқлигини англаб етишимиз керак», деди у «Бу Америка ва дунё» телелойиҳасидаги Деннис Уоли билан суҳбатида.

«Афғонистондаги тинчлик жараёни масаласида минтақавий ва халқаро миқёсдаги умумий ёндашув зарур», деб айтган Комилов 24 июн куни YouTube тармоғига жойланган суҳбатда.

Бу орада Тожикистон президенти Имомали Раҳмон 23 июн куни телефон орқали қозоғистонлик ва ўзбекистонлик ҳамкасблари билан Афғонистоннинг шимолий вилоятларида юз берган сўнгги воқеаларни муҳокама қилди, деб хабар беради «АЗИЯ-Плюс» 24 июн куни Раҳмоннинг расмий сайтига таяниб.

Афғонистондаги вазият тангликни кучайтириб, минтақавий хавфсизликка путур етказади, деб қайд этганлар Раҳмон ва Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев.

Улар ўз мамлакатларининг тегишли идоралари ўртасида мувофиқлаштириш чораларини давом эттириш ва Афғонистон ичидаги тинчлик жараёнига ҳар томонлама кўмаклашиш зарурлигини таъкидладилар.

Шу куннинг ўзида Раҳмон Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан Афғонистондаги ҳарбий-сиёсий вазиятни муҳокама қилди.

Улар Афғонистон ичидаги тинчлик жараёнини қўллаб-қувватлаш ҳамда мамлакатда тинчлик ва барқарорлик ўрнатишга оид саъй-ҳаракатларни давом эттиришга келишиб олдилар.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500