Карвонсарой
Хавфсизлик

Қозоғистон мудофаа вазирлиги геоахборот платформасини яратиш устида ишламоқда

Айдар Ашимов

Суратда: Қозоқ армияси аскарларини геомаконга оид маълумотлар билан таъминлашга қаратилган штаб машқлари. Остона (ҳозир Нур-Султон), 9 декабр, 2018 йил. [Қозоғистон Мудофаа вазирлиги]

Суратда: Қозоқ армияси аскарларини геомаконга оид маълумотлар билан таъминлашга қаратилган штаб машқлари. Остона (ҳозир Нур-Султон), 9 декабр, 2018 йил. [Қозоғистон Мудофаа вазирлиги]

НУР-СУЛТОН – Қозоғистон қуролли кучлари тизимида технологик инқилоб юз бермоқда.

Мудофаа вазирлиги стратегик аҳамиятга эга географик маълумотлар платформасини яратишни режалаштирмоқда.

Мазкур ресурс рақамли хариталар ва сунъий йўлдошлардан олинган геомаконга оид маълумотлар базасини, шунингдек, инфратузилмавий маълумотлар ва терроризм хавфи олдида заиф бўлган объектлар идентификацияси ва бошқа ахборотни ўз ичига олади, дейилади вазирликнинг 25 ноябр кунги баёнотида.

Платформа жуда кўп мақсадларда, жумладан хориждаги қуролли можароларга қўшилиш ёки террорчилик ҳаракатини амалга ошириш мақсадида Қозоғистонга қайтадиган экстремистларнинг чегарадан ноқонуний ўтишининг олдини олишда қўлланиши мумкин.

Десанчи-штурм гуруҳи, 19 ноябр, Нур-Султон. Таҳлилчиларга кўра, «Рақамли армия» лойиҳаси қозоқ ҳарбийларининг жанговар қобилиятини ошириши кутилмоқда. [Қозоғистон мудофаа вазирлиги]

Десанчи-штурм гуруҳи, 19 ноябр, Нур-Султон. Таҳлилчиларга кўра, «Рақамли армия» лойиҳаси қозоқ ҳарбийларининг жанговар қобилиятини ошириши кутилмоқда. [Қозоғистон мудофаа вазирлиги]

«Бугунги кун шароитида дунёнинг кўплаб мамлакатлари «электрон жанг майдони» – ягона бошқарув тизимини яратиш устида фаол иш олиб бормоқда. У реал вақт режимида нишонларни белгилаш ва маълумот алмашиш, нишонларни белгилаш, буйруқ бериш ва қўшинларни назорат қилиш имконини беради», дейилади вазирлик хабарида.

Платформа барча даражадаги қўмондонларни объектив ва тезкор маълумотлар билан таъминлайди ва жойларга оид маълумотларни тўплаш, уларни баҳолаш ва қўшинларга етказиш учун кетадиган вақтни тежаб, қарорлар тезкорлигини оширади.

Айни вақтда Қозоғистон Қуролли кучларининг геоахборот таъминоти бўлими мамлакат ҳарбий хавфсизлигини таъминлаш вазифаларини ҳал этувчи бошқа давлат идоралари ва ташкилотлар билан биргаликда лойиҳани амалга ошириш устида ишламоқда.

Рақамли армия

Географик маълумотлар базаси лойиҳаси «Рақамли Қозоғистон» давлат дастури доирасида ишлаб чиқилган.

Мудофаа вазирлиги «ҳарбийларнинг қарор қабул қилишини қўллаб-қувватлаш учун ахборот тизимларининг таянч платформасини» яратиш режасини илк бор 2018 йилнинг октябрь ойида эълон қилган эди.

Айни пайтда вазирлик Қуролли кучларнинг ўқув-жанговар, маъмурий-хўжалик, кадрлар ва қўшинларни назорат-ижро фаолиятини қамраб оладиган «Рақамли армия» дастурини ишлаб чиқмоқда.

Вазирлик маълумотларига кўра, ҳаво ҳужумига қарши мудофаа кучлари тизимида автоматлаштирилган қўмондонлик ва бошқарув тизими ишлай бошлаган, қўшинлар ва ресурсларни бошқаришнинг автоматлаштирилган қўмондонлик-бошқарув тизимини жорий этиш жараёни давом этяпти.

2018 йилдан бери Қозоғистон ҳарбий академияларидаги талабалар янги мутахассисликлар, жумладан геоахборий картография, киберхавфсизлик ва космик воситалар билан алоқа тизимлари бўйича таҳсил олмоқда.

Қуролли кучларнинг жанговар шайлигини мустаҳкамлаш

«Қозоғистон ҳаётнинг барча муҳим соҳалари: соғлиқни сақлаш, давлат хизматларини тақдим этиш, таълим ва шу каби соҳаларини рақамлаштирмоқда. Қуролли кучлар бундан четда қолгани йўқ – бу ҳозирги замон талаби», дейди чимкентлик қуролли кучлар фахрийси Алексей Журавов.

Геоахборот маълумотлар базасини яратиш «Рақамли армия» лойиҳасининг муҳим таркибий қисмидир, деди у.

«Маълумотлар базаси ер, авиация ва фазовий қурилмалардан олинган зондлаш маълумотлари, шу билан бирга гидро-метеорологик ва топогеодезик маълумотларни ўз ичига олади. Бу қозоғистонлик ҳарбийларнинг жанговар қобилиятини сезиларли даражада оширади», деди Журавов.

«Олдинлари бу нарсалар фантастика бўлиб туюлар эди, аммо ҳозир ҳаётимизнинг бир қисмига ва заруратга айланиб улгурган», дейди Жуваров жорий этилаётган инновациялардан илҳомланиб.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500