Карвонсарой
Сиёсат

Асосий эътибор Украинага қаратилиши ортидан Россия қўлловидаги суриялик жангарилар қийин аҳволда қолишди

Волид Абул Хайр

Дайр аз-Зорнинг қишлоқ ҳудудидаги Миллий мудофаа кучларининг кўнгилли аскарлари, 2020 йил 31 декабрда интернетга жойланган сурат.

Дайр аз-Зорнинг қишлоқ ҳудудидаги Миллий мудофаа кучларининг кўнгилли аскарлари, 2020 йил 31 декабрда интернетга жойланган сурат.

ҚОҲИРА – Россия қўлловидаги Сурия сафарбарлик кучлари Москванинг Украинага қарши уруши билан машғул бўлгани ҳамда асосий эътибор ва ёрдамни – инсон ресурслари, қурол-яроғ ва маблағни шу майдонга сарфлаётгани сабабли инқирозга дуч келган, дейди фаоллар.

Воқеаларнинг бундай кескин бурилиши бу кучларнинг ҳолатига жиддий таъсир қилган.

24 феврал куни Россия Украинага бостириб кирганидан бери кўплаб дезертирлик ҳолатлари кузатилган: Россия қўлловидаги кўнгилли жангарилар Эрон Ислом инқилоби посбонлари корпусига (ИИПК) алоқадор бўлинмалар сафига ўтиб кетган.

Вазиятдан фойдаланиб қолиш ва ўз сафига россияпараст гуруҳлардан кўпроқ аскарлар жалб қилиш учун яқинда Эрон кучлари таклиф қилинаётган маош миқдорини оширган.

Режим билан ярашиш учун ҳужжат тўлдираётган суриялик эркаклар. Сўнгги пайтларда Россия ҳимоясидан маҳрум бўлиш хавотирлари сабабли ярашувлар сони ортган, дейди манбалар. [SANA ахборот агентлиги]

Режим билан ярашиш учун ҳужжат тўлдираётган суриялик эркаклар. Сўнгги пайтларда Россия ҳимоясидан маҳрум бўлиш хавотирлари сабабли ярашувлар сони ортган, дейди манбалар. [SANA ахборот агентлиги]

Миллий мудофаа кучлари кўнгилли аскарларининг Дайр аз-Зордаги ал-Маядин шаҳридаги пости, 2020 йил 13 декабрда олинган сурат. [River Media]

Миллий мудофаа кучлари кўнгилли аскарларининг Дайр аз-Зордаги ал-Маядин шаҳридаги пости, 2020 йил 13 декабрда олинган сурат. [River Media]

Дайр аз-зорлик ОАВ фаоли Жамил ал-Обиднинг «Ал-Машариқ» нашрига айтишича, Россия қўлловидаги Миллий мудофаа кучлари Дайр-аз-Зордаги уйлар, дўконлар ва бошқа мулкларни мусодара қила бошлаганлар.

Унинг сўзларига кўра, ҳозиргача бу кучлар Дайр Аз-зор қишлоқ ҳудудидаги ал-Ашарага қочиб кетган тинч аҳолига тегишли учта уй ва «Абарат ал-Ҳарам» номи билан танилган савдо мажмуасидаги бир қанча дўконларни мусодара қилган.

«Маълумки, Дайр аз-Зор шаҳри марказида жойлашган савдо маркази Сурия режимининг мухолифларидан бири Радван Лавайсга тегишли бўлиб, жангарилар бу дўконларни дарров ижарага беришга ҳам улгурганлар.

«Миллий мудофаа кучлари кўнгилли аскарларининг манбаларига кўра, бу чоралардан мақсад – Украинадаги уруш сабабли Россия маблағининг деярли тўхтаб қолгани учун молиялаштириш манбаини таъминлаш», деди у.

«Сафарбарлик кучларининг юқори мартабали зобитлари руслар уни тарқатиб юбориши ёки маошларнинг тўламанмаётганидан инқирозга учрашидан хавотирда», деб қўшимча қилди у.

«Бу ҳолат, шунингдек, Россия кучлари ҳимоясидан маҳрум бўлишдан кўплаб жангариларни режим билан ярашув битими имзолашга ундаган.»

Молиявий ресурслар етишмаяпти

Суриядаги Россияга алоқадор қуролли кучлар жиддий молиявий ресурслар етишмовчилигидан азият чекмоқда, дейди суриялик фаоллардан бири Айҳам ал-Али «Ал-Машариқ» нашрига.

«Бу – жангариларнинг кўплаб аъзолари, хусусан, Миллий мудофаа кучлари томонидан айтилган сўзлардан ҳам билиниб турибди», деди у.

Жангарилар орасида норозилик урчиган, деб қўшимча қилди у, «чунки охирги уч ой давомида уларга маош тўланмаган».

Сафарбарлик кучларига ажратиладиган моддий-техник таъминот ва озиқ-овқат ҳам камая бошлади, дейди ал-Али, чунки уни етказиб берувчи савдогарлар олдидаги қарзлар тўланмаган.

Унинг сўзларига кўра, бунинг натижасида ўнлаб жангарилар ойлик маош олиш умидида ИИПКга қарашли ҳарбийлар сафига ўтиб кетган.

«Афтидан, Эрон вазиятдан фойдаланиб, маошларни оширди», деди у кўпроқ аскар жалб қилиш учун келгусида маошларнинг янада оширилиши мумкинлигини таъкидлаб.

Эътиборли томони шундаки, бу ҳолат эронликлар бутун мамлакат бўйлаб паст маошлар, иш ҳақининг тўланмаётгани, ишсизлик ва бошқа муаммоларга норозилик билдириш учун кўчаларга чиққан бир пайтда содир бўлди.

Беқарорлик ва нотинчлик ҳисси «Миллий мудофаа кучлари билан чекланиб қолмайди, чунки у Россия томонидан қўллаб-қувватланадиган ал-Қатаржи кучлари аъзолари тарафидан ҳам мавжуд», дейди ал-Али.

Унинг сўзларига кўра, нефт ташиш операциялари ва Дайр аз-Зордаги назорат-ўтиш пунктларини қўриқлашга масъул бўлган ал-Қатаржи кучлари сафидан камида 400 та жангари ажралиб чиқиб, ИИПК томонидан қўллаб-қувватланадиган 4-дивизионга қўшилган, деди у.

Гуруҳга Хосам ал-Қатаржи бошчилик қилади, деди у ва «Эрон минтақадан ал-Қатаржини сиқиб чиқариш учун Муҳаммад Ҳамшони қўллаб-қувватлаётгани»нинг белгилари борлигини қўшимча қилди, бу эса «Россияга жиддий зарбадир».

Ер ва мулкни ўғирлаш

Суриялик журналист Муҳаммад ал-Абдуллоҳнинг айтишича, шарқдаги Дайр аз-Зор вилоятида Сурия режими мухолифларига тегишли мулкни ўғирлаш уч босқичда амалга оширилган.

Биринчи босқич Сурия режими ва унинг ишончли вакиллари томонидан қонунлар ва фармонлар чиқаришдан иборат бўлиб, унга кўра, мулк ва қишлоқ хўжалиги ерлари мусодара қилиниб, улар режимга содиқ ва ишончли шахсларга уй-жой қуриш учун ишлатилган.

Иккинчи босқичда ИИПК ва унинг турли бўлинмалари жангчиларнинг оилалари учун ўнлаб уйлар ва биноларни мусодара қилиб, даромад олиш учун қишлоқ хўжалиги ерларини, айниқса буғдой экиладиган ерларни тортиб олишган.

Учинчи босқич «давом этаётган бўлиб, унда Миллий мудофаа кучлари иштирок этмоқда, улар режим мухолифлари ёки Сурия армиясидан қочганларга тегишли бошқа мулкларни ўзлаштирмоқда», деди ал-Абдуллоҳ.

Бу кўчмас мулкдан олиниши мумкин бўлган ҳар қандай фойда «Россия молиявий таъминотининг камайишини қоплаш ва жангариларга минимал маош тўлаш учун қўшимча молия манбаларини кафолатлашга» мўлжалланган, деди у.

Унга кўра, буни «омон қолиш йўлидаги» умидсизлик чораси дейиш ҳам мумкин.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

«Биринчи босқич Сурия режими ва унинг ишончли вакиллари томонидан қонунлар ва фармонлар чиқаришдан иборат бўлиб, унга кўра, мулк ва қишлоқ хўжалиги ерлари мусодара қилиниб, улар режимга содиқ ва ишончли шахсларга уй-жой қуриш учун ишлатилган.». Мариуполда ҳам шундай бўлмоқда. Мен ўз хонадонларига қайтиб, яшашга ҳаракат қилаётган одамлар ҳақида ўқидим, лекин уйларнинг қулфлари ўзгартирилган ва у ерда бошқа одамлар яшаётган бўлиб чиққан. Бу одамлар, агар уларни одам деб аташ мумкин бўлса, уларга «аскарларнинг олдига боринглар, улар бизни бу ерга жойлаштиришди» дейишган. Афсуски, Сурияда ҳам худди шундай бўлаётгандир.

Жавоб бериш

Россиядек «ишончли» ҳамкордан буни кутиш мумкин эди. Кейинчалик Хитой бу мамлакат билан коалицияда бўлмаганини қандай қилиб исботлашини кўрамиз.

Жавоб бериш