ТОШКЕНТ – Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳром Ҳамроевга нисбатан Россия суди томонидан чиқарилган ҳукм айбловларнинг уйдирма эканини таъкидлаётган кузатувчиларнинг танқидига учради.
Москвадаги 2-Ғарбий округ ҳарбий суди 23 май куни Ҳамроевни «терроризмни оқлаш» ва «террорчилик фаолиятида иштирок этиш»да айблаб, 14 йилга озодликдан маҳрум қилди.
Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) маълумотларига кўра, Ҳамроев ўзининг Facebook тармоғидаги саҳифасида Ҳизб ут-Таҳрир (ҲТ) фаолиятига оид материалларни жойлаштирган. ҲТ Россияда тақиқланган исломий сиёсий партиядир.
Ҳамроев 2022 йил февралида дастлаб терроризмни оқлаш айблови билан ҳибсга олинган эди. Октябр ойида ФСБ унга нисбатан иккинчи: террорчилик фаолиятида иштирок этиш айбловини илгари сурди. Катта эҳтимол билан, бунга Ҳамроевнинг терроризмда айбланганларни ҳимоя қилиш билан боғлиқ фаолияти сабаб бўлган.
Ҳамроев мигрантларга ҳуқуқий ва ижтимоий ёрдам кўрсатувчи «Ёрдам» жамғармасига раҳбарлик қилган.
У асли ўзбекистонлик бўлиб, «Memorial International» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти аъзоси эди. Россия Олий суди 2022 йилнинг февралида «Memorial International»ни тугатиш тўғрисида қарор чиқарган.
Ҳамроев 1992 йилдан бери Россияда инсон ҳуқуқлари соҳасида фаолият юритиб келган. Сўнгги пайтларда унинг фаолияти марказий осиёлик мигрантлар ва россиялик мусулмонлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган эди.
Ҳамроевга қўйилган айбловлар биринчиси эмас.
2020 йилда Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари уни хорижликларни Россияда яшаши учун ёлғондан рўйхатга қўйишда айблаган эди. Кейинчалик улар бу айбловни олиб ташлашган.
ҲТ Россия ва Марказий Осиё давлатларида тақиқланган бўлса-да, ҳуқуқбон ташкилотларнинг таъкидлашича, унинг амалиётлари терроризм ҳисобланмайди, гуруҳ эса Исломни фақат даъват йўли билан тарқатиш керак деб ҳисоблайди.
«ҲТга мансублик бўйича асоссиз айбловлар Россия ва Қримда кенг тарқалган амалиёт бўлиб, мусулмонларга тазйиқ ўтказишнинг кенг тарқалган воситаларидан биридир», дейилади ФСБнинг Ҳамроевга қарши айбловлари бўйича октябр ойида чиқарилган «Мемориал» баёнотида.
«Биз Россия Федерациясининг ҳеч бир қонунида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фаолияти ёки ҳуқуқ-тартибот идоралари ва халқаро ташкилотларга шикоят ва ариза бериш тақиқланмаганини таъкидлаймиз», дейилади хабарда.
«Ҳамроевга қўйилган навбатдаги айблов Россия конституцияси ва мамлакатимизнинг халқаро мажбуриятларига бутунлай зиддир. Россия ҳукуматининг қонунларни бу каби назар-писанд қилмаслиги одатий ҳолга айланмоқда».
Сохталаштирилган айбловлар
Ҳамроевга қарши айбловлар абсурд ва бемаъни, дейди айни вақтда АҚШда яшаётган ҳуқуқбон Валентина Чупик.
«У ҳақиқатан ҳам ҲТ аъзоларини ҳимоя қилган, аммо улардан бири бўлмаган. Бундан ташқари, ҲТ террорчи эмас, балки экстремистик ташкилотдир», деб айтган Чупик Карвонсарой нашрига.
Ҳамроев мигрантларни қонунийлаштириш мақсадида ўз хонадонида мунтазам равишда рўйхатдан ўтказган, бироқ уларга у ерда туришга рухсат бермаган, деб қўшимча қилди у.
Суд ҳеч қандай далил келтирмаган ва Ҳамроевни «Мемориал» ташкилотида ишлагани ва бир вақтнинг ўзида Россиянинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари нафратланадиган иш – Марказий Осиё давлатларидан келган мигрантларни ҳуқуқий томондан ҳимоя қилгани учун жазолаган, дейди Прагадаги Чарлз университетининг ижтимоий фанлар профессори Дмитрий Дубровский.
«Бир вақтнинг ўзида у Россияда террорчи ҳисобланган ҲТ аъзоларини ҳам ҳимоя қилган... аммо уларнинг хеч қандай, айниқса Россия Федерациясидаги террорчилик ҳужумларига алоқадор бўлгани исботланмаган», деб айтган Дубровский Карвонсарой нашрига.
«Бунга бирорта ҳам далил йўқ», деб айтган у.
Суд қарори одамнинг ғазабини келтиради, деб айтган Дубровский. Суднинг мутахассис гувоҳи сохта фикр билдириши билан машҳур, деб қўшимча қилган у.
Дубровскийнинг сўзларига кўра, Ҳамроев фақат диний эътиқодлари учун таъқиб қилинаётганларга нисбатан инсон ҳуқуқлари бўйича позициясини билдирган.
Швецияда яшовчи ўзбекистонлик сиёсатчи Пўлат Охунов Ҳамроевга қарши айбловларни ақл бовар қилмас ва ҳатто уйдирма деб айтган.
«2022 йил феврал ойида Украинага қарши уруш бошланганидан кейин, уларнинг мақсадларига аниқ қарши бўлган, айниқса иммигрантларга таъсирини ҳисобга олганда ҳукумат Ҳамроевнинг барча фаолиятини чекламоқчи бўлди, деб айтган Охунов Карвонсарой нашрига.
«Биз Россия президенти Владимир Путин маъмуриятига, прокуратурага, Тергов қўмитасига ва ФСБга хат ёздик, аммо фойдаси бўлмади.»
«Фақат бу режимнинг тугатилишигина Баҳром Ҳамроевга эркинлик олиб келади», деди Охунов.