Карвонсарой
Терроризм

Қозоғистонда экстремизмнинг олдини олиш бўйича онлайн стратегия жорий этилмоқда

Ксения Бондал

Интернет орқали маълумот қидираётган қозоғистонлик эркак. [Айдар Ашимов]

Интернет орқали маълумот қидираётган қозоғистонлик эркак. [Айдар Ашимов]

ОЛМАОТА – Қозоғистонлик имомлар, диншунос олимлар ва психологлар экстремизм тарқалишининг олдини олиш мақсадида онлайн тарзда фаолият олиб боришга ўтмоқдалар.

Жорий йилнинг охирига келиб, Нур-Султон шаҳрининг дин ва психология бўйича мутахассислари икки форматда – ҳам онлайн, ҳам офлайн тартибда ишлашни бошлайди. Нур-Султоннинг дин ишлари бўйича шаҳар бошқармаси ва диний муаммоларни ўрганиш маркази томонидан шундай қарор қабул қилинди.

Нур-Султон шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматининг 19 август кунги баёнотига кўра, 17 августдан бошлаб аҳоли орасидаги ахборот-тушунтириш ишлари янги форматда олиб борилади.

«Булар «Elorda_cipr» Инстаграм саҳифасидаги ҳар куни жонли эфир орқали ўқиладиган онлайн маърузалар, шунингдек пойтахтдаги ташкилот ва корхоналарда бевосита мутахассислар иштирокида ўтказиладиган юзма-юз суҳбатлардир», дейилади матбуот хизмати хабарида.

«Барча форматларда [маърузачилар томонидан] тингловчиларни қизиқтирган саволларга жавобан тўлиқ маълумот берилади», дейилади хабарда.

Мутахассислар 17 августдан бери Нур-Султондаги бир қатор бозорлар ва савдо марказларининг сотувчилари ва ходимлари билан учрашувлар ўтказмоқда.

Улар динга оид қонунлар, бузғунчи оқимларнинг хавфи ва жангариликка ёлловчилардан ҳимояланиш йўллари тўғрисида маълумот беришган.

Бу каби учрашувларни ўтказиш санитар-эпидемиологик вазиятни инобатга олган ҳолда йил охиригача давом этиши кўзда тутилган.

Онлайн манбалар билан экстремизмга қарши кураш

«Ҳозирда, карантин сабабли, кўпчилик бўлиб йиғилиш мумкин эмас», дейди экстремизмнинг олдини олиш бўйича олмаоталик мутахассис Асилбек Избаиров коронавирус пандемиясини назарда тутиб.

Интернет орқали фаолият «бошқа шаҳарда аудитория билан ишлаш учун вақт сарфлаб қаергадир боришга ҳожат йўқ» дегани, дейди Избаиров. «Муҳокама ёки маъруза учун аудитория тўплашга офис қидириш керак бўлмайди.»

Аммо, масофадан туриб ишлаш – тингловчиларни ҳис қилиб бўлмагани сабабли юзма-юз учрашувдек бўлмайди, деди у.

«Тингловчиларнинг маърузангизга қизиқиши сўниб бораётганини кўрсангиз, дарҳол чорасини кўриб, назоратни ўз қўлингизга олишингиз мумкин», деди Избаиров юзма-юз учрашувларни назарда тутиб.

«Жарроҳ онлайн алоқа ёрдамида хавфли ўсимтани олиб ташлай олмагани каби, радикал ғоялар билан оғир касалланган одамга тўлиқ ёрдам беришнинг имкони йўқ», деб қўшимча қилди у.

Масофадан туриб ишлаш ҳатто радикаллашган одамлар учун ҳам фойдали бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди Олмаотадаги Ал-Фаробий номли Қозоғистон миллий университетининг диншунослик кафедраси докторанти Ерлан Досмагамбетов.

Радикаллашган фуқаролар билан олиб бориладиган ишлар самарали бўлиши учун диний мутахассис ёки диншунос билан улар ўртасида мулоқот йўлга қўйилган бўлиши керак, деди у.

«Адашганларни тўғри йўлга қайтариш нозик ва машаққатли ишдир, шу боис реабилитация қилинаётган шахс билан психологик алоқа ўрнатилиши зарур», - дейди у.

Досмагамбетов «реабилитация қилинганлар орасида, телефон суҳбати чоғида ўзининг собиқ маслакдошига «бизни тинглаб кўришни» маслаҳат берганлар бўлганини айтди.

Терроризмга оид жиноятларда айбланганлар

Йил бошидан бери Қозоғистон судлари 32 нафар судланувчини терроризм билан боғлиқ жиноятларда айбдор деб топди. Бу ҳақда 20 август куни Америка ҳуқуқшунослар уюшмасининг Қонун устуворлиги ташаббуси (ABA ROLI) билан ҳамкорликда ўтказилган онлайн анжуман чоғида Қозоғистон Олий суди судьяси Ерден Арипов маълум қилган.

«Илгари терроризмга қарши кураш бўйича глобал рейтингда мамлакатимиз ўртача хавф кўрсаткичига эга эди, эндиликда эса Қозоғистон терроризм таҳдиди сезиларсиз бўлган мамлакатлар қаторига кирган», деди Арипов учрашувда.

Судланган 32 нафар шахс икки йилдан 12 йилгача бўлган жазо муддатларини олган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500