ОЛМАОТА – Марказий Осиё давлатларининг аксилтеррор сиёсати ортидан сезиларли ютуқларга эришилган бўлса-да, минтақа террорчилар ва экстремистик ғояларнинг кириб келиш хавфи олдида заифлигича қолмоқда. Бу ҳақда 15-17 ноябр кунлари Нур-Султонда халқаро ва маҳаллий экспертлар иштирокида бўлиб ўтган анжуманда маълум қилинди.
Нур-Султондаги Жаҳон иқтисодиёти ва сиёсати институти ҳамда Нурсултон Назарбоев жамғармаси томонидан ташкил этилган анжуманда сиёсатчилар, олимлар ва халқаро мутахассислар жаҳон иқтисодиёти, геосиёсат ва халқаро муносабатлар билан боғлиқ муаммоларни муҳокама қилдилар.
«Ҳозирги Марказий Осиё жиддий геосиёсий ўйинчи сифатида эътирофга лойиқ», дейди Италия собиқ ташқи ишлар вазири, Европа комиссияси вице-президенти, адлия, эркинлик ва хавфсизлик бўйича Европа комиссари Франко Фраттини.
Ижобий ўзгаришларга қарамай, Ўзбекистон ва Тожикистон каби Қозоғистон ҳам террорчилар кириб келиши хавфи олдида ҳимоясизлигича қолмоқда, зеро Афғонистон билан чегарада хавфли қайноқ нуқталар ҳали ҳам мавжуд, деди у 16 ноябр кунги чиқишида.
«Ўз кўзим билан гувоҳ бўлдимки, Қозоғистон бу борада минтақанинг бошқа давлатлари қатори ютуқларга эришди», деб айтган у Zakon.kz хабарига кўра.
«Аммо Марказий Осиё террорчиларнинг кириб келиш хавфи олдида ҳимоясиз қолмоқда», дейди Фраттини. «Бунга сабаб – олиб борилаётган саъй-ҳаракатларга қарамай, ҳалигача изчил ва мукаммал мудофаа тизими мавжуд эмаслиги.»
Мажмуавий ёндашув
Марказий Осиёни экстремизмдан ҳимоялаш масаласи амалий ва комплекс чораларни тақозо этади, дейди таҳлилчилар.
Марказий Осиё давлатларининг террорчи гуруҳлар олдидаги заифлиги ҳақида гап кетар экан, бу мураккаб жараён эканлигини англаш зарур, дейди хавфсизлик бўйича бишкеклик эксперт, БМТ Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг (UNODC) Қирғизистондаги Дастурий идораси ходими Денис Тўйчиев.
Бир нечта сабаблар туфайли экстремизм ва терроризмнинг кириб келишига бутунлай барҳам бериш жуда қийин, деди у.
«Биринчиси – чегарани хориж фуқароси бўлган жангарилар кесиб ўтиши. «Бу таҳдид билан курашиш иккинчи сабаб – мамлакатга ташқаридан экстремизм ва терроризм ғоялари кириб келишига қараганда осонроқ.»
«Бир гуруҳ одамларни ҳибсга олса бўлади, лекин одамларни радикал менталитетдан халос қилиш амримаҳол. Ва бу нуқтаи назардан барча давлатлар заиф», дейди у.
Марказий Осиёдаги вазиятни минтақа давлатлари ўртасида виза режимининг йўқлиги мураккаблаштиради, деди Тўйчиев. Бундан ташқари, минтақа бўйлаб мигрантлар, юклар ва ғояларнинг улкан оқими кузатилмоқда.
Бу ҳолат мониторингни қийинлаштиради ва мамлакатлар миллий хавфсизлиги учун хавф туғдиради, деди у.
Бундан ташқари, Марказий Осиё давлатлари ҳуқуқ-тартибот идоралари ўртасида терроризм, гиёҳванд моддалар ва одам савдосига қарши самарали курашишга тўсқинлик қилувчи маълумотлар алмашинувида ҳам қийинчиликлар бор, деб қўшимча қилди Тўйчиев.
«Терроризм глобал таҳдид ҳисобланади, шу боис унга бутун дунё қарши турмоғи лозим», дейди у.
Хавфларни бартараф этиш
Ўз навбатида Қозоғистон террорчилик таҳдидига анча жиддий ёндашади, деди Нур-Султонлик сиёсий шарҳловчи Газиз Абишев.
Сўнгги йилларда у нафақат мавжуд террорчилик таҳдидларини йўқ қилиш, балки уларни олдини олиш устида ҳам ишлаётганини кўрсатди, деди у.
«Қозоғистон куч идоралари ва махсус хизматлари экстремизм ва терроризмга қарши кураш нуқтаи назаридан анча фаол, керак бўлганда, улар тезда сафарбарликка жалб қилиниши мумкин», деди Абишев.
Агентура ва техник воситалар орқали бир вақтнинг ўзида бир нечта йўналишлар бўйича иш олиб борилмоқда, деди у.
«Географик нуқтаи назардан, Европа учун Қозоғистон Афғонистонга – беқарорлик манбаига яқин жойлашган ва шу боис террорчи гуруҳларнинг кириб келиш эҳтимоли остида қолиши мумкин», деди у.
«Аммо мен 100% аминманки, Қозоғистон расмийлари ҳар куни эҳтимолий таҳдидларни зарарсизлантириш чораларини кўрмоқда».
Яна бир хавотирли муаммо – террорчиларнинг ташқаридан кириб келиши эмас, балки Марказий Осиё давлатларининг ичидан ёлланиши, дейди Қозоғистон аксилтеррор қўмитаси раиси, нур-султонлик Аманжол Ўразбаев.
«Ҳозирда террорчи гуруҳлар радикал кайфиятдаги фуқароларни интернет орқали ўз сафига жалб қилмоқда, вилоятларда эса бошқаларни [юзма-юз] ёллаб, улардан террорчи гуруҳларни шакллантирмоқда», деди у.
Экстремистик қарашларнинг кириб келишидан ҳеч қайси мамлакат ҳимояланмаган, дейди у.
Қозоғистонда интернет фойдаланувчиларини ҳимоя қилувчи кучли тизим яратилган бўлиб, Ахборот ва ижтимоий ривожланиш вазирлиги ҳар ой тақиқланган экстремистик мазмундаги юзлаб веб-сайтларни фош этмоқда, деди Уразбаев.
Жорий йилнинг дастлабки саккиз ойида Қозоғистонда террористик ёки экстремистик ташвиқотни ўз ичига олган 80 мингдан ортиқ босма материаллар, жумладан варақалар, фотосуратлар ва китоблар йўқ қилинди, интернетда 300 дан ортиқ мақолалар блокланди, деди ҳукуматнинг Дин ишлари бўйича қўмитаси раиси Ержан Нукежанов 7 сентябр кунги брифингда.
Бундай материаллар ҳажми йилдан-йилга ошиб бормоқда, деди у.
Январ-июл ойлари давомида Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатда экстремизм ва терроризмга алоқадор 139 та ҳуқуқбузарлик ҳолатларини қайд этган, деб ёзади Finprom сайти мамлакат Ҳуқуқий статистика қўмитасига таяниб.
Бу 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 19,8 фоизга кўп. 2021 йил 2017 йилдан бери шу турдаги ҳуқуқбузарликлар сонининг ошиши кузатилган биринчи йил бўлди.
Бу барча Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Тожикистон учун жуда долзарб мақола. Тожикистон Афғонистон билан жуда узун чегарага эга.
Жавоб беришФикрлар 1