Карвонсарой
Терроризм

Қозоғистонда уруш ҳудудларидан қайтган болаларни реабилитация қилишни кўзда тутувчи қонун кучга кирди

Ксения Бондаль

Суриядан Қозоғистонга қайтган болалар Манғистов вилоятидаги реабилитация марказида ўйнамоқда. КНБ видеолавҳасидан олинган санасиз сурат.

Суриядан Қозоғистонга қайтган болалар Манғистов вилоятидаги реабилитация марказида ўйнамоқда. КНБ видеолавҳасидан олинган санасиз сурат.

ОЛМАОТА – Қозоғистон Яқин Шарқдаги уруш ҳудудларидан қайтган болалар учун ижтимоий реабилитацияни кафолатловчи қонунни қабул қилди.

Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев «Қозоғистон Республикасининг оналик ва болаликни ҳимоя қилиш тўғрисидаги айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунни имзолади, деб хабар беради NewTimes.kz 14 май куни.

Сўнгги йилларда 524 қозоғистонлик, асосан Сурия ва Ироқдаги жанговар ҳудудлардан ватанига қайтди. Бундан ташқари, «Ислом давлати» (ИД) коалиция кучлари тарафидан мағлуб этилганидан сўнг, Қозоғистонга 357 нафар ёш бола ҳам қайтарилган. Қайтганларнинг кўпчилиги Ироқ ва Сурияга радикаллашган оталари ва турмуш ўртоқлари томонидан олиб кетилган аёллар ва болалардир. Тирик қолган эркаклар ё қамоқда, ё ҳукумат томонидан таъқиб қилинмоқда.

Янги қонунга мувофиқ, Таълим ва фан вазирлиги бундай болаларнинг ижтимоий реабилитациясини амалга оширади ва қандай ижтимоий чоралар кўришни белгилайди.

Энг муҳими, бу болалар янги шароитларга кўникишлари керак, дейди Нур-Султондаги геосиёсат тадқиқоти институти раҳбари Асилбек Избаиров.

«Бола 7-8 яшар бўлган ҳолатда уларга «радикал» ёки «жиҳодчи» деган лақаблар қўйилмаслигига аҳамият бериш керак», деди Избаиров.

«Ижтимоий соҳа вакиллари ва мактаб психологлари буни назорат қилиши лозим», деди у. Болаларда «чуқур психологик муаммолар йўқ ва улар, айниқса амалий нуқтаи назардан ўқитувчилар ва болалар билан ижтимоий мулоқот ўрнатишни ўрганиши керак.»

Мактаб психологи ва ижтимоий соҳа вакили болаларга низоли вазиятда қандай йўл тутиш кераклигини ўргатиши мумкин, деди у. Аммо 12 ва ундан катта ўспиринларда бошқа ўзига хосликлар мавжуд.

Улар бузғунчи мафкурага қарши тура олиш ва дин ҳақида асосий тушунчаларга эга бўлиш учун ваколатли диний мутахассис билан учрашиши керак, деди Избаиров.

Болалар ҳимоясида оналарга ёрдам бериш

«Руҳий ёрдам билан бир қаторда болаларнинг оналарига моддий ёрдам ҳам берилиши керак», деди Избаиров. «Улар (оналар) нормал ҳаётга қайтарилиши керак, акс ҳолда, аҳолининг руҳий ва иқтисодий заиф қатламига мансуб бўлгани учун улар яна радикал кучлар таъсирига тушишлари мумкин.»

Қозоғистонда аёлларни тадбиркорликка ўқитиш ва кичик тикув фабрикалари каби аёллар эгалик қилувчи кичик бизнес корхоналари яратиш борасида кўплаб давлат дастурлари бор, деди у.

Избаировнинг сўзларига кўра, аёлларни дерадикализация қилишнинг яна бир йўли – уларнинг вақтини шунга ўхшаш корхоналар ташкил этишга йўналтириш ва келажакда уларнинг жавобгарлигини оширишдир.

Аёлларнинг тўғри иш билан банд бўлиши жуда муҳим, чунки болалар оналари орқали реабилитация қилинади, уларнинг таъсири психолог ёки диний мутахассисларнинг таъсиридан анча кучли, деди у.

«Бундай оналар учун айрим ижтимоий имтиёзларга келсак, агар бу аёллар мавжуд талабларга жавоб берса – улар кўп болали ёки аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига мансуб бўлса, уларга ёрдам ажратилади», деди у.

Болалар учун энг яхши реабилитация – бу уларнинг нормал ҳаётга қайтиши ва катталар томонидан уларга яхши муносабат кўрсатилишидир, дейди Олмаотадаги Ал-Фаробий Қозоғистон миллий университетининг диншунослик йўналиши аспиранти Ерлан Досмагамбетов.

«Фикримча, улар билан чуқур психологик иш олиб бориш шарт эмас», деди у. «Улар – болалар, ўзгаришларни тез ва яхши қабул қилишади. Реабилитациянинг алоҳида воситаларига келсак, агар болалар етим бўлмаса, уларнинг ота-оналари билан ишлаган маъқул.»

Қайтиб келган аёлларга «давлат уларни уруш ҳудудларидан болалари билан бирга қайтариб олиб келганининг ўзи ижобий таъсир кўрсатган», деди Досмагамбетов.

«Уч йил аввал радикализация кучайган даврда «Акниет» реабилитация марказида ишлаган вақтимда уларга дарс ўтувчи тикувчилик устахонаси очган эдик», деди у. «Бундай қилиш орқали биз улар билан алоқа ўрнатдик. Уларни камида икки ёки уч йил давомида қўллаб-қувватлашимиз керак, урушдан кейин қайта тикланиш осон эмас.»

Аёллар билан ишлайдиганлар бир нарсани унутмасликлари керак, деди у.

«Тажрибамда террорчилик фаолияти учун қамоққа олинган эркаклар аёлларига мутахассислар билан гаплашишни тақиқлаб қўйган ҳолатлар ҳам бўлди», деб қўшимча қилди у.

«Натижада улардан айримлари психолог ва диний мутахассислар билан гаплашишдан бош тортган», деди Досмагамбетов.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Тилга олинган мамлакатларда 6-14 ёшдаги болалар ўртасидаги дўстона муносабатлар, Қозоғистонда ўнлаб йиллар давомида шаклланганидан бутунлай фарқ қилади. Реабилитация даврида, биргаликдаги таълим, спорт, меҳнат ва ўйин жараёнларида ўғил ва қиз болаларни аралаштирмаслик керак. 15 ёшдан юқорилар эса, мураббийларидан кўра кўпроқ тажрибага эга одамлардир.

Жавоб бериш