Карвонсарой
Бизнес

Тожикистонда хорижий инвестицияларни жалб этишга қаратилган ислоҳотлар олиб борилмоқда

Неъматулло Мирсаидов

Душанбедан 100 км шимоли-шарқда, Вахш дарёсида жойлашган Роғун ГЭС тўғони, 2018 йилда олинган сурат. Гидроэнергетика – Тожикистонда халқаро тараққиётнинг асосий йўналиши сифатида белгиланган. [AFP]

Душанбедан 100 км шимоли-шарқда, Вахш дарёсида жойлашган Роғун ГЭС тўғони, 2018 йилда олинган сурат. Гидроэнергетика – Тожикистонда халқаро тараққиётнинг асосий йўналиши сифатида белгиланган. [AFP]

ДУШАНБЕ – Тожикистон ҳукумати тоғ-кон саноати, геологик қидирув, нефт ва газ қазиб олиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш каби турли соҳаларга инвестиция жалб қилиш мақсадида АҚШ ишбилармон доиралари билан фаол иш олиб бормоқда.

Тожикистон ва АҚШ ўртасидаги тўғридан-тўғри савдо ҳажми бир қадар чекланган бўлса-да, АҚШнинг Душанбедаги элчихонаси маълумотларига кўра, муҳим ишбилармонлик алоқалари мавжуд.

«Биз Тожикистондаги имкониятлар борасида Америка компаниялари билан маслаҳатлашишда давом этяпмиз», деди АҚШнинг Тожикистондаги элчиси Жон Марк Поммершайм. «Марказий Осиё давлатлари ўртасида интеграция кучайиб боргани сари бу бозор халқаро инвесторлар, жумладан америкаликлар учун ҳам тобора жозибадор бўлиб бориши кутилмоқда.»

«АҚШ ва халқаро корпорациялар ўз инвестициялари қонун устуворлиги билан ҳимоя қилинадиган тенг шароитлар кафолатига эга бўлишни истайдилар», деди у ва элчихона «инвестиция муҳитини яхшилаш йўлида Тожикистон ҳукумати билан яқиндан ҳамкорлик қилаётганини» таъкидлади.

Хўжанддан 40 км узоқликда жойлашган Адрасман қайта ишлаш комбинати, 2012 йилги сурат. Совет Иттифоқи даврида гуллаб-яшнаган корхона кейинчалик деярли 10 йил давомида ишламай турди. [Неъматулло Мирсаидов/Карвонсарой]

Хўжанддан 40 км узоқликда жойлашган Адрасман қайта ишлаш комбинати, 2012 йилги сурат. Совет Иттифоқи даврида гуллаб-яшнаган корхона кейинчалик деярли 10 йил давомида ишламай турди. [Неъматулло Мирсаидов/Карвонсарой]

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги вакиллари 12 ноябр куни Тоғли Бадахшоннинг Мурғоб туманида 220 кВт қувватга эга янги қуёш электростанциясининг очилиш маросимида иштирок этдилар. Бу Тожикистондаги энг йирик ва дунёдаги энг баланд қуёш электр станцияси бўлади. [АҚШнинг Тожикистондаги элчихонаси]

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги вакиллари 12 ноябр куни Тоғли Бадахшоннинг Мурғоб туманида 220 кВт қувватга эга янги қуёш электростанциясининг очилиш маросимида иштирок этдилар. Бу Тожикистондаги энг йирик ва дунёдаги энг баланд қуёш электр станцияси бўлади. [АҚШнинг Тожикистондаги элчихонаси]

Туризм, гидроэнергия ва энергетика соҳаси – ҳамкорликнинг асосий йўналишларидир, деди Поммершайм.

«Ҳукуматимиз Марказий Осиё - Жанубий Осиё электр узатиш ва савдо лойиҳаси [CASA-1000], шунингдек, Марказий Осиё минтақавий электр энергияси бозори ёрдамида Тожикистондан қўшни мамлакатларга электр энергияси экспортини оширишга интилмоқда, деди у минтақа мамлакатлари АҚШ кўмагида ривожлантираётган лойиҳани назарда тутиб.

«Бундан ташқари, GE [General Electric] ҳам миллий, ҳам минтақавий энергетик лойиҳалар устида ишламоқда ва биз АҚШ компаниялари учун кўпроқ имкониятлар пайдо бўлишига умид қиламиз», деди у.

Инвестиция муҳитини яхшилаш

Тожикистон ҳукумати инвестиция муҳитини яхшилаш ва иқтисодий ислоҳотларни жадаллаштириш бўйича изчил иш олиб бормоқда, деди 5 феврал куни бош вазирнинг биринчи ўринбосари Давлатали Саид АҚШ-Тожикистон ишбилармонлар кенгаши вакиллари иштирокида ўтган онлайн анжуман чоғида.

«Биз АҚШ инвестицияларини жалб қилиш ва улар учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича амалий чоралар кўришга тайёрмиз», деди у.

Конференция иштирокчилари тоғ-кон саноати, пахта, мева-сабзавотларни қайта ишлаш, туризм соҳасига оид бир қатор истиқболли лойиҳаларнинг тақдимотлари билан танишдилар, деб хабар беради Инвестициялар ва давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси.

Саноат ва янги технологиялар вазири Шерали Кабир 15 феврал куни бўлиб ўтган матбуот анжумани чоғида Тожикистоннинг АҚШ ва Европа компаниялари билан ҳамкорлигини янада фаоллаштириш режалари ҳақида сўзлаб берди.

«Ҳеч бир мамлакат йирик инвестицияларсиз жадал иқтисодий ривожланишни таъминлай олмайди», деди у.

«Олдимизда саноатлаштириш соҳасини жадаллаштириш вазифаси турибди, бу инвестициясиз амалга ошмайдиган жараён. Шундай бўлса-да, биз доимий равишда инвестиция муҳитини яхшилашимиз ва иқтисодиётни янада ислоҳ қилишимиз керак.»

Тожикистон 2013 йилда Қазилмалар соҳасидаги шаффофлик ташаббусига (EITI) аъзо бўлган, бу «инвесторларнинг мамлакатга нисбатан ишончини оширади», деди Кабир.

Ослода жойлашган EITI нефть, газ ва минерал ресурсларнинг самарали бошқаруви бўйича жаҳон стандарти ҳисобланади.

«Биз мамлакатда фаолият олиб бораётган компаниялардан бухгалтерлик ҳисобининг халқаро стандартларига ўтишни ва тўлиқ шаффофликни таъминлашни сўрадик», деди у. «Шунингдек, республикадаги бизнес субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятини халқаро стандартларга мослаштириш чоралари кўрилмоқда».

Унинг изоҳлашича, кўриб чиқилаётган ислоҳотлардан бири – халқаро аудитни жорий қилиш масаласидир.

Ишлаб чиқарувчиларни янада кўпроқ рағбатлантиришни кўзда тутувчи солиқ кодекси лойиҳаси ҳам муҳокама қилинмоқда, деб қўшимча қилди у.

Кабирнинг айтишича, ислоҳотлар ва бизнес учун қулай солиқ тартибини яратиш бўйича муҳокамада тадбиркорларнинг ўзи ҳам қатнашиши мумкин.

«Инвестор топиш ва инвестицияни жалб қилиш осон иш эмас», деди у. «Хорижлик тадбиркорлар билан учрашувларимиз бу жараённинг бир қисмидир.»

Қўшимча ислоҳотлар ва шаффофлик зарур

Тожикистон бизнес муҳитини яхшилаш, лицензия олиш ва экспорт-импорт амалиётларини бажаришда солиқлар ва рухсатномалар сонини қисқартирган бўлса-да, қўшимча ислоҳотлар зарур, дейди таҳлилчилар.

Яъни, солиқ ставкалари нисбатан баланд, коррупция даражаси юқори ҳамда инвесторлар ва ишлаб чиқарувчилар учун берилган имтиёзлар етарли эмас.

АҚШ давлат департаментининг 2020 йил учун Тожикистондаги инвестиция муҳитига оид маърузаси ҳам айни муаммони ёритган.

«Бюрократик ва молиявий тўсиқлар, кенг кўламли коррупция, деярли фаолият юритмайдиган банк сектори, шаффоф бўлмаган солиқ тизими ва саноқсиз текширувлар инвесторларга тўсқинлик қилади», дейилади баёнотда.

Тожикистондаги кўпчилик тадбиркорлар ва таҳлилчилар ҳам шундай фикрда.

«Инвестиция учун қулай шароитлар яратиш учун энг аввало коррупцияни йўқ қилиш ва мақбул солиқ тизимини яратиш керак», дейди Душанбеда яшовчи тожикистонлик иқтисодчи Ҳожимуҳаммад Умаров.

«Инвестор ҳеч ким унинг ишига сабабсиз аралашмаслигига ва бюрократик тўсиқлар яратмаслигига, қисқа муддат ичида ўз харажатларини қоплашига ҳамда даромад қила олишига амин бўлиши керак», деди у. «Акс ҳолда, мамлакатга жиддий бизнесменлар келмайди.»

Шуни айтиш жоизки, Тожикистон тўғри йўналишда, аммо жараён секин кечмоқда, деди у.

«Коррупцияни бир ёки икки йилда йўқ қилиб бўлмайди, аммо тадбиркорликка тўсқинлик қилаётганларга ва коррупционер расмийларга қарши бирдек қатъий қонунлар қабул қилиниши керак», дейди Умаров. «Асосийси, даромадни яширмай, шаффоф ишлаши учун тадбиркорларга солиқ имтиёзлари берилиши лозим.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

БУ ТОЖИКИСТОН УЧУН КАТТА ИМКОНИЯТ. ТОЖИКИСТОН ИҚТИСОДИЁТИГА ФАҚАТ АМЕРИКА КОМПАНИЯЛАРИ ЁРДАМ БЕРА ОЛАДИ.

Жавоб бериш