Карвонсарой
Хавфсизлик

АҚШ: Россиянинг космик ракета синови – хавфли ва масъулиятсиз

Карвонсарой ва AFP

Россиялик космонавт Александр Мисуркин ва космик парвоз иштирокчилари, япониялик миллиардер Юсаку Маэдзава ва унинг ёрдамчиси Ёдзо Хирано Халқаро космик станциясига учишдан аввал фазовий экспедицияда иштирок этишди, Москва яқинидаги Юлдузлар шаҳарчаси, 14 октябр. [Шомил Жуматов/POOL/AFP]

Россиялик космонавт Александр Мисуркин ва космик парвоз иштирокчилари, япониялик миллиардер Юсаку Маэдзава ва унинг ёрдамчиси Ёдзо Хирано Халқаро космик станциясига учишдан аввал фазовий экспедицияда иштирок этишди, Москва яқинидаги Юлдузлар шаҳарчаси, 14 октябр. [Шомил Жуматов/POOL/AFP]

ВАШИНГТОН – Душанба (15 ноябр) куни Қўшма Штатлар Россия ўзининг сунъий йўлдошларидан бирини ракета билан портлатиб, ерга яқин орбитада чиқиндилар майдонини ҳосил қилганини «хавфли ва масъулиятсиз ҳаракат» деб қоралади.

Чиқиндилардан иборат булут Халқаро космик станция жамоасини тўқнашувдан қочиш чораларига мажбур қилган. Синов олдидан огоҳлантирилмаган Вашингтон бундан хавотирга тушган.

АҚШ ҳамкорлар ва иттифоқдошлар билан жавоб чораларини муҳокама қилмоқда, деб айтган ўз баёнотида АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен.

«Бу синовлар тинч мақсадларда фазони тадқиқ қилиш ва ундан фойдаланишга интилаётган барча томонлар хавфсизлигини бепарволик билан хавф остига қўйди», деб айтган у.

«Союз МС-15» ракетаси Халқаро фазовий станциянинг уч аъзоси билан Қозоғистондаги Россия ижарага олган Бойқўнғир космодромидан фазога кўтарилмоқда, 2019 йил, 25 сентябр. [Вячаслав Оселедко/AFP]

«Союз МС-15» ракетаси Халқаро фазовий станциянинг уч аъзоси билан Қозоғистондаги Россия ижарага олган Бойқўнғир космодромидан фазога кўтарилмоқда, 2019 йил, 25 сентябр. [Вячаслав Оселедко/AFP]

Россиянинг тўғридан-тўғри кўтарилувчи сунъий йўлдошларга қарши (DA-ASAT) ракетаси душанба куни Россиянинг «Космос 1408» сунъий йўлдошини портлатган, деб хабар беради АҚШ фазовий қўмондонлиги ўз баёнотида.

Seradata компаниясининг космик саноати таҳлилларига кўра, «Космос 1408» 1982 йилда ишлаб чиқарилган разведка сунъий йўлдоши бўлиб, бир неча йиллардан бери ишламай турган эди.

Синов ердан туриб фазодаги кемани портлатган тўртинчи зарба бўлди.

«Россия барча давлатлар учун фазонинг хавфсизлиги, барқарорлиги ва узоқ муддатли турғунлилигига нисбатан совуққонлигини қасддан намойиш этди», деб айтган АҚШ фазовий қўмондонлиги генерали Жеймс Дикинсон.

«Россиянинг DA-ASAT ракетаси пайдо қилган чиқиндилар келажакда бир неча йиллар фазодаги фаолиятга хавф туғдиришда давом этади, сунъий йўлдошлар ва фазовий миссияларга таҳдид солади, шунингдек, улар билан тўқнашиб кетмаслик учун маневрларни амалга оширишга мажбур қилади», деб айтган у.

«Фазовий амалиётлар ҳаёт тарзимиз асосидан жой олган ва бундай ҳаракатлар умуман масъулиятсиз ҳисобланади.»

Юзага келган муаммолар

ASAT саноқли давлатлар эга бўлган юқори технологияли ракета турларидир.

Россия режими ўтган йили 15 июл куни ASAT ракетасини фазога синов тариқасида учирганида хавотирга сабаб бўлган эди. Бу ҳаракат Қўшма Штатлар ва Буюк Британия томонидан қораланган.

Душанба кунги ҳолат тобора кучайиб бораётган фазовий қуролланиш пойгаси оид хавотирларни янада кучайтирган. Бунинг ичига бошқаларини орбитадан ташқарига чиқара оладиган сунъий йўлдошлардан тортиб то лазерли қуролларгача киради.

«Россия федерацияси ўйламай-нетмай тўғридан-тўғри кўтарилувчи сунъий йўлдошларга қарши ракетанинг ҳалокатли синовини ўтказди», деб айтган Блинкен.

«Хавфли ва масъулиятсиз синов» 1500 дан ортиқ кузатиладиган фазовий чиқинди бўлакларини ҳосил қилган ва юз минглаб кичик ҳажмдаги орбитал чиқиндини юзага келтирган бўлиши мумкин, деб айтган у.

Орбитал форпост ичидаги экипаж аъзолари – тўрт америкалик, бир немис ва икки рус фуқароси – уйғотилиб, улардан энг аввало станция люкларини ёпиш, сўнг улардан ортга қайтиш капсулаларида яшириниш сўралди.

Бу эвакуацияни ишга тушириши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларда бериладиган стандарт «бошпана» тревогаси тартибидир.

NASA маълумотларига кўра, улар «Dragon» ва «Союз» космик кемаларига етиб бориб, у ерда икки соатча бўлишган.

ХКС ҳар 90 дақиқада қолдиқлар булути ёнидан ёки унинг ичидан ўтишда давом этмоқда.

Бу борада кескин фикр билдирган Блинкен хавф тугамаганини, қолдиқлар сунъий йўлдошлар ва ХКСдаги ишларга хавф солишда давом этишини айтди.

«Масъулиятсиз хатти-ҳаракат»

NASA маъмури Билл Нелсон ўз баёнотида «ушбу масъулиятсиз ва барқарорликка путур етказувчи ҳаракатдан» ранжиганини айтди.

«Россия инсоннинг коинотга парвози билан боғлиқ узоқ ва қадимий тарихга эга бўла туриб, нафақат ХКСдаги америкалик ва халқаро астронавт-ҳамкорларни, балки ўз космонавтларини», шунингдек, хитойлик «тайконавтларни» ҳам хавф остига қўйишини тасаввур қилиш мушкул», деди у.

Гарвард астрофизики Жонатан Макдоуэлл шундай деди: «Коинот соҳаси мутахассисларининг фикрича, у ерда шундоқ ҳам чиқиндилар жўда кўп – уларнинг янада кўпайишига йўл қўйиб бўлмайди».

Вайроналар булутларининг илк жисмлари бир неча ой ичида атмосферага кира бошлайди, бироқ у тўлиқ тозаланиши учун 10 йилгача вақт керак бўлиши мумкин, деди у.

Бу «Ер яқинидаги қуйи орбита» деб номланувчи коинотнинг тобора зичлашиб бораётган ҳудудини хавф остига қўйиши мумкин.

АҚШ Фазовий қўмондонлиги ўзининг дастлабки ҳисоб-китобларида вайроналар орбитада «бир неча ва эҳтимол ўнлаб йиллар давомида қолиб, ХКСдаги экипаж ва инсоннинг коинотга парвози билан боғлиқ бошқа турдаги фаолиятлар, шунингдек, кўплаб мамлакатларнинг сунъий йўдошлари учун катта хавф туғдириши»ни айтган.

Фазовий қуролларнинг янги даври

Президент Владимир Путин бошчилигида халқаро таъсирини тиклашга интилаётган Россия фазовий салоҳиятини тобора кўпроқ кўз-кўз қилмоқда.

Ўтган йили Буюк Британия ва Қўшма Штатлар Россияни АҚШ сунъий йўлдошини кузатиб бориш учун очилиб, ичидан кичикроқ кема чиқарган «матрёшка» сунъий йўлдошини синовдан ўтказганликда айблаган эди.

АҚШ Фазовий қўмондонлиги вакили Дикинсон Россияни «АҚШ, унинг иттифоқчилари ва ҳамкорларининг фазога кириш ва ундан фойдаланишини фаол чекловчи воситаларни ишлаб чиқиш ва жойлаштиришда» айблади.

«Россиянинг тўғридан-тўғри ҳавога кўтариладиган сунъий йўлдошга қарши қуролларини синовдан ўтказиши – унинг стратегик барқарорликка путур етказувчи ва барча давлатлар учун хавф туғдирувчи аксилфазовий қурол тизимларини ишлаб чиқишда давом этаётганини кўрсатиб турибди», деди у.

Бу орада Хитой 2027 йилга келиб, 700 тагача жанговар ядровий каллакларни ўз ичига олувчи қурол-яроғ захирасини жадал кенгайтириш дастури доирасида космик кемаларни ушлашга қодир бўлган роботлаштирилган қўлли «Shijian-17» деб номланувчи қуролни ишлаб чиқмоқда.

«Хитой ҳам, Россия ҳам ўз ҳарбий салоҳиятини кучайтирмоқда», деди ўтган ҳафта АҚШ Миллий разведкаси директори Аврил Хайнс.

«Уларда турли сунъий йўлдошлардаги сенсорларни ишламайдиган қилиб қўйиш имконини берувчи йўналтирилган энергия қуроллари бор», деди у.

Ушбу тангликка қарамай, Қўшма Штатлар ва Россия совуқ уруш тугаганидан бери фазовий соҳада мустаҳкам алоқаларни сақлаб, ўзлари биргаликда қурган ХКС бўйича яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Россия – саботажчи.

Жавоб бериш