Карвонсарой
Таълим

Қозоғистонда «Экстремизмга қарши биргаликда» танлови ўтказилмоқда

Айдар Ашимов

22 ноябр куни маҳаллий интернет-кафеда ўтириб маълумот излаётган таразликлар. [Айдар Ашимов]

22 ноябр куни маҳаллий интернет-кафеда ўтириб маълумот излаётган таразликлар. [Айдар Ашимов]

НУР-СУЛТОН – Нур-Султон шаҳар прокуратураси томонидан ёшлар ўртасида экстремизм ва терроризмга қарши курашишга бағишланган танлов эълон қилинди.

12 ноябрда бошланган ва 5 декабргача давом этадиган лойиҳанинг асосий мақсади Қозоғистонда аҳолининг экстремизм ва терроризмга қарши огоҳлигини ҳамда ҳуқуқий ва диний саводхонлик даражасини оширишдир, деб хабар беради Нур-Султон шаҳар ҳокимлигининг матбуот хизмати.

Танлов уч йўналишда ўтказилмоқда: «Энг яхши қисқа метражли видео», «Энг яхши коллаж/плакат» ва «Энг яхши лойиҳа».

Танловга тақдим этилган видеолавҳалар, суратлар ва ёзма материаллар ўсмирлар орасида экстремизмнинг олдини олиш ҳамда ватанпарварлик ва ташқи дунёга нисбатан бағрикенгликни тарбиялашга қаратилган бўлиши лозим.

Миллий хавфсизлик қўмитаси (КНБ) аскари Кўкчатовдаги аксилтеррор машқлари чоғида, 24 октябр. [Қозоғистон МХҚ]

Миллий хавфсизлик қўмитаси (КНБ) аскари Кўкчатовдаги аксилтеррор машқлари чоғида, 24 октябр. [Қозоғистон МХҚ]

Қозоғистон ички ишлар вазирлигининг (ИИВ) гаровга олинган ҳолатда нима қилиш кераклиги тушунтирилган плакати давлат муассасаларига жойлаштирилмоқда. [Қозоғистон ИИВ]

Қозоғистон ички ишлар вазирлигининг (ИИВ) гаровга олинган ҳолатда нима қилиш кераклиги тушунтирилган плакати давлат муассасаларига жойлаштирилмоқда. [Қозоғистон ИИВ]

Танлов якунлари 14 декабр куни эълон қилинади. Ғолибларга 150000 дан 1 миллион тенгагача (350-2300 АҚШ доллари) пул мукофотлари берилади.

«Танлов учун дўстларим билан қисқа видеолавҳа суратга олишга қарор қилдик, унда бир қиз интернет орқали йигит билан танишади», деди Нур-султонлик 25 яшар Ойбек Ибраев. «Йигит унга Ислом ҳақида сўзлайди, лекин қарашлари экстремистик бўлган бу йигит террорчиларни ўзига пир қилиб олган бўлади».

Воқеа яхшилик билан якун топади, деди у. Оиласи ва дўстлари қизга экстремизм ва терроризмни қўллайдиган бегона одамга ишонмаслик кераклигини тушунтирадилар.

Карантин вақтида экстремизм профилактикаси

COVID-19 пандемияси сабабли оммавий тадбирлар тақиқланган бир пайтда бунга ўхшаш танловлар Қозоғистоннинг кўплаб минтақаларида ўтказилмоқда.

Жорий йилда Қарағанда вилояти Дин ишлари бошқармаси экстремизм ва терроризмга оид журналистик мақолалар ҳамда ижтимоий тармоқларда чоп этилган материаллар танловини ўтказди.

Павлодар динлараро муносабатларни таҳлил қилиш ва ривожлантириш маркази (ДМТРМ) мунтазам равишда турли ходимлар ва диний мутахассислар учун танловлар, очиқ осмон остидаги тадбирлар ва онлайн семинарлар ўтказиб келмоқда.

ДМТРМ директори Гулназ Раздикова экстремизмнинг олдини олишга қаратилган бундай тадбирларнинг муҳимлигини алоҳида таъкидлади.

«Бузғунчи ташкилотлар сафига одам ёллаш бугунги куннинг долзарб муаммоси бўлиб қолмоқда», деди у. «Пандемия туфайли интернет фойдаланувчилари сони янада кўпайди, ёлловчилар ҳам мудраб ётгани йўқ».

«Шу боис ҳам экстремистик мафкурага қарши курашда маданий-маърифий ва огоҳликни оширувчи усулларни қўллаш муҳим.»

Марказ дин соҳасидаги қонунлар, экстремизм ва терроризм тушунчаларини ҳамда уларнинг жамият учун хавфлилигини тушунтириш билан шуғулланади, шунингдек, диний бағрикенглик ва тоқатлилик каби ижтимоий қадриятларни тарғиб қилади, деди у.

«Бу йили «уюшмаган аудитория» деб номланувчи одамлар гуруҳи билан тушунтириш ишлари олиб боришга асосий эътибор қаратилди», дейди Раздикова. «Булар ўз-ўзини иш билан банд қилганлар, ишсизлар, таксичилар ва бозордаги сотувчилар.»

«Карантин чекловлари сабаб кўп одамларни бир жойга тўплаш имконсиз», дейди туркистонлик диний мутахассис Нурбек Мухаметов. «Шу сабабли экстремизмнинг олдини олиш мақсадида биз кўча-куйда рисолалар тарқатяпмиз ва ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари ўртасида турли танловлар ўтказяпмиз.»

Мухаметов мамлакатнинг экстремизмга қарши олиб борилаётган саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.

«Эндиликда бундай танловлар нафақат нодавлат ташкилотлар, балки давлат идоралари томонидан ҳам ўтказилмоқда», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500