Карвонсарой
Дипломатия

АҚШ Россия тажовузига қарши санкциялар ва дипломатларни чиқариб юбориш билан жавоб берди

Карвонсарой ва AFP

image

15 апрел куни Москвада Россия Ташқи ишлар вазирлиги биноси ёнидан скутер ҳайдаб ўтаётган аёл. [Александр Неменов/AFP]

ВАШИНГТОН – Қўшма Штатлар Кремлнинг АҚШдаги сайловларга аралашуви, кенг қамровли киберҳужумлар ва бошқа тажовузкор фаолиятига қарши жавоб чораси сифатида пайшанба (15 апрел) куни санкциялар жорий қилиш ва 10 нафар россиялик дипломатни чиқариб юборишини эълон қилди.

Президент Жо Байденнинг фармонига мувофиқ, Россия давлат қарзлари билан ишлайдиган АҚШ банклари учун савдо чекловлари кенгайтирилиб, 10 нафар дипломат (улар орасида жосусликда гумон қилинганлари ҳам бор) мамлакатдан чиқариб юборилди ва 2020 йилги президент сайловларига аралашишда айбланаётган 32 ташкилот ва шахсга нисбатан санкциялар жорий қилинди.

Бундан ташқари, АҚШ молия вазирлиги Европа Иттифоқи, Австралия, Буюк Британия ва Канада билан биргаликда Россиянинг Қримни босиб олишига алоқадор бўлган саккизта жисмоний ва юридик шахсга нисбатан санкция қўллаган.

Вашингтон Москванинг кибер-разведка фаолиятини қўллаб-қувватлашда айбланган Россиянинг олтита технологик компаниясига, хусусан декабр ойида АҚШ ҳукумати ва хусусий секторнинг минглаб компьютер тармоқларига зарар етказган SolarWinds хакерлик ҳужуми юзасидан санкциялар эълон қилган.

Шу билан бирга, Молия вазирлиги АҚШ молия муассасаларига Россиянинг қарздорлик мажбуриятларини 14 июндан кейин тўғридан-тўғри сотиб олишни тақиқлади.

АҚШ чоралари халқаро миқёсида дастакланди

Байденнинг фармони «Россия ўзининг халқаро миқёсдаги беқарорлаштирувчи ҳаракатларини давом эттирса ёки кучайтирса, АҚШ унга нисбатан стратегик ва иқтисодий зарба беришига ишорадир», дейилади Оқ уй баёнотида.

Исми сир қолишини истаган АҚШнинг юқори лавозимли мулозими журналистларга Вашингтон зарурат бўлса, кўпроқ чоралар кўришга тайёрлигини ва қўшимча ҳаракатлар амалга оширилаётганини, аммо ҳозирча «очиқланмаслигини» айтган.

Брюсселдаги НАТО ҳарбий иттифоқи 15 апрел кунги чоралардан сўнг АҚШ иттифоқчилари «Қўшма Штатларни қўллаб-қувватлаши ва у билан бирдам эканлиги» ҳақида баёнот берган.

НАТО аъзолари Россия тажовузининг «барқарор моделига» ишора қилганлар.

Европа Иттифоқи «зарарли киберфаолият, хусусан SolarWinds кибер-операцияси оқибатлари борасида Қўшма Штатлар билан бирдамлигини» изҳор этувчи баёнот билан чиққан.

Зарарли таъсир

Сўнгги қарама-қаршилик Россиянинг сайловларга аралашуви билан боғлиқ кўп йиллик эътироз ва унинг яқинда Украина билан чегарада ҳарбий ҳозирлигини кучайтириши АҚШда ҳам, Европада ҳам хавотирга сабаб бўлаётгани билан боғлиқ.

Оқ уй баёнотида Россиянинг 2016 ва 2020 йилги президент сайловлари вақтида олиб борилган доимий дезинформацион кампанияларига ишора қилинган бўлиб, биринчи навбатда Москванинг «АҚШ, унинг иттифоқчилари ва шерикларидаги эркин ва адолатли демократик сайловлар ва демократик институтларга путур етказишга қаратилган ҳаракатлари» зикр қилинган.

Оқ Уй баёнотига кўра, санкциялар шунингдек, «АҚШ, унинг иттифоқчилари ва шерикларига нисбатан ғаразли киберҳужумларга» қарши жавоб чоралари ҳисобланади.

Баёнотда, шунингдек, Россиянинг хориждаги журналистлар ва диссидентларни «нишонга олаётгани» ва АҚШ миллий хавфсизлиги учун муҳим бўлган мамлакатлар хавфсизлигига путур етказаётгани таъкидланган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

АҚШга шон-шарафлар!

Жавоб бериш

Хайл!

Жавоб бериш