Карвонсарой
Технология

Халқаро ҳамжамият россиялик хакерлар таҳдидига қарши бирлашмоқда

Карвонсарой ва AFP

Суратда: Darkside Onion сайтининг манзили топилмагани ҳақидаги билдиришнома акс этган экран. [Оливье Дульери/AFP]

Суратда: Darkside Onion сайтининг манзили топилмагани ҳақидаги билдиришнома акс этган экран. [Оливье Дульери/AFP]

ВАШИНГТОН – Кремл қўлловидаги хакерлар янада журъатлироқ бўлиб борар экан, халқаро ҳамжамият уларни бутун дунёдаги компаниялар, муассасалар ва шахсларга зарар етказишдан тўсиш чораларини кўрмоқда.

Ўтган пайшанба (4 ноябр) куни Қўшма Штатлар Darkside товламачилар тўдаси етакчиларини топишга ёрдам берадиган маълумот учун 10 миллион доллар мукофот эълон қилди. Бу ҳуқуқ-тартибот идораларининг сўнгги пайтларда авж олган кибертовламачилик ҳужумларига қарши кураш йўлидаги сўнгги чораларидан бири бўлди.

Май ойида Вашингтон Россияда жойлашган бу гуруҳни АҚШ шарқидаги энг йирик нефт қувурининг ёпилишига сабаб бўлган киберҳужумда айблаган эди.

Кибертовламачилик – бирор компания ёки ташкилот тармоғини бузиб кириб, ундаги маълумотларни шифрлаш, сўнг уларни шифрдан чиқариш калитини криптовалюта эвазига алмашишни талаб қилишдан иборат.

«Бу мукофотни эълон қилиш билан Қўшма Штатлар бутун дунё бўйлаб товламачилар қурбонларини кибержиноятчилар зараридан ҳимоя қилишга содиқлигини намойиш этмоқда», дейилади АҚШ Давлат департаменти баёнотида.

Вашингтон, шунингдек, исталган мамлакатда DarkSide билан ҳужумга қўшилишга уринганларни ҳибсга олиш ёки суд қилишга олиб келадиган маълумот учун 5 миллион доллар мукофот таклиф қилган.

Кибержиноятлар авж олар экан, октябр ойида эълон қилинган янги маълумотларга кўра, 2021 йилнинг биринчи ярмида жабрланувчилар АҚШ ҳуқуқ-тартибот идораларига товламачилик ҳолатлари туфайли 590 миллион доллар йўқотганликларини маълум қилганлар.

АҚШ молия вазирлиги ҳисоботида айтилишича, бу кўрсаткич, шунингдек, 2020 йил давомида молиявий институтлар томонидан ошкор қилинган суммадан 42 фоизга кўп ва ишончли белгиларга кўра, ҳақиқий рақамлар миллиардларни ташкил этиши мумкин.

Компания ва муассасалар ўз маълумотларини олиш учун пул тўлаш, шунингдек, жиноятчиларга нақд пул бермаслик ҳақида қатъий огоҳлантирадиган потенциал дарғазаб мижозлар ва ҳужумни куч идораларидан сир сақлашдек кучли босимга дуч келишади.

Киберҳужумлар кўпайиб бормоқда

Мукофот таклифи Microsoft компанияси АҚШ ва Европадаги нишонларга қарши янги ва давомли ҳужумлар ортида ўтган йилги SolarWinds киберҳужумларини амалга оширган давлат қўлловидаги россиялик хакерлар гуруҳи турганини эълон қилганидан кейин янграган.

25 октябр куни Microsoft корпорациясининг Таҳдидларни ўрганиш маркази (MSTIC) блогида Nobelium гуруҳи булутли сервислар ва бошқа АТ хизматларини кўрсатувчи провайдерларнинг мижозлари бўлган «ҳукуматлар, таҳлил марказлари ва бошқа компанияларни бузиб киришга уринаётгани» айтилган.

MSTIC бу киберҳужумни «миллий давлат фаолияти» деб таърифлар экан, унда Техасдаги SolarWinds дастурий таъминот компаниясига қилинган ҳужумнинг «алоҳида белгилари борлигини» айтган, зеро компаниянинг 300 минг кишилик мижозлар базаси хакерларга жуда кўп компанияларга кириш имконини берган.

Ушбу ҳужум ўтган йил декабр ойида ОАВ бу воқеа ҳақида хабар беришидан аввал бир неча ой давом этган.

Wedbush хусусий инвестиция компанияси эксперти Дэниел Айвс инвесторлар учун изоҳида «ўтган йилги ҳужумдан сўнг Россия билан боғлиқ кенг тарқалган SolarWinds хакерлари яна махфий маълумотларни овлаб, барча йўналишлар бўйича таъминот занжирларига ҳужумни кучайтираётган кўринади» деб айтган.

Вашингтон Москванинг SolarWinds ишига эҳтимолий алоқадорлиги, шунингдек, сайловларга аралашуви ва душманлик руҳидаги бошқа хатти-ҳаракатлари учун жазо чораси сифатида апрел ойида унга нисбатан санкциялар жорий қилиб, рус дипломатларини чиқариб юборди.

MSTIC хабарига кўра, сўнгги ҳужум камида май ойидан бошланган, Nobelium «мураккаб зарарли дастурларни ўз ичига олган хилма-хил ва динамик воситалар тўпламини» ишга солган.

Nobelium SolarWinds ҳужумидан бери илк марта қайтаётгани йўқ – ўшанда май ойида Microsoft гуруҳ томонидан давлат идоралари, таҳлил марказлари, маслаҳатчи ва бошқа ташкилотларга бир қатор ҳужумлар уюштирилганини аниқлаган эди.

Microsoft вице-президенти Том Бертнинг сўзларига кўра, ҳужумлар тезлиги ўсиб бормоқда. Жорий йилда компания 600 дан ортиқ мижозларни 23 мингга яқин ҳужум уринишлари ҳақида хабардор қилган.

Муваффақият кўрсаткичи «минимал даражада» бўлса-да, уларни «сўнгги уч йил ичида барча миллий-давлат ижрочилари тарафидан амалга оширилган 20500 та ҳужум» билан таққослаш мумкин, деб ёзган Берт 24 октябр куни ўз блогида.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500