Карвонсарой
Хавфсизлик

Хитой ядровий захирасини жадаллик билан оширар экан, халқаро ҳамжамиятнинг хавотири кучаймоқда

Карвонсарой ва AFP

2019 йилнинг 1 октябр куни Пекинда Хитой Халқ Республикаси ташкил топганининг 70 йиллигига бағишланган парадда Хитойнинг жанговар ядровий каллакка эга DF-41 қитъалараро баллистик ракеталари намойиш этилган. [Грег Бейкер/AFP]

2019 йилнинг 1 октябр куни Пекинда Хитой Халқ Республикаси ташкил топганининг 70 йиллигига бағишланган парадда Хитойнинг жанговар ядровий каллакка эга DF-41 қитъалараро баллистик ракеталари намойиш этилган. [Грег Бейкер/AFP]

2027 йилга бориб, Хитой 700 та учириладиган жанговар ядровий каллакларга эга бўлиши, 2030 йилгача эса уларнинг сони 1000 тага етиши мумкин – бу рақам бир йил аввал Пентагон башорат қилганидан икки ярим марта кўпроқ, дейилади Пентагоннинг ўтган ҳафта эълон қилинган ҳисоботида.

Қўшма Штатлар Хитойни келажакда хавфсизликка оид асосий хавотир деб эълон қилди – ўзининг расмий режасига кўра, Пекин 2049 йилгача Халқ озодлик армиясини (ХОA) «жаҳон даражасидаги кучларга» айлантириш устида ишламоқда.

Ядровий салоҳиятга эга икки етакчи давлат – АҚШ ва Россия сингари, Хитой ҳам қуруқликдаги баллистик ракеталар, ҳаводан учириладиган ракеталар ва сувости кемалари орқали ядро қуролини нишонга етказишга қодир «ядровий триадани» барпо этмоқда, дейилади ҳисоботда.

Пентагоннинг Конгрессга тақдим этган Хитойнинг ҳарбий ишланмаларига оид йиллик ҳисоботида маълум қилинишича, Пекин шунингдек, «ядровий кучларининг ушбу йирик кенгайишини қўллаб-қувватлаш учун зарур бўлган инфратузилмани ҳам яратмоқда».

Суратда: 2019 йилнинг 1 октябр куни Пекинда Хитой Халқ Республикаси ташкил топганининг 70 йиллигига бағишланган ҳарбий парадда иштирок этаётган DF-31AG қитъалараро баллистик ракеталарини олиб кетаётган ҳарбий машиналар. [Грег Бейкер/AFP]

Суратда: 2019 йилнинг 1 октябр куни Пекинда Хитой Халқ Республикаси ташкил топганининг 70 йиллигига бағишланган ҳарбий парадда иштирок этаётган DF-31AG қитъалараро баллистик ракеталарини олиб кетаётган ҳарбий машиналар. [Грег Бейкер/AFP]

Аммо ҳисоботда «Хитой ядро қуролига эга душманга, биринчи навбатда, Қўшма Штатларга асоссиз атом зарбаси бериш имконига эмас, балки реал ядровий қасос таҳдидидан сақланиш учун бу каби ҳужумларнинг олдини олишга интилаётгани» таъкидланади.

Англашилмовчиликлар ва нотўғри ҳисоб-китоблар эҳтимоли

Бир йил аввал Пентагоннинг Хитойга оид ҳисоботида мамлакатда 200 га яқин нишонга етказиладиган жанговар каллаклар борлиги ва 2030 йилга келиб бу кўрсаткич икки баравар ошиши айтилган эди.

Cўнгги ойларда мустақил тадқиқотчилар Хитойнинг ғарбий қисмида ядровий ракеталар сақланадиган янги бункерларнинг сунъий йўлдошдан олинган фотосуратларини чоп этишган.

Бу ўзгаришлар Хитойнинг ўз қудратини глобал миқёсда ёйиш имкониятига эга бўлиш мақсадида ўз армиясини кенгайтириб, замонавийлаштириб бориши асносида кузатилмоқда.

Бундай рақиблик АҚШ-Хитой тўқнашуви, айниқса Вашингтоннинг фаол қўлловида бўлган, аммо Пекин ўз ҳудуди деб даъво қиладиган ва уни қачондир (керак бўлса, зўрлик билан) тортиб олиши мумкин бўлган Тайван борасидаги хавотирларни кучайтирган.

Сўнгги ҳисоботда айтилишича, 2027 йилга келиб, Хитой «Ҳинд-Тинч океани минтақасида АҚШ ҳарбийларига қарши туриш салоҳиятига эга бўлишни ва Тайван раҳбариятини Пекиннинг шартлари асосида музокаралар столига ўтказишни» мақсад қилган.

Ҳисоботда 2020 йил октябр ойида Пентагон расмийлари Пекиннинг АҚШ Жанубий Хитой денгизида Хитой билан можаро қўзғамоқчи эканига оид хавотирларини аритишга ёрдам бергани ҳақидаги сўнгги хабарлар ҳам тасдиқланган.

Пентагоннинг юқори мартабали амалдорлари хитойлик ҳамкасблар билан бевосита музокаларга киришгач, хавотирлар тарқаган.

«Бу воқеалар англашилмовчиликлар ва нотўғри ҳисоб-китоблар эҳтимоли борлигини ҳамда самарали ва ўз вақтидаги мулоқот муҳим эканини кўрсатди», дейилади ҳисоботда.

Унда шунингдек, Хитой Халқ озодлик армиясининг тиббий ва ҳарбий мақсадларда қўлланиши мумкин бўлган моддаларни биологик тадқиқ қилиш режалари савол остига олинган.

«ХХРнинг ҳарбий тиббиёт муассасаларида олиб борилган тадқиқотларда икки мақсадда қўлланилиши мумкин бўлган кучли таъсирга эга токсинларнинг турли тоифаларини аниқлаш, синовдан ўтказиш ва тавсифлаш муҳокама қилинган», дейилади ҳисоботда. Бу биологик ва кимёвий қуролларга оид халқаро шартномаларига риоя қилиш билан боғлиқ хавотирларни келтириб чиқаради.

Бу хавотирлар ХОАга алоқадор биологик тадқиқот лабораторияси жойлашган Хитойнинг Ухан шаҳрида COVID-19 вируси тарқалиши ортидан янада кучайган.

Танқидчилар Пекинни эпидемиянинг илк даврида унинг кўламини камайтириб кўрсатганликда айблаган бўлса, айрим назариётчилар орасида вирус Ухан вирусология институти (УВИ) лабораториясидан сизиб чиққан, деган тахминлар ҳам бор.

Бу орада мазкур лаборатория Хитой ҳарбийлари билан алоқадор бўлиши мумкинлиги ҳақида янги далиллар пайдо бўлган.

Минтақавий танглик

Бу орада, Тайванда юз бераётган воқеалар уларнинг минтақа бўйлаб оқибатларни тахмин қилаётган қўшни Марказий Осиёлик таҳлилчилар кузатувида бўлиб турибди.

«Агар Хитой Тайванни босиб олса, бу глобал хавфсизлик учун ўнгланмас оқибатларга олиб келиши мумкин», деб айтган Олмаотадаги фалсафа, сиёсатшунослик ва диншунослик институти катта тадқиқотчиси Талгат Исмагамбетов сентябр ойида.

«Бундай ҳолатда Пекин Тинч океанининг шарқий қисмида ҳеч қандай чекловлар ҳис қилмайди ва келажакда ҳудудий баҳсларни музокаралар орқали эмас, балки ўз даъволари ва тақдирини мустақил белгилаш ҳуқуқига таяниб, куч билан ҳал қилади.»

«Хитойнинг Япония, Жанубий Корея, Вьетнам, Малайзия ва Филиппин билан ҳудудий низолари мавжуд бўлиб, Пекин уларни ҳарбий йўл билан ҳал этишни истаб қолиши мумкин», дейди у.

«Қўшма Штатлар Осиё Тинч океани ҳудудида янги гегемон қудратга айланган Хитойни тийиб туриши лозим», деб қўшимча қилган Исмагамбетов.

Хитой глобал ҳукмронликка интилмоқда, деган эди халқаро масалалар ва низолар бўйича бишкеклик эксперт Эдил Осмонбетов сентябр ойидаги интервюсида.

«Дунёдаги иккинчи йирик иқтисодиётга эга Хитой энг улкан иқтисодга айланишни истаяпти», деди у. «Бу истак пандемия вақтида янада кучайди, чунки Хитой тиббий товарлар ва COVID-19 вакциналарини сотиш ортидан катта пул ишлаб олди.»

Осмонбетов Хитойнинг Тайванга тажовузини «ўз кучи ва салоҳияти синаш» деб атаган.

«Хитой қизил чизиқни босиб ўта оладими-йўқми, шуни билмоқчи», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Хавотирли

Жавоб бериш