Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

Олдинда оғир кунлар: Россия ҳуқуқбонларни қувғин қилиб, мигрантларни нишонга олмоқда

Симин Абдулло

image

COVID-19 пандемияси вақтида Россияда ишлаш ва яшаш рухсатномаларини узайтириш учун учун навбатда турган ниқобдаги меҳнат мигрантлари. Санкт-Петербург, 2020 йилнинг 3 апрели. [Ольга Мальцева/AFP]

ДУШАНБЕ – Тожик мигрантларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи фаолнинг эҳтимолий депортацияси Россиянинг Марказий Осиёлик меҳнат мигрантларига нисбатан босими давом этаётганидан далолат бермоқда.

Москвадаги тожиклар марказида ишловчи тожикистонлик адвокат Шуҳрат Қудратов Карвонсарой билан суҳбатда Россия ҳукумати уни Тожикистонга депортация қилишни режалаштираётганидан хабар топганини айтди.

«Улар мени тожик мухолифати билан алоқалари бор, деган баҳона билан мамлакатдан бадарға қилишмоқчи. Лекин бу ёлғон».

«(Кремлнинг) бирдан-бир мақсади – мигрантларни ҳимоясиз қолдириш», дейди уч йил аввал Россияга кўчиб келган Қудратов.

image

Россияда Марказий Осиёлик меҳнат мигрантларига юридик ёрдам кўрсатиб келган асли ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Валентина Чупик Россия куч тузилмалари тарафидан ҳибсга ушлаб турилганидан сўнг, октябр ойи бошида Арманистонга учиб кетган. [USAID]

image

Пандемия вақтида Россиядаги кўплаб меҳнат мигрантлари бамисоли қамалда қолиб, ўз мамлакатларига қайтиб кета олмадилар. Суратда: Москванинг Внуково аэропортидаги Марказий Осиёлик мигрантлар, 24 март, 2020 йил. [Александр Неменов/AFP]

«Тожиклар маркази» Тожикистон фуқароларига Россия ҳукумат идораларида тўғри рўйхатдан ўтиш, иш ва яшаш учун жой топиш ҳамда ҳуқуқий муаммоларни ҳал қилишда ёрдам беради.

Ёрдам сўраганларнинг аксари – Россияда ҳуқуқлари поймол этилганлар, дейди Қудратов. Айримлар ўз қариндошларининг жасадларини Тожикистонга қайтариш йўлларини излайди.

Россиянинг миграцияга оид қонунлари қатъий ва мураккаб, ўқимаган мигрантлар учун эса уларнинг барчасини тушуниш ва амал қилиш қийин, дейди у. Бундан ташқари, виждонсиз иш берувчилар кўпинча ёш мигрантларнинг тажрибасиз эканлигидан фойдаланиб, уларнинг пулини бермайди.

Россия Ички ишлар вазирлиги (МВД) маълумотларига кўра, Россияда 2 миллиондан ортиқ тожикистонлик истиқомат қилади. Улардан 1,5 миллиони меҳнат мигрантларидир.

Тожикистонликлар асосан, ватанида иш топа олмагани учун Россияга пул ишлаш учун боради.

Жаҳон банкининг ноябр ойидаги маълумотларига кўра, мигрантларнинг пул ўтказмалари Тожикистон ЯИМнинг 25% дан ортиғини ташкил этмоқда.

Мигрантлар ҳуқуқбонларининг нишонга олиниши

Қудратов бу йил тазйиққа учраган мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ягона фаол эмас. Бошқа ҳуқуқбонлар ҳам худди шундай ҳолатга дуч келишдан хавотирда.

Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) 25 сентябр куни Москвадаги Шереметьево аэропортида асли ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли – «Утро Мира» («Тонг жаҳони») нодавлат ташкилоти раиси Валентина Чупикни ҳибсга олган эди. У Арманистон сафаридан қайтаётган бўлган.

Хавфсизлик хизмати ходимлари уни аэропортда ҳибсга олиб, ҳужжатларини тортиб олишган ва қочқинлик мақомидан маҳрум қилиб, 2051 йилгача Россияга киришни тақиқлаганлар.

Россия ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари Чупикни «қочқин мақомини олиш учун ёлғон маълумот ёки сохта ҳужжатлар тақдим этишда» айблаган, аммо фаоллар ва журналистларга кўра, бу шунчаки баҳона, холос.

Ҳибсдалик вақтида унга қамоқ ёки ундан ҳам ёмонроқ жазо олишдан қўрқадиган Ўзбекистонга депортация билан таҳдид қилишган. У 2005 йилда Андижон қирғинидан кейин Россияга қочқин бўлиб келган эди.

2 октябр куни Ўзбекистон кутилмаганда унга янги паспорт бериб, Арманистонга – хавфсиз жойга қайтиш имкониятини бериши ортидан қарама-қаршилик ўз ниҳоясига етган.

Москвадалик вақтида Чупик Россияда ҳар куни полиция ёки иш берувчилар томонидан ҳуқуқлари поймол қилинадиган Марказий Осиёлик меҳнат мигрантларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиб келган, шунингдек, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича тренинглар ўтказган.

Бу ёрдамларнинг бари бепул эди.

Чупик, шунингдек, қонунбузарликларни, ҳукуматдаги коррупцияни ва меҳнат мигрантлари ҳуқуқларининг мунтазам равишда бузилишини қоралаб, Россия ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва умуман Россия жамиятидаги шовинизм ҳамда ирқчилик ҳақида очиқ гапириб келган.

Россия очиқ фашизм томон кетмоқда, дейди Чупик Карвонсаройга.

«Аввалига мигрантлар шафқатсиз дискриминацияга дучор бўлишади ва қулдек эксплуатация қилинадилар, кейин эса Россияга умуман Россияга бормай қўядилар», деди у.

Аввалроқ, март ойида Россия куч идоралари Тожиклар маркази раҳбари Иззат Омонни ҳибсга олиб, Тожикистонга депортация қилган эди.

Россия суди уни Россия фуқаролигидан маҳрум қилди, Тожикистон суди эса октябр ойида уни фирибгарликда айблаб, 9 йилга озодликдан маҳрум этди, деб хабар беради Озод Европа/Озодлик радиоси.

Омоннинг тарафдорларига кўра, бу айбловлар сиёсий характерга эга.

Якшанба (21 ноябр) куни бош қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган Human Rights Watch ва Венадаги «Евроосиё учун эркинлик» ташкилотлари Омоннинг Россиядан депортация қилиниши юзасидан хавотир билдирганлар.

Улар, шунингдек, туркманистонлик ҳуқуқ фаоли Озод Исоқовнинг ишига ҳам алоҳида эътибор қаратганлар.

Исоқов Туркманистон миллий хавфсизлик вазирлиги (МХВ) тарафидан Россия федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) ва полиция кўмагида 20 октябрь куни Россиядаги уйидан «ўғирлаб кетилган», деб хабар беради «Евросиё учун эркинлик».

«Изсиз ғойиб бўлишидан олдин у ҳамкасби Чемен Орега Телеграм орқали: «Полиция шу ерда. Мени топишса, олиб кетишади. Беркиниб ўтирибман», деб ёзган. Ўша кундан бери ундан хабар йўқ», дейилади ташкилот хабарида.

Ҳуқуқбон ташкилотлар ЕИ бош дипломати Хосеп Боррелнинг беш Марказий Осиё давлати ташқи ишлар вазирлари билан душанба кунги учрашуви чоғида бу икки фаол борасида хавотир изҳор этган.

«Камситиш ва ҳақорат»

Мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи бошқа фаоллар ҳам сўнгги вақтларда Россияда мигрантларга нисбатан бошланган тазйиқлар яхшилик нишонаси эмас, деб ҳисобламоқда.

«Биз мигрантлар билан ишга, солиқ идорасига, касалхонага, ва умуман, улар ҳуқуқий муаммоларини ҳал қила олмаган барча идораларга бирга борар эдик», дейди уч йилдан бери Россияда яшаб, мигрантларга ҳуқуқий маслаҳат бериб келаётган москвалик адвокат Бахтовар Жумаев.

Депортация қилинган Омоннинг собиқ ҳамкасби Жумаевнинг сўзларига кўра, мигрантлар қонун билан доимий зиддиятда бўлгани учун муаммолар гирдобида ўзларини йўқотиб қўйишади.

«Мигрантларни оғир кунлар кутиб турибди. Уларни доим камситиб, таҳқирлаб, талон-тарож қилишади. Мигрантлар ҳеч қандай ҳуқуққа эга бўлмаган одамлардек ўз ҳолига ташлаб қўйилади», дейди у.

Мигрантларни фақат қора меҳнатга лойиқ деб ҳисоблайдиган Россия ҳукумати уларнинг иккинчи даражали одамлар эканига рус халқини ишонтирди, дейди мигрантлар ҳуқуқлари фаоли Абдуманнон Шералиев.

«Яъни, бу атайин олиб борилган сиёсат эди. Россияликларнинг мигрантларга муносабати 2000-йиллар бошидаги ҳолатдан кескин фарқ қилади ва ҳатто ҳукуматнинг муносабати яхшиланган тақдирда ҳам ўзгармайди», дейди аввал Москва шаҳрида яшаган, ҳозир Полшада бўлган Шералиев.

Россия расмийлари ҳуқуқбонларни қувғин қилиш билан Россиядаги мигрант энди қора ишларни бажаришдан бошқа ҳуқуққа эга эмаслигига ишора қилмоқчи, дейди у.

Мужда шуки, «мигрантлар инсон ҳуқуқларидан бехабар бўлиши ва у ҳақда умуман гапирмаслиги, Россияда ҳудудида туриб сиёсий фаоллик кўрсатмаслиги лозим. Мигрантлар Россияга фақат оддий ишларни бажариш учун керак», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500