НУР-СУЛТОН – Қозоғистон ҳукумати экстремизмга қарши янги чоралар доирасида радикаллашган фуқаролар учун реабилитация марказлари ташкил этишга нодавлат ташкилотларни ҳам жалб қилмоқда.
Келаси уч йил ичида «мамлакат бўйлаб тушунтириш, реабилитация ва дерадикализация ишларига оид ягона ёндашувларни жорий қилиш учун» 750 млн. тенге (1,8 млн. АҚШ доллари) ажратилади. Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш марказининг 17 май кунги баёнотида шу ҳақда сўз юритилган.
Ушбу марказ Қозоғистон Ахборот ва ижтимоий тараққиёт вазирлигининг грантларини тақсимловчи давлат муассаси бўлиб, экстремизмнинг олдини олишга оид чораларни амалга ошириш учун нодавлат ташкилотлар орасида грант танловини ўтказмоқда.
«Танловдан кўзланган мақсад – фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва долзарб ижтимоий муаммоларни ҳал қилишда фуқаролик жамияти институтларининг салоҳиятидан фойдаланиш, шунингдек бузғунчи ва радикал диний мафкура тарафдорлари сонини камайтиришдир», дейилади марказ хабарида.
Хабарларга кўра, нодавлат ташкилотлар бузғунчи ва радикал ғоялар тарафдорлари билан тушунтириш, реабилитация ва дерадикализация ишларини олиб бориш учун Қозоғистоннинг барча ҳудудларида марказлар ташкил этиши кутилмоқда.
Аризалар сешанба (27 май) кунига қадар қабул қилинади, лойиҳалар эса 2022 йилгача амалга оширилиши лозим, деб қўшимча қилди у.
Муҳим ёрдам
Фуқаролик жамияти экстремизмга қарши курашда муҳим рол ўйнайди, дейди Чимкент шаҳридаги «Олтин қарлигаш» (Олтин қалдирғоч) нодавлат ташкилоти раиси Лейла Байманова.
«Радикаллашув муаммоси давлат ва фуқаролик жамиятининг ҳамкорликдаги чораларини тақозо қилади», деди у. «Давлат, асосан ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари орқали ўз функциясини амалга оширади, нодавлат ташкилотлар эса ўз тажрибалари ва диний мутахассислар ёрдамига таяниб, тушунтириш ишлари олиб борадилар».
Туркистон вилоятидан келган диний мутахассис Нурбек Муҳаметов ҳам Байманова билан ҳамфикр.
«Нодавлат ташкилотлар радикализмнинг олдини олишга салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда. Улар халқаро ташкилотлар ва ҳукуматнинг кўмаги билан бутун Қозоғистон бўйлаб ўз ташаббусларини амалга оширмоқдалар», деди у.
Уч йилга мўлжалланган лойиҳа «мамлакат барқарорлиги ва хавфсизлигига салмоқли ҳисса» қўшади, деди у.
Нодавлат ташкилотлар ҳукумат ташаббусига тайёрланар экан, диний мутахассислар мамлакатда коронавирус туфайли жорий қилинган карантин даврида экстремизмга қарши тренинглар ўтказиб, онлайн маърузалар ўқимоқда.
16 мартдан 15 майга қадар Қозоғистонда фавқулодда ҳолат режими амалда бўлди. Карантин чекловлари, жумладан жамоавий тадбирларга нисбатан тақиқ ҳали ҳам ўз кучини йўқотмаган.
Май ойида Шарқий Қозоғистон вилоятидаги маҳбуслар учун онлайн маърузалар ташкил этилди. Уларда экстремизмнинг келиб чиқиш сабаблари ва хавфлари, шунингдек Қуръоннинг тўғри тушуниш хусусида сўз борди.
Апрель ойида бузғунчи диний оқимлар издошларининг реабилитацияси билан шуғулланувчи қозоғистонлик 40 нафар диний мутахассис ва психолог учун вебинар ташкил этилди. Бу ҳақда Павлодар вилояти динлараро муносабатларни таҳлил қилиш ва ривожлантириш маркази хабар берган.
«Бутун дунё уйга қамалиб, одамлар бутунлай ижтимоий тармоқлар таъсирига тушиб қолган пандемия вақтида диний экстремизм мавзуси ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ», дейилади марказ баёнотида.