https://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2020/02/14/feature-02
| Хавфсизлик

Мудофаа харажатларига оид режа доирасида Қозоғистон армиясининг қуролланиши модернизация қилинади

Айдар Ашимов

image

Қозоқ зобитлари учун мўлжалланган малака ошириш курслари, Олмаота, 11 февраль. (Қозоғистон мудофаа вазирлиги)

НУР-СУЛТОН – 2020 йилда Қозоғистон ҳарбий соҳадаги сарф-харажатларни оптималлаштириш мақсадида Қуролли кучларнинг қурол-аслаҳаларини модернизация қилишни режалаштирмоқда, деб хабар берган мудофаа вазири Нурлан Ермекбаев.

Президент матбуот хизматининг хабар беришича, сешанба (11 февраль) куни Нур-Султонда Қозоғистон давлат раҳбари Қосим-Жўмарт Тўқаев билан учрашган Ермекбаев мазкур режа ҳақида сўзлаб берган.

Мудофаа вазирлиги сарф-харажатларни «функционал таҳлил» қилиш ва ходимлар сонини қисқартириш орқали жорий йилда 10 миллиард тенге (26,5 миллион АҚШ доллари) тежашни режалаштирмоқда, деди Ермекбаев.

Ермекбаев ўтган йил ноябрь ойида президент билан учрашувда «вазирлик, бош штаб ва жойлардаги ҳарбий бошқармаларнинг 300 нафар ходимини ишдан бўшатиш ҳисобига 2020 йилдан бошлаб ҳар йили 450 миллион тенге (1,2 миллион АҚШ доллари) тежашни режалаштиргани» ҳақида гапирганида айнан мана шу қисқартиришни назарда тутган бўлиши мумкин.

image

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев (чапда) ва мудофаа вазири Нурлан Ермекбаевнинг 11 февраль куни Нур-Султондаги учрашуви. (Қозоғистон президенти матбуот хизмати)

Штатни қисқартириш натижасида тежалган маблағлар ҳарбий хизматчиларни молиявий рағбатлантиришга йўналтирилади, деган эди ўшанда Ермекбаев, президент матбуот хизмати хабарига кўра.

Модернизация бўйича улкан режалар

11 феврал кунги учрашувда Ермекбаев ҳарбийларни замонавийроқ қурол-яроғ билан таъминлаш, автотранспорт воситаларини янгилаш ва модернизация қилиш, хизматга чақирилувчиларнинг тегишли идоралар билан онлайн мулоқоти учун виртуал чақирув қўмитасини ташкил этиш режалари ҳақида сўзлаган.

Томонлар ўтган йил июнь ойида жанубий Қозоғистондаги қурол-аслаҳа омборида юз берган ёнғин туфайли икки кишининг ҳаётига зомин бўлган портлаш оқибатларини бартараф этиш чораларини муҳокама қилганлар.

Ҳалокатдан сўнг мамлакатдаги барча ўқ-дори омборлари текшириб чиқилиб, уларнинг инфратузилмасини такомиллаштириш чоралари амалга оширилди.

Учрашув давомида Тўқаев Ермекбаевга ҳарбий ва техникавий соҳадаги халқаро ҳамкорликни кучайтириш, армияни самарали қурол-аслаҳалар билан таъминлаш ҳамда ҳарбий таълим ва жанговар тайёргарлик сифатини ошириш бўйича топшириқлар берди.

28-31 май кунлари Нур-Султонда KADEX-2020 халқаро қурол-яроғ кўргазмаси бўлиб ўтади, унда 30 дан ортиқ мамлакатнинг мудофаа пудратчилари ўз маҳсулотларини намойиш этадилар.

Сизга мақола ёқдими?
2
Фикрлар 0
Сиёсат