НУР-СУЛТОН – Қозоғистон бир қатор фахрийларни муваққат ҳарбий хизматга чақириш билан Қуролли кучларнинг жамоат тартибини сақлаш ва коронавирус пандемиясининг олдини олишга оид чораларини кучайтирмоқчи, деб хабар беради Қозоғистон ҳукумати.
Жума, 10 апрель ҳолатига кўра, Қозоғистонда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ 802 та ҳолат тасдиқланган, 9 та ўлим қайд этилган.
Ҳарбий хизматга чақирилганлар COVID-19 пандемияси вақтида бошқа вазифалар қатори блокпостларни қўриқлаш ва ҳудудларни дезинфекциялаш ҳам билан шуғулланадилар, деди Қозоғистон мудофаа вазири Нурлан Ермекбаев 7 апрел куни Мудофаа вазирлигида бўлиб ўтган йиғилишда.
Ермекбаев чақирилувчиларни ҳарбий форма билан таъминлаш ва барча тадбирларни санитария-гигиена талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ўтказишга буйруқ берган.
Ушбу чақирув президент Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг 2 апрель кунги фармонига биноан амалга оширилмоқда. Ҳарбий хизматга чақирилувчиларни муддатли хизмат учун Қуролли кучларнинг ҳудудий бўлинмаларига йиғиш кўзда тутилган.
Ермекбаев 3 апрель куни Нур-Султонда чақирув тафсилотларига бағишланган брифинг ўтказди. Чақирилувчиларнинг саволларига жавоб бериш учун туну-кун ишлайдиган колл-марказ ташкил қилинди, дейилади Мудофаа вазирлиги баёнотида.
«Вилоят раҳбарлари ҳарбий хизматга чақирилувчиларни уч ойлик махсус йиғинга жалб этишлари мумкин», деди Ермекбаев брифингда.
«Ҳарбий хизмат даврида чақирилувчилар ўз иш ўринлари ва лавозимларида қоладилар», деб қўшимча қилди у. «Уларга давлат ҳисобидан ўртача ойлик маош берилади.»
Улар орасидаги ишсизларга «энг кам иш ҳақи тўланади», деди у.
Ермекбаевга кўра, фахрийлар ўз шаҳарларида хизматга чақирилади ва ҳар куни ўз вазифаларини бажарганларидан сўнг уйларига қайтишлари мумкин.
«Чақирилувчилар – илгари ҳарбий хизматни ўтаган фуқаролар ёки ҳарбий кафедраларни тамомлаган захирадаги зобитлардир», дейди Нур-султонлик юрист Алибек Башеев. «50 ёшгача бўлган (собиқ) аскарлар ва 60 ёшгача бўлган офицерлар хизматга чақирилиши мумкин.»
Президент фармонига биноан аёллар, давлат идоралари хизматчилари, фуқаро авиацияси ходимлари, талабалар, ўқитувчилар ва фермерлар чақирувдан озод қилинади, деди Башеев.
«Шунингдек, беморлар, вояга етмаган уч нафар фарзанди бўлган фуқаролар ҳам йиғиндан озод қилинадиганлар сирасига киради», деб қўшимча қилди у.
Айрим фуқаролар чақирувни кутмай, ҳозирданоқ хизматга бориш истагини билдирган.
Чимкентлик 26 яшар заҳирадаги ҳарбий хизматчи Алинур Турсунов кўнгилли равишда йиғинга қўшилди.
«Коронавирус туфайли ҳозирда мебелчилик устахонамиз ишламаяпти», дейди у. «Ҳарбий хизматда эса маош оламан. Аммо гап фақат пулда эмас. Одамларга ёрдам беришга ўз ҳиссамни қўшмоқчиман.»
Аскарлар ҳимояси
Токаев мазкур фармонни 23 март куни Фавқулодда вазият бўйича давлат комиссиясининг йиғилишида эълон қилди. У пандемия давридаги профилактик чоралар ва жамоат тартибини сақлаш ишларига ҳарбийларни жалб этишга буйруқ берган.
«Жиноятчиликнинг, энг аввало ўғирлик, талон-тарож ва ҳокимиятнинг қонуний талабларига бўйсунмаслик ҳолатларининг ўсишига йўл қўймаслик керак», деди Токаев.
Ҳарбий хизматчилар жамоат жойлари ва назорат-ўтказиш пунктларини қўриқлашдан ташқари, дезинфекциялаш ва юк ташиш билан ҳам шуғулланмоқда. 6 апрель куни ҳарбий самолётларда Уральск, Қустанай ва Петропавловск вилоятларига 10 тонна юк ва 350 нафар аскар олиб келинди.
Шунингдек, ҳарбий хизматчилар орасида ҳам инфекция тарқалишининг олдини олиш чоралари кўрилмоқда.
Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, ҳарбий қисмларга фақат битта назорат-ўтказиш пункти орқали киришга рухсат берилади, киришдан аввал шахсий таркиб тиббий кўрикдан ўтказилади.
Бундан ташқари, ходимлар ниқоб кийиб юриши ва кунига икки маҳал тиббий кўрикдан ўтиши керак. Улар сафга тизилганда, орада икки метрдан масофа бўлиши талаб этилади.