Карвонсарой
Хавфсизлик

Сунъий йўлдошларга қарши қурол синови Россиянинг иккиюзламачилигини фош этди

Карвонсарой ва AFP

Ер орбитасига чиққан Россия фазовий кемаси. [File]

Ер орбитасига чиққан Россия фазовий кемаси. [File]

АҚШ ва Буюк Британия расмийларига кўра, Россия режими коинотда сунъий йўлдошларга қарши қуролни синовдан ўтказган ва Москванинг бу хатти-ҳаракатлари қуроллар назорати бўйича янги даврни бошлаши мумкин, деган хавотирларни пайдо қилган.

15 июл куни АҚШ космик қўмондонлиги «Россия сунъий йўлдошларга қарши қуролни синовдан ўтказганига оид далилларга эга» эканлигини маълум қилган.

«Ўтган ҳафтадаги синов – АҚШ ва иттифоқчи кучларнинг космик тизимлари учун жиддий таҳдидлар борлигини ва уларнинг кучайиб бораётганини яна бир бор тасдиқлади», дейилади пайшанба (23 июл) кунги баёнотда.

«Бу каби хатти-ҳаракатлар коинотдан тинчлик мақсадларидан фойдаланиш амалиётига таҳдид солиб, бутун дунё учун зарур бўлган космик тизимлар ва сунъий йўлдошлар учун хавф туғдирадиган чиқиндини пайдо қилиши мумкин», деди Бирлашган Қиролликнинг фазовий бошқармаси қўмондони, ҳаво кучлари вице-маршали Харви Смит.

«Аниқки, бунга йўл қўйиб бўлмайди», деб ёзган АҚШнинг ядровий қуролсизланиш бўйича музокарачиси Маршалл Биллингсли ўз Твиттерида келаси ҳафта Венада муҳокама қилинадиган «асосий масала» шу бўлиши мумкинлиги айтиб. У стратегик ҳужум қуролларини қисқартиришга оид янги келишув (янги START) юзасидан музокаралар олиб бормоқда.

Бу келишув Совуқ Уруш давридаги икки қудратли давлат – АҚШ ва Россиянинг ядровий каллакларига оиддир.

«Фазодаги душманлик ҳаракатлари»

Синов чоғида Россиянинг «Космос-2543» сунъий йўлдоши объектни орбитага олиб чиққан, деб хабар берди АҚШ космик қўмондонлиги.

Россиянинг давлатга қарашли оммавий ахборот воситалари хабарига кўра, «Космос-2543» ўтган йил 25 ноябрда Россия ҳарбийлари томонидан учирилган бошқа бир сунъий йўлдош – «Космос-2542» ёрдамида коинотга чиқарилган.

Мудофаа вазирлигига кўра, космик қурилма «Россия сунъий йўлдошларининг ҳолатини мониторинг қилиш» учун мўлжалланган, аммо «Российская газета» давлат кундалик нашрининг ёзишича, у «бегона сунъий йўлдошлардан маълумот олиш» имконига эга.

Бу – аввалроқ АҚШ ҳукуматининг сунъий йўлдоши яқинида манёвр қилгани сабабли АҚШ космик қўмондонлигининг хавотирига сабаб бўлган тизимнинг ўзидир, деди АҚШ космик қўмондонлиги қўмондони генерал Жей Рэймонд.

Бу Россия сунъий йўлдошларининг «белгиланган вазифаларига мос бўлмаган» хатти-ҳаракатларига энг сўнгги мисоллардан биридир, дейилади космик қўмондонлик баёнотида. АҚШ Давлат департаменти 2018 йил ва жорий йилда ҳам шу каби хавотирларни билдирган эди.

«Қўшма Штатлар иттифоқчилар билан келишган ҳолда тажовузнинг олдини олишга ва миллатни, иттифоқчиларни ва АҚШнинг ҳаётий муҳим манфаатларини коинотдаги душманлик ҳаракатларидан ҳимоя қилишга тайёр», деди Реймонд.

«Бу воқеа Россиянинг космик қуролларни назорат қилиш борасидаги риёкор ташвиқотини фош этди», деди АҚШ Давлат котибининг халқаро хавфсизлик ва тарқатмаслик масалалари бўйича ёрдамчиси Кристофер Форд.

Такрорий қоидабузарликлар

Бу Кремлнинг қуролларни назорат қилиш бўйича халқаро келишувдаги мажбуриятларини бузиши билан боғлиқ биринчи ҳолат эмас.

НАТО бўйича иттифоқчилар ва Европа Иттифоқи Россия режимини 1992 йилги Очиқ осмон тўғрисидаги шартномага риоя қилишга чақирмоқда. Шу йили Вашингтон Кремль тарафидан кўп марта ва такрор-такрор бузилган мазкур шартномадан чиқишини эълон қилган эди.

Ўтган йил октябрь ойида Россия президенти Владимир Путин мамлакат қуролли кучларининг ядровий уруш симуляцияси машқларидаги иштирокини кузатган.

«Россия чегарасидаги кескинликнинг кучайиши» муносабати билан ўтказилган «Гром - 2019» (Яшин-2019) симуляция машқларида термоядровий ракеталар синалган эди.

Хорижий давлатлар қуролли кучлари иштирокисиз ўтган жанговар ўйинлар Россия ва Қўшма Штатларнинг 1987 йилги Ўрта ва қисқа масофага учувчи ракеталарни йўқ қилиш (INF) шартномасидан чиқиши ортидан ўтказилган. Бу шартнома 500-5500 км масофага учадиган ядровий ва анъанавий ракеталардан фойдаланишни чеклайди.

Ўтган йил август ойида Қўшма Штатлар Россия узоқ йиллар давомида унинг шартларини бузиб келганини таъкидлаб, ушбу тарихий битимни расман тарк этган.

«Шартнома амал қилишдан тўхтаганига Россиянинг якка ўзи жавобгар», деб баёнот берган НАТО Москвани ўрта масофага учувчи оддий ва ядровий ракеталардан фойдаланишни чеклайдиган ҳужжатнинг бузилишида айблаб.

INF битими Россия ва Қўшма Штатлар ўртасида қуролланишга оид иккита энг муҳим шартномадан бири эди. Иккинчи муҳим ҳужжат – Стратегик ҳужум қуролларини қисқартиришга оид янги шартнома (янги START) бўлиб, у икки мамлакатнинг ядровий қуроллар захирасини совуқ уруш даврига оид чекловдан қуйида ушлаб туради.

Аммо, бу битим ҳам 2021 йилда тугайди ва уни узайтириш учун томонларда сиёсий хоҳиш-ирода етарли эмасга ўхшайди.

Ўтган йилги ракеталар синови, INF битимининг ўз ниҳоясига етиши ва «Очиқ осмон» шартномасининг ҳам барбод бўлаётгани – ўзини тинчликпарвар мамлакат деб атайдиган Москванинг ҳеч қандай далилсиз «енгилмас» деб мақтаган бир қатор қуролларни агрессив тарзда синовдан ўтказаётган пайтга тўғри келган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 3

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Рутиниянинг «тинчликсевар» деб атаган Н.С.Х. (Никита Хрушчев) бўлади. Лекин бу «жуда эски ва ёлғон» гап.

Жавоб бериш

Демак, Россиянинг ўзи урушни хоҳлаяпти.

Жавоб бериш

Eronning xayoliy tahdidi bahonasida Rossiyaga global zarba berishga urinish esa, ikkiyuzlamachilikning eng yuqori choʻqqisidir

Жавоб бериш