Карвонсарой
Терроризм

Қозоғистонда радикаллашувга қарши кураш соҳасида грант танлови эълон қилинди

Айдар Ашимов

«Ёшларнинг бузғунчи оқимлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш» мавзусида маъруза тинглаётган талабалар, 7 ноябр, Павлодар. [Павлодар вилояти Динлараро муносабатларни таҳлил қилиш ва ривожлантириш маркази].

«Ёшларнинг бузғунчи оқимлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш» мавзусида маъруза тинглаётган талабалар, 7 ноябр, Павлодар. [Павлодар вилояти Динлараро муносабатларни таҳлил қилиш ва ривожлантириш маркази].

НУР-СУЛТОН – Қозоғистон ҳукумати мамлакатда 1000 нафар маърузачини тайёрлаш учун грант танловини эълон қилиш билан радикализмга қарши кураш ва диний саводхонликни оширишга маҳаллий нодавлат ташкилотларни (ННТ) жалб қилмоқчи.

Давлат бу йўналишдаги тарғибот гуруҳларини ўқитиш ва қайта тайёрлаш учун 29,2 млн. тенге (77 минг АҚШ доллари) ажратди, дейилади грантларни тақсимловчи давлат муассасаси бўлган Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш марказининг 8 январ кунги хабарида.

Марказ Ижтимоий тараққиёт вазирлиги билан биргаликда ННТ танловига ҳомийлик қилади.

Аризалар чоршанба (22 январ) кунига қадар қабул қилинади. Мамлакатнинг барча ҳудудларини қамраб олувчи бу лойиҳалар 2020 йилнинг март-ноябр ойларида амалга оширилади.

Танловдан кўзланган мақсад – фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва фуқаролик жамияти институтларини радикаллашув каби долзарб муаммоларни ҳал қилишга жалб этиш, дейилади хабарда.

Маблағ «аҳоли орасида мақсадли гуруҳлар билан ишлашда тарғибот гуруҳлари аъзоларининг ваколатлари ва салоҳиятини оширадиган ҳамда профилактика ишларида инновацион ёндашувларни қўллайдиган» лойиҳаларга йўналтирилади.

Нодавлат ташкилотлар ўз лойиҳалари доирасида маърузачиларни ўқитиш ва мақсадли гуруҳлар билан профилактика ишларини олиб боришда инновацион усуллар баён қилинган маърузалар тўпламлари ва методик қўлланмаларни тайёрлайдилар.

«Салмоқли тажриба»

Қозоғистон Аксилтеррор маркази маълумотларига кўра, 2019 йилда мамлакатда кенг миқёсли ва мақсадли ахборот-ташвиқот тадбирларига 2,5 миллиондан ортиқ фуқаро жалб қилинган.

«Қозоғистонда мустақиллик йилларида нодавлат ташкилотлар пайдо бўлиб, ўз мавқеини мустаҳкамлади ва улар ҳозир катта тажрибага эга», дейди «Олтин Карлигаш» (Олтин қалдирғоч) нодавлат нотижорат ташкилоти раиси, чимкентлик Лейла Байманова.

«Ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, тренинглар ўтказиш, методик материалларни тайёрлаш ва турли мақсадли гуруҳлар билан ишлаш – буларнинг бари энг фаол нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан юқори даражада амалга оширилмоқда», деди Байманова.

Шу боис ҳам, давлат ННТнинг жанговар экстремизмнинг олдини олиш ва диний саводхонликни оширишдек мураккаб соҳада самарали ишлай олишига ишонади, деди у.

«Ушбу фаолиятга имкон қадар кўпроқ жамоатчилик бирлашмалари ва фаол фуқароларни жалб қилиш ва бу лойиҳаларни молиялаштириш учун янада кўпроқ маблағ ажратиш зарур», деди янги ташаббусда иштирок этишни режалаштираётган Байманова.

Диний саводхонликни ошириш

Павлодар вилояти Динлараро муносабатларни таҳлил қилиш ва ривожлантириш маркази директори Гулназ Раздикова экстремизм ва терроризмнинг олдини олиш билан шуғулланувчи кўплаб жамоатчилик гуруҳлари билан иш олиб бораётганини айтди.

Турли нодавлат нотижорат ташкилотлари ахборот-ташвиқот фаолиятининг турли соҳаларида иш олиб бормоқда, деди у.

«Уларнинг айримлари фақат бузғунчи оқимлар аъзоларини тўғри йўлга қайтариш билан шуғулланса, бошқалари бутун мамлакат бўйлаб тарғибот ишларини олиб борадиган йирик жамоатчилик бирлашмаларидир», деди у.

У Уст-Каменогорскда давлат буюртмаси асосида фаолият олиб бораётган «Парасат» консалтинг компаниясини мисол қилиб келтирди.

«Мен бузғунчи оқимлар бўйича маърузачи ва эксперт сифатида бу ташкилотга жалб қилиндим», деди Раздикова. «2018 йилдан бери ахборот-тушунтириш гуруҳлари аъзолари учун маҳорат дарсларини ўтказиб келяпман. Бундай тадбирларни Қизилўрда, Чимкент, Ақтўбе, Қарағанда, Кўкчатов, Павлодар ва бошқа шаҳарларда ўтказдим.»

ННТлар «тарғибот гуруҳлари аъзоларининг диний билимлари ва диний саводхонлигини оширишга» катта ҳисса қўшмоқда, деди у.

«ННТлар давлат буюртмаларини олиб, бу ишга мутахассислар ҳамжамияти, илмий ресурслар ва жамоатчилик фикри етакчиларини жалб қилиш имкониятига эга», деди Раздикова.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500