Карвонсарой
Хавфсизлик

Сурия ва Россия АҚШ ва унинг Ат-Танф иттифоқчиларига қарши туҳмат кампаниясини авж олдирмоқда

Волид Абул Хайр

«Ал-Руқбан» жамлоғи яқинида қўриқчилик қилаётган «Жайш Мағавир ас-Савра» аъзолари. [«Жайш Мағавир ас-Савра» /Twitter]

«Ал-Руқбан» жамлоғи яқинида қўриқчилик қилаётган «Жайш Мағавир ас-Савра» аъзолари. [«Жайш Мағавир ас-Савра» /Twitter]

Сурия режими ва унинг иттифоқчилари бир неча йилдан бери «дўстона» оммавий ахборот воситалари орқали туҳмат кампаниясини олиб бормоқда. Бу кампания мақсади – АҚШнинг Сурия жанубидаги уч мамлакат билан чегарадош ҳудудда жойлашган Танф базасидаги ҳозирлигига оид воқеликни бузиб кўрсатиш.

Бу кампания ўз армиясини самарали назорат қилаётган Сурия ва Россия режимлари, шунингдек, уларнинг иттифоқчиси – минтақадаги жангариларни назорат қиладиган ва у ерда жанг майдонларини излаётган Эроннинг ҳатти-ҳаракатлари ва режаларини тарғиб қилиш ва оқлашга қаратилган.

Бу иш Иордания билан чегарадаги саҳрода жойлашган «Ал-Руқбан» норасмий жамлоғи ва унинг яқинида жойлашган Танф гарнизонидаги халқаро коалиция ва иттифоқчиларининг ҳаракатлари ва мақсадлари тўғрисида ёлғон маълумот тарқатиш орқали амалга оширилмоқда.

Ал-Танф ҳарбий базаси халқаро коалиция таркибида «Ислом давлати»нинг (ИД) қайта тикланишига йўл қўймаслик учун унга қарши курашиб келаётган АҚШ томонидан ташкил этилган 55 км радиусли низодан холи ҳудуднинг марказида жойлашган.

15 март кунги норозилик чоғида «Ал-Руқбан» жамлоғининг Сурия режими ва Россия томонидан қамал қилинганини қораловчи плакат кўтариб турган болакай. [«Жайш Мағавир ас-Савра» /Twitter]

15 март кунги норозилик чоғида «Ал-Руқбан» жамлоғининг Сурия режими ва Россия томонидан қамал қилинганини қораловчи плакат кўтариб турган болакай. [«Жайш Мағавир ас-Савра» /Twitter]

АҚШ кучлари назоратида жанговар тайёргарликдан ўтаётган «Жайш Мағавир ас-Савра» аскарлари. [«Жайш Мағавир ас-Савра» /Twitter]

АҚШ кучлари назоратида жанговар тайёргарликдан ўтаётган «Жайш Мағавир ас-Савра» аскарлари. [«Жайш Мағавир ас-Савра» /Twitter]

«ИД» қақшатқич ҳарбий мағлубиятга учраганига қарамай, низодан холи ҳудуд атрофидаги чўлда аввалгидек фаол ҳаракат қилмоқда. Сўнгги вақтларда шаҳар атрофида Сурия режими ва Россия аскарларига қарши ҳужумлар содир этилган.

Россия ва Эрон гўёки ИДга қарши кураш баҳонасида бу ҳудуддаги ҳарбий ҳозирлигини сақлаб қолган бўлса-да, аслида ўзи ва Сурия режимининг режаларини амалга ошириш билан банд.

Ушбу амбициялар ҳудуддаги ҳақиқий вазиятни бузиб кўрсатишга ва Қўшма Штатларни ёмонотлиқ қилишга қаратилган дезинформация кампаниясини келтириб чиқарди.

Давом этаётган туҳмат кампанияси

Сурия ҳукуматини қўллаб-қувватловчи оммавий ахборот воситаларида чоп этилган хабарларда «Ал-Руқбан» жамлоғидагилар у ерда мажбуран ушлаб турилгани ва АҚШ жамлоқдаги оғир шароитлар учун жавобгар эканлиги таъкидланади. Бу иддаолар ҳақиқатдан йироқ.

Ун тақчиллиги сабаб жамлоқда нон етишмаяпти. Маҳаллий фаоллар ва ҳуқуқ ҳимоячилари бунда Сурия режимини айбламоқда.

«Ал-Руқбан жамлоғида аҳвол оғир, чунки таъминот йўлларини Сурия режими ва Россия назорат қилмоқда», деди «Ал-Руқбан» жамлоғи ходимларидан бири Тариқ ан-Нуайми.

«Россия ва Сурия режимлари буни тинч аҳолини Руқбан лагеридан чиқишга мажбурлаш учун «босим воситаси» сифатида ишлатмоқда», деди у. «Ҳолбуки, тинч аҳоли Сурия режими назоратидаги ҳудудларга қайтишдан кўра, шу ерда қолиб, оғир шароитларда яшашни афзал кўрмоқда.»

Жамлоқда яшаётганларнинг аксарияти Сурия режими ва унинг иттифоқчилари томонидан назорат қилинаётган ҳудудлар аҳолиси ҳисобланади, деб тушунтирди ал-Нуайми.

Ушбу ҳудуд аҳолисининг эркаклари Сурия армиясига чақириқ сабабидан «қаттиқ босим» остида қолмоқдалар, деди у. Айнан шу сабабли ҳам улар «Ал-Руқбан» жамлоғида қолишни маъқул кўрганлар.

«Ар-Руқбондаги тинч фуқаролар Сурия ва Россия кучлари томонидан уюштирилган тизимли очарчиликдан азият чекмоқда», дейилади Суриянинг Адолат ва ҳисобдорлик марказининг 25 июн кунги ҳисоботида.

Мақсад – «тинч аҳолини Сурия ҳукумати назорати остидаги ҳудудларга қайтишга мажбурлаш», дейилади хабарда.

ИД кириб келишининг олдини олиш

Халқаро коалиция қўлловидаги Суриянинг «Жайш Мағавир ас-Савра» мухолиф гуруҳи жанговар операцияларни давом эттириб, ушбу ҳудудда тайёргарликдан ўтмоқда, деди гуруҳ аъзоси Нассиф ал-Холидий.

Гуруҳнинг мақсади – ҳудудга ИД унсурлари кириб келишининг олдини олиш, деди у.

Унинг таъкидлашича, ҳудуд атрофидаги саҳрода фаол ҳаракат қилаётган Сурия режими, Россия ва Эрон қўлловидаги кучлар Сурия, Ироқ ва Иордания билан чегарадош Дамашқ-Бағдод йўлида ўз ҳарбий ҳозирлигини кучайтиришга уринмоқда.

Ҳудуддаги мавқени мустаҳкамлашга қаратилган бу уринишлар «Сурия режимига қарашли ОАВнинг халқаро коалиция, АҚШ ва «Жайш Мағавир ас-Савра»га қарши тизимли қоралаш кампанияси» билан бирга олиб борилмоқда.

Сурия режимига алоқадор турли ахборот манбалари низодан холи ҳудудда «террорчилар» тайёргарликдан ўтаётгани ва жанг қилиш учун бошқа жойларга олиб кетилиши ҳақидаги миш-мишларни тарқатмоқда, деди у «бу хабарларнинг мутлақо ёлғон ва бемаъни» эканлигини таъкидлаб.

«Ал-Танф» ҳарбий базасида машғулотлар олиб борилаётгани тўғри, лекин улар «Жайш Мағавир ас-Савра» учун ташкил этилган бўлиб, гуруҳнинг янги аъзолари ва фахрийларининг жанговар қобилиятини оширишга қаратилган, деди у.

«Россия ва Эрон қандай йўл билан бўлмасин, ҳудудни назорат қилишни ва АҚШ кучларини қувиб чиқаришни истайдилар, ваҳоланки, АҚШнинг ҳозирлиги ва «Ал-Танф» ҳарбий базаси мавжуд бўлмаганида, бу ҳудуд ИДдан озод қилинмаган бўларди», деди ал-Холидий.

Минглаб тинч аҳоли «Сурия режими ва иттифоқчиларининг зулми ва шафқатсизлигидан қочиб», ўзи учун хавфсиз бошпана изламаганида, «Ал-Руқбан» ҳам жамлоғи бўлмас эди, деб таъкидлади у.

Сурия, Россия ва Эрон режимлари – «терроризмнинг асосий манбалари»

«Ал-Руқбан»да яшаётган Рахиф ал-Холидийнинг айтишича, у ва жамлоқдагиларнинг бари оғир шароитларга қарамай, вазиятга якуний ечим топилмагунича ўша ерда қолишни афзал кўришади.

«Жамлоқдаги мавжуд хавфсизлик омили ҳаммамиз учун муҳим», деди у. «Бу омил АҚШнинг жамлоқ яқинидаги Танф базаси ва АҚШ қўлловидаги «Жайш Мағавир ас-Савра»сиз мавжуд бўлмас эди.»

Бу кучлар «ҳудуд хавфсизлини таъминлаш, фуқароларни ҳимоя қилиш ва фуқароларга яқинлашга ҳаракат қилаётган ИД, Сурия режими ёки бошқа жангариларни қайтариш» устида ишлаб келган, дейди у.

«Жамлоқ ва база ҳақидаги миш-мишлар, айниқса террорчиларни тайёрлаш ҳақидаги гапларга ишониб бўлмайди», дейди у.

Ал-Руқбан аҳолиси бу дезинформация кампаниясининг нафақат Ал-Танф гарнизонида жойлашган кучлар, балки «Жайш Мағавир ас-Савра» аъзолари ва ал-Руқбандагиларни ҳам ёмонотлиқ қилаётганини кўрмоқдалар, деб қўшимча қилди у.

«Инқироз бошланганидан бери ўн минглаб сурияликларнинг ўлими ва жароҳатланишига масъул бўлган» Россия, Эрон ва Сурия режимининг ўзи ҳамда унинг иттифоқчи жангарилари «терроризмнинг» асосий манбалари бўлиб қолмоқда, деб таъкидлади у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Пентагоннинг бу ахлоқсиз хизматчилари ўзлари фитна тарқатишади, шубҳасиз ҳамманинг жонига тегди булар!!!

Жавоб бериш