Карвонсарой
Иқтисодиёт

Тожик тадбиркорлари агробизнес лойиҳалари ортидан даромадини оширишга муваффақ бўлмоқда

Неъматулло Мирсаидов

2019 йил, 2 июн кунги сурат: Шарофат Абдуллоева, ўрик қуритиш жараёни. [USAID]

2019 йил, 2 июн кунги сурат: Шарофат Абдуллоева, ўрик қуритиш жараёни. [USAID]

ХАТЛОН ВИЛОЯТИ – Тожикистондаги мева-сабзавот етиштирувчилар, хусусан аёллар АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигининг (USAID) Тожикистонда агробизнес рақобатбардошлигини оширишга оид саъй-ҳаракатлари ижобий самара бераётганига гувоҳ бўлмоқдалар.

Дастур Тожикистонда агробизнесдаги бандлик имкониятлари ва даромадларни ошириш ҳамда сут ва боғдорчилик тармоқлари рақобатбардошлигини кучайтиришга мўлжалланган.

Беш йилга мўлжалланган 18,6 миллион долларлик дастур 2018 йилда ишга туширилган эди.

USAIDнинг март ойидаги маълумотларига кўра, дастлабки икки йилда ташкилот томонидан Хатлон вилоятининг 14 туманида 2139 та иш ўрни яратилди.

Жомий туманида истиқомат қилувчи USAID лойиҳаси иштирокчиси Азизамоҳ Маҳмадиеванинг (ўртада) қуритилган хурмолари, 2019 йил, 20 ноябр. [Хосият Комилованинг шахсий архиви]

Жомий туманида истиқомат қилувчи USAID лойиҳаси иштирокчиси Азизамоҳ Маҳмадиеванинг (ўртада) қуритилган хурмолари, 2019 йил, 20 ноябр. [Хосият Комилованинг шахсий архиви]

27 май кунги бу фотосуратда Ёвон шаҳрида ёш тадбиркор Ражабали Ражабов томонидан ташкил этилган «Тичорати Сорбон» корхонасидаги йогурт тайёрлаш жараёни акс этган. [Неъматулло Мирсаидов/Карвонсарой]

27 май кунги бу фотосуратда Ёвон шаҳрида ёш тадбиркор Ражабали Ражабов томонидан ташкил этилган «Тичорати Сорбон» корхонасидаги йогурт тайёрлаш жараёни акс этган. [Неъматулло Мирсаидов/Карвонсарой]

Ишга қабул қилинганларнинг учдан икки қисми (67%) – бунгача уй бекаси ёки ишсиз бўлган аёллар.

Бохтар: юксак мақсадлар

Бохтар шаҳридаги мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайдиган Шарофат Абдуллоева дастурдан фойда олаётганлардан биридир.

Абдуллоева акасининг ортидан Россияга иш излаб кетмай, Тожикистонда қолди ва ҳозирда 0,6 гектар майдонда ўрик, гилос, олча ва бошқа мевали дарахтлар боғини ўз ичига олган «Азизамох» деҳқон хўжалигини бошқармоқда.

Жанубдаги Хатлон вилояти деҳқонлари мева қуритиш оммалашмаган, Абдуллоева эса Тожикистон шимолида ўриклар махсус технология ёрдамида қуритилиши ва яхши пулга сотилишидан хабардор эди.

USAID тренингларида қатнашган Абдуллоева 2019 йил июлда бир гуруҳ хатлонлик аёллар билан Суғд вилоятида қолди.

Улар Исфара вилоятидаги бир қанча кичик фермер хўжаликларида бўлиб, ўрикларни териш, қуритиш, саралаш ва қадоқлаш жараёни билан танишдилар. Абдуллоева ўшанда ўз корхонасини яратишга қарор қилди.

USAID унинг лойиҳасини маъқуллади ва мева қуритиш машинасини сотиб олиш учун 16000 АҚШ доллари (188500 сомоний) грант ажратди. У ўз жамғармаларини хўжалик ҳудудидаги бўш турган бинолардан бирини капитал таъмирлашга сарфлади ва у ерда қуритиш жиҳозини ўрнатди.

Лойиҳа доирасида ускуналар сотиб олиш учун грант тақдим этишдан ташқари, унга маслаҳатлар ҳам берилади. Абдуллоева бизнесни ривожлантиришнинг кейинги босқичларини босиб ўтишига қараб, имтиёзли кредитлар ҳам олиши мумкин.

«USAID ишимни осонлаштирибгина қолмай, балки катта ҳажмларда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконини ҳам берди», дейди у. «Дастлабки икки йил мен учун қийин кечади, лекин барча харажатлар осонлик билан қопланишига ишончим комил.»

Янги ускуна Абдуллоевага саккиз соатда 300 килограммгача мева ва битта мавсумда 10-12 тонна ўрик қуритиш имконини беради.

Мева теришдан тортиб қуритишгача бўлган ишлаб чиқариш занжирини йўлга қўйган Абдуллоева 50 кишини, асосан, уй бекаларини иш билан таъминлади. У келажакда қуритилган гилос ва помидор ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб, қадоқлаш корхонасини ишга туширмоқчи.

«Мен ишлаб чиқармоқчи бўлган барча маҳсулотларга ҳозирданоқ Душанбе ва Бохтар супермаркетларидан буюртмалар бор», дейди Абдуллоева. «Ишлаб чиқаришни кенгайтириш асносида маҳсулотимни экспорт қилишни ҳам мўлжаллаяпман».

Сердаромад тажриба

Жомий туманида яшовчи, 20 кишилик оилага эга Азизамоҳ Маҳмадиева ҳам USAID дастурининг бенефициарларидан бири ҳисобланади.

У USAID тренингларида қатнашиб, Тожикистон шимолидаги мутахассислардан қуритиш технологияларидан фойдаланиш бўйича маслаҳатлар олди.

Маҳмадиева Тожикистон жанубида мўл-кўл етиштириладиган хурмоларга ўз эътиборини қаратди.

«Ўтган йили ўғилларим билан тажриба ўтказишга қарор қилдик. Мавсумнинг авж палласида уч тонна хурмонинг бир килосини 1 сомонийдан (0,90 АҚШ доллари) сотиб олдик, сўнг ёз ва куз ойларида тик қуёш нуридан сақлайдиган иссиқхоналарда уларни қуритиб олдик», деди у.

«Биз ранги тамоман фарқли бўлган бир тонна қуритилган мева тайёрлаб, Сўғд вилояти тадбиркорларига сотдик», деди у.

USAID уйнинг ўзидан маҳсулотларнинг бир килосини 20 сомонийдан (1,76 АҚШ доллари) сотиб оладиган мижозлар топиб берди, кўрилган фойда 17 минг сомонийни (1527 АҚШ доллари) ташкил қилди.

USAID меваларни кесиш, қуритиш ва қадоқлаш учун ускуна тақдим этгач, Маҳмадиева ўз бизнесини октябрда кенгайтиришни режалаштирмоқда.

«Хурмони қуритиш фаолиятини бошласак, нафақат бизнинг оила, балки маҳаллий аҳолидан яна 20 киши доимий иш билан таъминланади», дейди у.

Турмуш даражасини ошириш

Бу аёллар тажрибаси USAIDнинг Тожикистонда маҳсулот рақобатбардошлигини ошириш мақсадига эришаётгани кўрсатиб турибди. Бу эса маҳсулот ишлаб чиқарувчи фермерлар, қайта ишловчилар ва бошқаларга барқарор даромад олиш ва ўз оилалари турмуш даражасини ошириш имконини беради.

«Мақсадимиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини диверсификация қилиш, ишлаб чиқарувчилар ва агробизнесни янги бозор томон йўналтириш, ҳамкорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалигидаги тизимли ислоҳотларни кучайтиришнинг мавжуд манбаларидан фойдаланишга ёрдам бериш», дейди Тожикистонда USAIDнинг агробизнесдаги рақобатбардошликни ошириш бўйича дастури раҳбарининг ўринбосари Нозим Нарзуллоев.

«АҚШ ҳукумати ёрдамида маҳаллий фермер хўжаликлари ва қайта ишлаш корхоналари озиқ-овқат хавфсизлиги дастурларида қатнашиш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришига илғор тажриба ва янги технологияларни жорий этиш, кичик ва ўрта бизнес фаолияти, фаолиятлари халқаро стандартларга мос корхона ва фирмалар тармоғини такомиллаштириш ва кенгайтиришни режалаштирмоқдамиз», дейди у.

Тожикистоннинг қишлоқ хўжалиги сектори мамлакат ЯИМнинг 22,6 фоизини ташкил қилади, аммо қишлоқ хўжалигининг иқтисодиётдаги улушини ошириш салоҳияти катта, дейди маҳаллий таҳлилчилар.

«Бунга эришиш учун қишлоқларда кичик ишлаб чиқариш қувватлари тармоқларини кенгайтириш, қишлоқ хўжалигида янги технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқариш турларини кўпайтириш, рақобатбардош маҳсулотлар яратиш ва уларни нархлари юқори бозорларда сотиш керак», дейди агробизнесдаги рақобатбардошликни ошириш бўйича USAIDнинг Хатлондаги дастурида фаолият олиб борувчи қишлоқ хўжалиги соҳаси бўйича халқаро маслаҳатчи Сабоҳатилло Музаффаров.

«Хатлон вилоятида етиштирилган сабзавотлар ва меваларнинг кўплаб турлари Тожикистон бренди остида хорижий бозорларда сотилмоқда», деди у. «Чунки маҳсулот етиштирувчи, қайта ишлаб чиқарувчи ва ташувчиларнинг аксариятига тадбиркорлик кўникмалари етишмайди ва бундан бошқа одамлар фойда кўради.»

Янги имкониятлар

Бу муаммони ҳал қилиш учун USAIDнинг Тожикистонда агробизнесдаги рақобатбардошликни ошириш бўйича дастури қишлоқ-хўжалик соҳасидаги 9500 дан ортиқ ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчилар учун тренинглар ўтказди.

«Кўплаб тадбиркорлар грант ва имтиёзли кредитлар олиш имкониятига эга бўлди», дейди лойиҳанинг амалга оширилишини назорат қилувчи Хосият Комилова. «Муҳими, келажакда ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчиларга тренинг ўтадиган маҳаллий ишчилар орасида етакчи мутахассислар шаклланди.»

USAID ва бошқа халқаро ташкилотлар қишлоқ хўжалиги соҳасидаги кўплаб ишлаб чиқарувчиларга халқаро ахборот учрашувлари, форумлар, кўргазмалар ва ярмаркаларда иштирок этишга кўмаклашган.

Шунчаки мева-сабзавот етиштириш ва сақлаш бўйича янги технологиялар билан таништириш ўрнига, USAID уларга Тожикистондан ва хориждан маҳсулот етказиб бериш бўйича потенциал ҳамкорлар излаб топишга ёрдам беради.

«Янги имкониятлар ишлаб чиқарувчиларни бозор талабларини ҳисобга олган ҳолда маҳсулотлар ва ишлаб чиқариш турларини кенгайтириш йўлларини излашга ундайди», дейди Комилова.

«USAIDга топширилган қизиқарли ва реал ғоялар учун грантлар тақдим этилади, бу эса охир-оқибат иқтисодий ўсишга ҳам ҳисса қўшади», деб қўшимча қилди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500