Карвонсарой
Терроризм

Ўзбекистон «Ҳизб ут-Таҳрир» аъзоларини таъқиб қилишни кучайтирди

Рустам Темиров

«Ҳизб ут-Таҳрир»га (ҲТ) алоқадорликда гумон қилиниб ҳибсга олинган саккиз нафар шахснинг сурати, 27 июл. [Ўзбекистон ИИВ]

«Ҳизб ут-Таҳрир»га (ҲТ) алоқадорликда гумон қилиниб ҳибсга олинган саккиз нафар шахснинг сурати, 27 июл. [Ўзбекистон ИИВ]

ТОШКЕНТ – Ўзбекистон ҳукумати 2016 йилда Ўзбекистон Олий суди томонидан тақиқланган ва сўнгги ойларда яна фаоллашаётган «Ҳизб ут-Таҳрир» (ҲТ) аъзоларига нисбатан кескин чоралар кўрмоқда.

Бутун дунёда «халифалик» ўрнатиш чақириқлари туфайли ҲТ Ўзбекистондан ташқари бошқа бир қатор давлатлар – Россия, Германия, Туркия, Покистон, Тожикистон ва кўпчилик араб мамлакатларида таъқиқланган.

Ўзбек оммавий ахборот воситаларида ХТ аъзоларининг ҳибсга олинганига оид хабарлар, шунингдек, ҲТ мафкуравий етакчиси Маҳмуджон Холдаровнинг (Маҳмуд Абдулмўмин номи билан ҳам танилган) тилга олиниши билан боғлиқ ҳолатлар сўнгги ойларда кўпайган.

Яқинда юз берган ҳодисада ҳукумат Ўзбекистоннинг бешта вилоятида фаолият юритган Холдаров тарафдорларидан бир гуруҳини фош этди, дейилади ИИВнинг 27 июл куни эълон қилинган баёнотида.

14 январ – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Тошкентда аксилтеррор бўлинмаларнинг жанговар шайлиги намойиш этилди. [Замира Болтаева]

14 январ – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Тошкентда аксилтеррор бўлинмаларнинг жанговар шайлиги намойиш этилди. [Замира Болтаева]

Ҳибсга олинган саккиз нафар эркак 22 ёшдан 51 ёшгача бўлиб, улар «Ғарибликдан азизлик сари» виртуал гуруҳининг аъзолари бўлишган. Вазирликка кўра, мазкур ҳолатлар бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Асли қирғизистонлик Холдаров 2020 йилда Телеграм хабар алмашиш иловасида «Ғарибликдан азизлик сари» каналини очган. Шунингдек, у 2019 ва 2020 йилларда YouTube тармоғида турли каналларни ишга туширган.

Холдаров ўзининг оммавий саҳифаларида мавъизалар қилиб, Ўзбекистон ҳукуматининг диний сиёсатини танқид қилган.

Ўзбекистон хавфсизлик хизматларининг иддаосича, у «Ўзбекистонда сиёсий инқилоблар ва оммавий норозилик намойишлари уюштиришга тарғиб қилган».

ИИВга кўра, ҳозирда Холдаров Полшада яшириниб келмоқда.

«У Қирғизистоннинг Беловодск шаҳрида қамоқ жазосини ўтагач, 2006 йилда мамлакатни тарк этган», дейди Карвонсарой нашрига исмини ошкор қилмаслик шарти билан гапирган бишкеклик таҳлилчи Холдаровнинг экстремизмда айбланиб, бир йиллик қамоқ жазосини ўтаганига ишора қилиб.

«Ҳозирда Холдаров Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистондаги ҲТ тармоғини бошқаради», дейди таҳлилчи.

Холдаров интернетнинг ташвиқот ёйинлашдаги салоҳиятини биринчилардан бўлиб тушуниб етган экстремистлардан ҳисобланади.

«У ерда ҳеч қандай ислом йўқ», дейди бишкеклик таҳлилчи Холдаровнинг YouTube тармоғидаги каналларидан бири бўлган «Ечим исломда» канали ҳақида гапириб. «Буларнинг барчаси очиқ ташвиқотдан бошқа нарса эмас. Бундан ташқари, унинг Телеграм ва Ватсапда ҳам бир нечта каналлари бор».

«Унинг бошқа бир қирғизистонлик – Сурияда жанг қилаётган террорчи ташкилот қўмондони Абу Салоҳ билан бевосита алоқаси бор», дейди у.

Икки гуруҳ ҳибсга олинган

Аввалроқ ИИВ 5 июл куни пойтахтда Холдаров тарафдорларининг иккинчи гуруҳи – тошкентлик ёшлар ҳибсга олинганини эълон қилган эди.

Ҳибсга олинганлардан бири (исми ошкор қилинмаган) 10 дан ортиқ дўстлари, танишлари ва курсдошларини Телеграмдаги «Чойхона» ва «Иймонлашайлик» виртуал гуруҳларига жалб қилган, деб хабар қилади ИИВ.

Гуруҳ аъзолари экстремистик мазмундаги ва ҲТ фаолиятини тарғиб қилувчи аудио, видео ва бошқа материалларни тарқатганлар.

«ҲТнинг мафкуравий раҳнамолари 187 моддадан иборат «халифалик конституциясини ишлаб чиққан. Улар фаолиятининг жадаллашуви қисман... бутун дунёда, айниқса, Яқин Шарқдаги гуруҳларнинг фаоллашуви билан боғлиқ», дейди ўзбекистонлик тарихчи олим Равшан Назаров Карвонсаройга.

Ўзбек халқи орасида ислом таъсири тобора кучайиб бормоқда, дейди Канадада яшовчи ўзбекистонлик блогер Улуғбек Ҳайдаров.

Дунёвий қадриятлар илгари сураётган ҳукумат фаоллар ва даъватчиларга мағлуб бўлмоқда. Ҳеч ким уларга қарши чиқишга ботина олмайди, диндор ўзбеклар эса худосизликни қоралайди ёки қатъий ҳақоратлайди, дейди Ҳайдаров.

«Ислом даъватчилари ўз таъсир доирасини кенгайтирмоқда. Энг ёмони, бунга радикал қарашдаги шахслар ҳам қўшилмоқда», деди Ҳайдаров Карвонсаройга.

«Бу дунёвий ва диний мафкура ўртасидаги курашда диндор қатлам ғалаба қозонаётганини англатади», деб қўшимча қилди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500