Карвонсарой
Дипломатия

Қирғизистон АҚШнинг янги қароридан мамнун

Канат Алтинбаев

Бишкекдаги 2-давлат хизматлари марказида биометрик паспорт олган аёл, 2020 йил, 25 февраль. [Қирғизистон ҳукумати]

Бишкекдаги 2-давлат хизматлари марказида биометрик паспорт олган аёл, 2020 йил, 25 февраль. [Қирғизистон ҳукумати]

БИШКЕК – Қирғизистон расмийлари ва фуқаролари АҚШ ҳукуматининг Қирғизистонга нисбатан янги иммиграция қарорини олқишламоқда.

20 январ куни АҚШ президенти Жо Байден Қирғизистон фуқароларига иммиграцион ва Diversity Immigrant Visas («Грин карта лотереяси») дастури бўйича виза беришни деярли бир йил тўхтатиб қўйганидан кейин қайта тиклади, деб хабар берди Бишкекдаги АҚШ элчихонаси.

Қирғизистон биометрик паспортлар жорий қилмагани, ноқонуний миграция ва Қирғизистонда паспортлар қалбакилаштирилиши сабабли бу рўйхатга киритилган бўлиши мумкин, дейди таҳлилчилар.

«Ўтган 12 ой ичида саёҳат хавфсизлиги билан боғлиқ муҳим ўзгаришлар жорий қилинганини юқори баҳолаймиз», дейилади элчихона хабарида. «Қирғизистонда биометрик идентификация чипларига эга электрон паспортлар ишлаб чиқилган ва ҳозирликнинг якуний босқичида.»

Шу билан бирга, элчихона Қирғизистоннинг INTERPOL билан ҳамкорлигини, жумладан жиноятчилик ва терроризмга оид маълумотларнинг алмашинувини ҳам юқори бахолади.

«Қирғизистоннинг янги электрон паспортлари ва ҳуқуқ-тартибот органларининг ўзаро ҳамкорлиги барчамизнинг хавфсизлигимизни янада мустаҳкамлайди» , дейилади хабарда.

«Қўшма Штатлар қирғиз халқининг хавфсизлиги, суверенитети ва фаровонлигини яхшилашда ўзаро муносабатларни кучайтиришга содиқ қолади», дейилади баёнотда.

Қарор олқишланди

Сиёсатнинг ўзгариши фонида Қирғиз расмийлари ва сиёсатчилари Қирғизистон ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорлик ва ўзаро муносабатлар истиқболига умид қилаётганликларини таъкидлаганлар.

21 январ куни Қирғизистон ташқи ишлар вазири Байденнинг Қирғизистон фуқароларига нисбатан жорий қилинган чекловларни бекор қилганини юқори баҳолади ва ҳукумат идораларининг бу мақсадга эришиш йўлида барча зарурий чораларни кўрганини, хусусан биометрик паспорт ишлаб чиқилганини таъкидлаган.

«Қирғизистон томони Америка Қўшма Штатлари президентининг гиёҳванд моддалар савдоси ва уюшган жиноятчиликни енгиш, коронавирус инфекциясига қарши кураш чораларини кучайтириш ва умуминсоний қадриятларни тарғиб қилиш каби масалалар бўйича кўп томонлама платформаларда ҳамкорликни фаоллаштириш тўғрисидаги қарорини олқишлайди», дейилган инглиз тилидаги баёнотда.

Қирғизистон фуқаролик жамияти Қўшма Штатларга кириш чекловлари бекор қилинганини некбинлик билан қабул қилди, дейди «Ислоҳот» сиёсий партияси фаоли, бишкеклик Осмон Кангелдиев.

«Биз тез орада Қирғизистон-АҚШ муносабатларида ижобий ўзгаришлар юз беришини ва мамлакатларимиз ўртасида кўплаб соҳаларда ҳамкорлик мустаҳкамланишини кутмоқдамиз», деди у.

«Умуман олганда, президент Байдендан умидимиз катта, ўйлаймизки, у мамлакатимизга нисбатан дўстона сиёсат юритади.»

Миннатдорчилик ва енгиллик

Ижтимоий тармоқлардаги фикр-мулоҳазаларга қараганда, оддий фуқаролар ҳам АҚШ ҳукуматининг қароридан мамнун.

«АҚШнинг янги президенти Жо Байден Қирғизистонга нисбатан виза чекловларини бекор қилди! Биз энди «қора рўйхатда» эмасмиз!» деб ёзган Facebook саҳифасида Elgezit.kg нашри бош муҳаррири Семетей Аманбеков ўз қувончини смайликлар билан ифодалаб.

Қирғизистон президентининг собиқ матбуот котиби ва мамлакатнинг Қўшма Штатлардаги собиқ элчиси Қодир Токтогулов ўз Твиттерида миннатдорчилигини билдириб, инглиз тилида «Thank you @potus @JoeBiden» деб ёзган.

«Кўплаб одамлар учун улкан енгиллик», деб ёзган Токтогуловга жавобан Массачусетс технологик институти битирувчиси, ҳозирда Австриянинг Вена шаҳрида яшовчи ўшлик Медер Камалов ўз твиттерида.

Қирғизистон ҳукуматининг 2018 йилги маълумотларига кўра, АҚШда 15 мингга яқин Қирғизистон фуқароси қонуний асосда истиқомат қилади.

«Қирғизлар кўпинча бу ерга таълим дастурлари бўйича келиб, олий ўқув юртларига ўқишга киришади», дейди АҚШ фуқароси билан турмуш қурган, Филадельфияда яшовчи Гулмира Ўрозова. «Қирғизистондаги кўплаб университет талабалари жуда яхши ўқиб, йирик корпорацияларга ишга жойлашадилар.»

Масалан, бишкеклик дастурчи Тилек Мамутов ўн йилдан ортиқ вақт давомида Google корпорациясида ишлаган ва Google Translate хизматига қирғиз тилини киритишга кўмаклашган, деди Ўрозова.

«Бу ердаги кўплаб қирғизлар гид, таржимон, официант, юк машинаси ҳайдовчиси бўлиб ишлайдилар», деди у. «Улар яхши пул топишади ва ватандаги қариндошларига моддий ёрдам беришади».

Қирғизистон ҳукуматининг сўнгги статистик маълумотларига кўра, 2016 йилда Қўшма Штатлардан Қирғизистонга юборилган пул ўтказмалари ҳажми 38 миллион доллардан зиёдни (3,2 миллиард қирғиз сўми) ва 2017 йилнинг 11 ойида деярли 22 миллион долларни (1,9 миллиард қирғиз сўми) ташкил этган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 7

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

АҚШ тамом бўлган Россияга ўхшамайди.

Жавоб бериш

Кўриб турибман, Қозоғистон ва Россиядан тўда-тўда одамлар ҳожатхона тозалашга кетишяпти. Бу мамлакатлар фуқаролари Ғарб давлатларида кўчмас мулк сотиб олишмоқда. Аммо бизнинг Буюк мигрантлар давлатимизга баъзи «мамлакатлар»дан ... Нимасига ҳаcад қилиш мумкин? Қаролликками. Ўз ватани, насл-насаби, аждодлари ҳақида ўйлаш керак одам...

Жавоб бериш

Ватан ҳақида ўйлаб, қорин ғамини ҳам ейиш керак, шу сабабли пул ишлаш учун чет элга чиқишга мажбур бўлишмоқда

Жавоб бериш

АҚШ – энг қудратли давлат.

Жавоб бериш

Нимага хурсанд бўляпсиз? Фуқароларингиз АҚШга ҳожатхона тозалаш учун боришигами? Ёшларнинг мамлакатни тарк этишигами? Ўз мамлакатингиз ривожи учун ишлай олмайсиз, лекин бегона юртда қул бўлишга тайёрсиз. Мигрантлар оилаларига пул юбориб турса бўлди сизга. Бойларингизни эса олинган фоизлардан ёғ босса..

Жавоб бериш

Қайси гап тегиб кетди сенга? Ёки ҳасад қиляпсанми? Ҳожатхона тозалаётганда шам ушлаб турганмидинг? Ҳар қандай мамлакатни фуқаролар тарк этади, шу жумладан, айниқса Ўзбекистонни ва Россияни ҳам )

Жавоб бериш

Россиядан миллионлаб руслар қочяпти. НАТО мамлакатларига бориб ҳожатхона тозалашяпти, нолиётганлари йўқ.

Жавоб бериш