Карвонсарой
Хавфсизлик

Россия Очиқ осмон келишувини бир неча бор бузиш билан унинг истиқболига соя солмоқда

Карвонсарой ва AFP

2020 йилнинг 9 май куни Иккинчи жаҳон урушида немис фашизми устидан қозонилган ғалабанинг 75 йиллигини нишонлаш чоғида Кремль ва Қизил майдон узра парвоз қилаётган Россиянинг Туполев Ту-95МС стратегик бомбардимончи самолётлари. [Юрий Кадобнов/AFP]

2020 йилнинг 9 май куни Иккинчи жаҳон урушида немис фашизми устидан қозонилган ғалабанинг 75 йиллигини нишонлаш чоғида Кремль ва Қизил майдон узра парвоз қилаётган Россиянинг Туполев Ту-95МС стратегик бомбардимончи самолётлари. [Юрий Кадобнов/AFP]

НАТО иттифоқчилари ва Европа Иттифоқи Россия режимини 1992 йилги Очиқ осмон тўғрисидаги шартномага риоя қилишга чақирмоқда. Вашингтон Кремль тарафидан кўп бор бузилган мазкур шартномадан чиқишини эълон қилган.

АҚШнинг келишувдан чиқиш қарори яқин олти ой ичида кучга кирмайди, бу Москвага ўзгариш учун вақт беради, деди НАТО бош котиби Йенс Столтенберг.

«Россия кўп йиллардан бери шартномага зид равишда, жумладан Калининград узра ва Грузия билан чегара ҳудудларида парвозларни чеклаб келган», деди у. 22 май куни.

Россия шартномага тўла амал қилишга қайтадиган бўлса, АҚШ келишувдан чиқиш масаласини қайта кўриб чиқиши мумкин.

Россия қуролланишга доир асосий халқаро битимни бузувчи ядровий ракетани учиришга қодир бўлган «Искандер-М» ракета мажмуасини Польша ва Литва ўртасидаги Россия ҳудудий форпости – Калининграддаги отрядга кўчирмоқда. [Россия Мудофаа вазирлиги]

Россия қуролланишга доир асосий халқаро битимни бузувчи ядровий ракетани учиришга қодир бўлган «Искандер-М» ракета мажмуасини Польша ва Литва ўртасидаги Россия ҳудудий форпости – Калининграддаги отрядга кўчирмоқда. [Россия Мудофаа вазирлиги]

«Шартнома ўз моҳиятига кўра уни имзолаган барча томонларга, уларнинг ҳажмидан қатъи назар, шаффофлик, ўзаро англашув ва ҳамкорликнинг юқори даражасини таъминлашга қаратилган эди», деди АҚШ давлат котиби Майк Помпео 21 май кунги баёнотида.

«Аммо, Россиянинг Очиқ осмон келишуви талабларини бажариши ва уни бузиши шартноманинг асосий функцияси бўлган ишончни мустаҳкамлаш тизимига путур етказди ва ишончсизлик пайдо қилиб, миллий хавфсизлигимизга таҳдидни кучайтирди – АҚШнинг ундаги иштироки мақсадга мувофиқ бўлмай қолди», деди у.

Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков эса бу иддаоларга енгилтаклик билан муносабат билдирган.

«(АҚШ президенти Дональд) Трамп маъмурияти қўққисдан Россияни Очиқ осмон келишувидан артиллерия ва ракета ҳужумлари учун фойдаланишда айблаган пайтда Москва кабинетлари ва штаблари кучли қаҳқаҳа янграмоқда», деди у 22 май куни Россия биринчи каналида.

Бироқ, Россиянинг мазкур келишувни бир неча бор бузгани эса асло ҳазил эмас.

Такрорий қоидабузарликлар

Совуқ уруш тугаши билан бир қатор давлатлар рақибларнинг жанговар ҳаракатларини кузатиб бориш ва кутилмаган нохуш ҳодисалар ёки асоссиз шубҳалардан қочиш мақсадида Очиқ осмон келишувини имзолашга келишган эдилар.

У 1992 йилда имзоланиб, 2002 йилда кучга кирган ва уни имзолаган 35 мамлакатга, жумладан АҚШ ва Россияга бир-бирларининг ҳудудлари бўйлаб қуролсиз кузатув парвозларини амалга оширишга рухсат берди.

«Қўшма Штатлар ўз иттифоқчилари ва шериклари билан шартнома бўйича мажбуриятларини бажариб келган бўлса, Россия йиллар давомида шартномани қўпол ва доимий тарзда турли йўллар билан бузиб келган», деди Помпео.

«Россия эса қуроллар назоратига оид кўплаб мажбуриятларини бир неча бор бузган», деди у Россиянинг «шартномани қўрқитиш ва таҳдид воситасига айлантириб олганини» таъкидлаб.

«Россия бу шартномадан ўз қўшниларига қарши тажовузини оқлашга қаратилган ташвиқотини қўллаб-қувватлаш учун фойдаланмоқда ва уни АҚШ ва бизнинг иттифоқдошларимизга қарши ҳарбий мақсадларда ҳам қўллаши мумкин», дейилади АҚШ Мудофаа вазирлигининг 21 май кунги баёнотида.

«2017 йилдан бери Америка Қўшма Штатлари Россияни Калининград вилояти орқали парвоз масофаларини 500 км гача чеклаш ва Грузия-Россия чегара ҳудудларидан 10 км масофада парвозлардан воз кечиш тўғрисидаги шартномани бузишда айблаган», дейилади баёнотда.

Россиянинг Грузия-Россия чегараси бўйлаб Очиқ осмон парвозларига рухсат беришдан бош тортиши – 2008 йилда Кремлнинг Абхазия ва Жанубий Осетия вилоятларини босиб олиши билан боғлиқ.

«Расмий Москва Россия томонидан босиб олинган Грузияга қарашли Абхазия ва Жанубий Осетия чегаралари бўйлаб 10 километр масофада кузатув парвозларига рухсат беришдан бош тортди ва бу билан Россия томонидан босиб олинган ҳудудлар мустақил давлатлардир, деган ёлғон даъволарни илгари суришга уринмоқда», дейилади Помпеонинг баёнотида.

«Яқиндагина, 2019 йил сентябр ойида Россия йирик ҳарбий машғулотлар чоғида парвозни рад этиш билан, шартномага кўра таъминланиши керак бўлган шаффофликка путур етказди ва шартномани бузди», деб қўшимча қилди Мудофаа вазирлиги ўз баёнотида.

АҚШнинг юқори мартабали ҳарбийлари ва разведка идоралари расмийлари Кремлнинг «Очиқ осмон» шартномасини суистеъмол қилаётгани ҳақида доимий равишда огоҳлантирмоқда. Бу ҳақда 21 май куни АҚШнинг қурол-яроғ назоратига доир сиёсатига раҳбарлик қилувчи Миллий хавфсизлик кенгашининг собиқ бош директори Тим Моррисон «New York Times» нашридаги мақоласида маълум қилган.

«Масалан, Мудофаа разведка бошқармаси раҳбари Россия ушбу шартномадан «муҳим инфратузилма, базалар, портлар ва бизнинг барча объектларимиз ҳақидаги мисли кўрилмаган разведка манбаларини» олиш учун фойдаланаётгани ҳақида Конгрессни огоҳлантирган», деб ёзади у.

«АҚШ стратегик қўмондонлиги қўмондонининг огоҳлантиришича, бу шартнома «Россиянинг АҚШга қаратилган разведка маълумотларини тўплашнинг муҳим таркибий қисмига айланган», дея қўшимча қилган Моррисон.

«Очиқ осмон» шартномаси очиқлик ва шаффофликни таъминлаши керак эди, деб ёзган у. «Ҳарбий разведка маълумотларининг фаол тўпланиши битимнинг мақсади бўлмаган.»

Битимларни бузиш тарихи

Бу Кремлнинг қуролларни назорат қилиш бўйича халқаро шартномадаги мажбуриятларини бузиши билан боғлиқ биринчи ҳолат эмас.

Ўтган йил октябрь ойида Россия президенти Владимир Путин мамлакат қуролли кучлари иштирокидаги ядровий уруш симуляцияси машқларида иштирок этган.

«Россия чегарасидаги кескинликнинг кучайиши» муносабати билан ўтказилган «Гром - 2019» (Яшин-2019) симуляция машқларида термоядровий ракеталар синовдан ўтказилган.

Хорижий давлатлар қуролли кучлари иштирокисиз ўтган ҳарбий ўйинлар Россия ва Қўшма Штатларнинг 1987 йилги Ўрта ва қисқа масофага учувчи ракеталарни йўқ қилиш бўйича (INF) шартномадан чиқиши ортидан ўтказилган. Бу шартнома 500 дан 5500 километргача учадиган ядровий ва анъанавий ракеталардан фойдаланишни чеклайди.

Aвгуст ойида Қўшма Штатлар Россия узоқ йиллар давомида унинг шартларини бузиб келганини таъкидлаб, ушбу тарихий битимни расман тарк этган.

«Шартнома амал қилишдан тўхтаганига Россиянинг якка ўзи жавобгар», деб баёнот берди НАТО Москвани ўрта масофага учувчи оддий ва ядровий ракеталардан фойдаланишни чеклайдиган ҳужжатнинг бузилишида айблаб.

INF битими Россия ва Қўшма Штатлар ўртасида қуролланишга оид иккита энг муҳим шартномадан биридир. Иккинчи муҳим ҳужжат – Стратегик ҳужум қуролларини қисқартиришга оид янги шартнома (янги START) ҳисобланади ва у икки мамлакатнинг ядровий қуроллари захирасини совуқ уруш даврига оид чекловдан қуйида ушлаб туради.

Аммо, бу битим ҳам 2021 йилда тугайди ва уни узайтириш учун томонларда сиёсий хоҳиш-ирода етарли эмасга ўхшайди.

Ўтган йилги ракеталар синови, INF битимининг ўз ниҳоясига етиши ва «Очиқ осмон» шартномасининг ҳам барбод бўлаётгани – ўзини тинчликпарвар мамлакат деб таъкидлашига қарамай, Москванинг ҳеч қандай далилсиз «енгилмас» деб мақтаган бир қатор қуролларини агрессив тарзда синовдан ўтказаётган пайтга тўғри келмоқда.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Шунинг учун ҳам Россияга бир-иккита яхшигина санкцияларни ёпиштириш керак

Жавоб бериш