Эрон президенти Иброҳим Раисининг Москвага пайшанба (20 январ) кунги расмий ташрифи Эронда кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлди – уларнинг айтишича, Ислом республикаси Хитой билан имзоланган келишувлардан қолган нарсаларни Россиянинг қўлига топширмоқда.
Раисийнинг Москвага сафари ҳақида тинимсиз хабарлар бераётган Эрон оммавий ахборот воситалари мутахассислардан интервью олиб, бу ҳодисани «Эрон ташқи сиёсатидаги ижобий ўзгариш» ва «Эрон дипломатиясида олдинга қўйилган қадам» деб таърифламоқда.
Раисийнинг ўзи Эронда «Россия билан алоқаларни кенгайтириш учун чекловлар йўқлиги» айтди, деб ёзади AFP.
Хабар қилинишича, учрашув чоғида Эрон ва Россия президентлари «20 йиллик қамровга эга узоқ муддатли ҳамкорлик»ни муҳокама қилганлар.
Давлат раҳбарлари ташқи ишлар вазирларига 20 йиллик келишувнинг йўл харитасини ишлаб чиқиш вазифасини топширди, деди Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллаҳён ва «қамровни белгилаш учун томонлар ўртасида бир қатор мавзуларни шошилинч муҳокама қилиш кераклигини» таъкидлади.
Шарқ томон бурилиш
Сафарда Раисийга ҳамроҳлик қилган Эрон ташқи ишлар вазири «йўл харитаси» тафсилотларини очиқламаган бўлса-да, икки президент ўртасидаги учрашувни «илиқ ва самимий» деб таърифлаб, «COVID-19 чекловларига» қарамай, Кремлдаги уч соатлик учрашув қандай ўтганига батафсил тўхталган.
Бироқ, ижтимоий тармоқлардаги кўплаб кузатувчилар президентлар ўтирган столнинг икки чеккаси орасидаги масофа анча йироқ эканини таъкидламоқда.
20 йилга мўлжалланган битим тафсилотлари ҳали расман эълон қилинмаган – у Эроннинг Хитой билан 25 йиллик келишуви каби мавҳумлигича қолмоқда.
2021 йилнинг март ойида Теҳронда Эрон-Хитой «стратегик ҳамкорлик шартномаси» имзоланганида кўплаб эронликлар режимни «Эронни сотишда» айблаган эдилар.
Энди эса кўпчилик режимни мамлакатнинг қолган қисмини – бу сафар Россияга сотганликда айбламоқда.
Турли ОАВ хабарларга кўра, Эрон Россиядан 200 та темирйўл локомотивини сотиб олишни режалаштирмоқда – мамлакат янги транспорт инфратузилмасига муҳтож эканига қарамай, айримлар буни совуққонлик билан қарши олганлар.
Бу шубҳа аввалги тажрибадан келиб чиққан: илгарироқ Москва Теҳронга дунёдаги энг эски атом реакторларидан бирини ўта қиммат нархда сотган ва кўпчилик локомотивлар билан ҳам худди шундай бўлади деб гумон қилмоқда.
Пайшанба куни Кремлда сўзлаган Путин 2020 йилда Эрон ва Россия ўртасидаги тижорий битимлар ҳажми 2019 йилга нисбатан 38 фоизга ошганини айтди.
Сентябр ойида Теҳрон Пекин ва Москва бошчилигидаги Марказий Осиё хавфсизлик органи – Шанхай ҳамкорлик ташкилотига қўшилди.
Эрон мустақиллигининг тобора заифлашиб, унинг ядро музокаралари фонида Ғарбдан узоқлашаётгани ҳамда Хитой ва Россияга тобора яқинлашаётгани билан боғлиқ воқелик пайшанба куни Эрон бозорларида ҳам ўз аксини топган.
Миллий валюта қадри қарийб 8 фоизга пасайган, фонд бозори индекси кескин тушиб кетган.
Танқидчиларга кўра, Хитой ва Россия билан узоқ муддатли, кенг қамровли келишувлар Эроннинг «Шарқ ҳам эмас, Ғарб ҳам эмас, фақат Ислом Республикаси» деган расмий шиорига асосланган сиёсатга зид келади.
Кўплаб сиёсий ва иқтисодий таҳлилчилар Эроннинг Россия билан имзолаган мавҳум келишувини унинг Шарққа бурилаётганидан далолат берувчи навбатдаги белги деб атаган.
Аммо Эрон режими бу келишувлар мамлакатнинг «сиёсий ва иқтисодий манфаатларига» мос келишини таъкидлашда давом этяпти.
Совуқ қабул
Эрон ташрифни бошқача қилиб кўрсатишга уринса-да, Раисий Москвага етиб келган вақтда дипломатик протокол бекор қилинган кўринади.
Россия президенти Владимир Путин Эрон президентини аэропортда кутиб олмаган, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳам эронлик ҳамкасбини кутиб олиш учун аэропортга келмаган.
Раисий ва Эрон делегациясини аэропортда Россия энергетика вазири ва ташқи ишлар вазири ўринбосари қарши олган.
Кремлда дипломатик протокол бўйича расмий кутиб олиш маросими ўтказилмаган, бу Теҳроннинг заифлашган мақоми ва Москванинг қудрат намойишидан дарак бўлди.
Ушбу номутаносиблик IRNA томонидан эълон қилинган видеолавҳада ҳам ўз аксини топган, унда Путин Раисийдан «Эрон раҳбари Али Ҳоманаийга салом йўллашни» сўраган.
Раисий ва ташқи ишлар вазирининг Москвага ташрифи Россиянинг Украинага ҳужум қилиш эҳтимолига оид хавотирлар кучайган бир пайтда амалга оширилган бўлиб, кузатувчилар буни «ўта хавфли» деб таърифлаганлар.
Бу ҳодиса шунингдек, Эроннинг ISNA ахборот агентлиги Хитой, Россия ва Эрон жума (21 январ) куни қўшма денгиз машғулотларини ўтказиши ҳақида хабар берган пайтга тўғри келди.
Ҳинд океани шимолида ўтказиладиган «Денгиз хавфсизлик камари 2022» машқлари уч мамлакат ўртасидаги учинчи қўшма денгиз машғулотлари бўлиб, бундан аввалгиси 2019 йил охирида Ҳинд океанида Форс кўрфази давлатлари билан кескинлик шароитида ўтказилган.
Машқлар бўйича матбуот вакили, адмирал Мустафо Тожиддинийнинг давлат телевидениесига маълум қилишича, тадбирда Эрон қуролли кучларининг 11 та ҳарбий-денгиз бўлинмаси ва Ислом инқилоби посбонлари корпуси (ИИПК) ҳарбий-денгиз кучларининг уч бўлинмаси иштирок этади.
Шунингдек, уларда Россиядан 3 та, Хитойдан эса 2 та бўлинма қатнашади, деди у.
Тўғри. Россияга Хитойнинг дастурхонидан қолган-қутган нарсаларгина тегади.
Жавоб беришФикрлар 1