Карвонсарой
Хавфсизлик

Россиянинг Қора денгиз флоти «ҳамма нарсадан қўрқиб» портга яшириниб олди

Олга Чепил

Украина томонидан учирилган Bayraktar дрони Қора денгизда Россия кемасини йўқ қилаётгани акс этган видеолавҳадан олинган кадр. [Украина мудофаа вазирлиги]

Украина томонидан учирилган Bayraktar дрони Қора денгизда Россия кемасини йўқ қилаётгани акс этган видеолавҳадан олинган кадр. [Украина мудофаа вазирлиги]

КИЕВ – Ўтган ой Севастополда Украина тарафидан Россиянинг Қора денгиз флотига уюштирилган ҳужумлар туфайли Россия ҳарбий кемалари портда яширинишга мажбур бўлган – бу мамлакат ҳарбий-денгиз флоти учун навбатдаги муваффақиятсизликдир.

Шанба (12 ноябр) куни очиқ манбалар бўйича мустақил таҳлилчи Х.И. Саттон тарафидан чоп этилган сунъий йўлдош суратида Севастопол ҳавзасидан ташқарида ҳаракат қилаётган бирорта Россия ҳарбий кемаси кўринмаган.

«Россия ҳарбий-денгиз кучларининг фаоллиги сезиларли даражада камайди», деб ёзди у Твиттерда.

«Бир неча ҳафта аввал буни тасаввур қилиш ҳам имконсиз эди, портдан ташқарида патрул назорати олиб бораётган бирорта Россия ҳарбий кемаси кўринмаяпти», деб ёзган Саттон ва «Адмирал Григорович» синфидаги иккала фрегат ҳам портда эканини қўшимча қилиб.

Ижтимоий тармоқларга жойланган видеолавҳа кадрларида апрел ойида Қора денгизда шикастланиб, ғарқ бўлиш арафасида турган «Москва» кемаси акс этган. [Файл]

Ижтимоий тармоқларга жойланган видеолавҳа кадрларида апрел ойида Қора денгизда шикастланиб, ғарқ бўлиш арафасида турган «Москва» кемаси акс этган. [Файл]

Россия ҳарбий-денгиз флоти аскарлари ва патрул қўшинлари Севастополдаги Қора денгиз флотининг бош қароргоҳи олдида, Қрим, 31 июл. [AFP]

Россия ҳарбий-денгиз флоти аскарлари ва патрул қўшинлари Севастополдаги Қора денгиз флотининг бош қароргоҳи олдида, Қрим, 31 июл. [AFP]

29 октябр куни Украина кучлари масофадан бошқариладиган кемалар ва дронлардан фойдаланиб, Севастополга ҳужум қилди ва камида битта Россия кемасини шикастлади.

Россия мудофаа вазирлиги Украинанинг тўққизта ҳаво ва еттита денгиз дрони учирганини, улардан бир нечтаси тутиб олинганини айтди.

Шундан сўнг Россия кучлари портдаги мудофаани кучайтирган.

«Сунъий йўлдошдан олинган суратларга кўра, ҳарбий кемалар асосий причал атрофидаги сузиб юрувчи ҳимоя тўсиқлари ичига олинган», деб ёзган Саттон 7 ноябр куни USNI News нашрида.

«Бандаргоҳ ичкарироғида жойлашган ёнилғи қуйиш причалларида ҳам сузиб юрувчи тўсиқлар ўрнатилган. Одатда бу тўсиқлардан аҳён-аҳёнда фойдаланилади, аммо руслар уларни аввалгидан кўра кўпроқ ўрната бошлаган».

«Ҳозиргача Федерал хавфсизлик хизмати ёки ФСБ, чегара қўшинлари юрисдикцияси остида бўлган соҳилнинг айрим патрул ҳудудларида энди Россия ҳарбий-денгиз кучларининг кемалари борга ўхшайди», деб қўшимча қилди у.

«Кемаларни кузатувчи мутахассислар аввал енгилроқ қуролланган ФСБ кемалари патрул назорати олиб борган жойларда ракета корветлари патруллик қилаётганини кўришган.»

«Ҳамма нарсадан қўрқиб»

Украина ҳарбийларига кўра, Россия урушда аллақачон 16 та кемасини, жумладан Қора денгиз флотининг байроқдори, «Москва» ракета крейсерини йўқотган.

«Россия Қора денгизда қолдирган нарсани энди флот деб аташ қийин, чунки флот таркибида етакчи кема бўлади, аммо «Москва» асосий ракета крейсери ҳозир Қора денгиз тубида ётибди», дейди InfoResist сайтининг ҳарбий таҳлилчиси, киевлик Александр Коваленко.

«Бу гуруҳни Қора денгиз флотилияси деб аташ тўғрироқ бўлади», деди у «Москва» кемасининг ғарқ бўлиши сўнгги 40 йил ичидаги денгиз жангларида байроқдор кеманинг йўқ қилиниши билан боғлиқ илк ҳолат эканини қўшимча қилиб.

«Украинага кенг кўламли ҳужум бошланишидан аввал Қора денгиз флоти ушбу ҳудудида десант операцияларини олиб бориш бўйича энг катта кемалар флотига эгалик қилар эди», дейди Коваленко.

«Десант операцияси чоғида бир вақтнинг ўзида 3500-4500 аскар юборилиши мумкин эди, аммо бундай йирик операция амалга оширилгани йўқ.»

«Яъни, флот десант имкониятларини машқ қилмаган. Энди эса вазият ва ташаббусни буткул қўлдан бой берган», деб айтган у.

«Улар ҳамма нарсадан хавфсирашади. «Калибр» қанотли ракеталари бўлган кемаларни очиқ сувларга кам олиб чиқишяпти, чунки уларни масофадан бошқариладиган катерларнинг асосий нишони деб билишади.»

«Бошқача қилиб айтганда, улар ўзларининг энг замонавий флоти кемаларини очиқ денгизга олиб чиқишдан қўрқиб қолишган», деди Коваленко.

«Қора денгиз флотининг вазифаси ракета учиришдан иборат бўлиб қолган», дейди у. «Бахтимизга уларнинг ракеталари тугаб бормоқда

Янги тактика

Денгиз дронларини қўллаш Украина қуролли кучларининг Россия денгиз кучларига қарши курашидаги сўнгги тактикалардан биридир.

«Бизда ҳарбий имкониятлар пайдо бўлди, шу сабаб уларнинг жанговар салоҳиятига зарба беряпмиз», дейди Украина денгиз кучларининг собиқ зобити, Киевдаги Мудофаа стратегиялари маркази таҳлилчиси Андрей Риженко.

«Улар ҳатто Илон оролини эгаллаш фикридан ҳам қайтдилар, чунки биз уларни артиллерия билан ўққа тутяпмиз», деб айтган у февралдан июнгача Россия кучлари эгаллаб турган Украинанинг муҳим оролини назарда тутиб.

«Кемаларга қарши ракеталарни қўлга киритганмизда ва апрел ойида Миколаев яқинидаги позициямизни кучайтирганимизда улар бошқа: масалан, Одессага сув орқали кириш режасини ўзгартирдилар. Энди ўйинга кўп нарса тикилган», деб айтган Риженко.

Украина президенти Владимир Зеленский 11 ноябр куни денгиз дронлари флоти учун маблағ йиғиш ҳақида эълон қилган.

«Биз денгиз сувлари ва тинч шаҳарларимизни Россия кемаларидан учирилаётган ракеталардан ҳимоя қилишимиз керак», деб ёзган у Facebook саҳифасида маблағ йиғиш ҳақидаги постида.

«Денгиз дронлари, шунингдек дунёга дон ташувчи фуқаролик кемалари учун йўлак очишга ёрдам беради», деб қўшимча қилган у.

«Россия ҳар бешинчи ракетасини кемалардан учирмоқда», деб ёзган Украинанинг рақамли трансформация вазири Михайло Федоров ўша куни ўзининг расмий Телеграм каналида. «Украина шаҳарлари ва сувларини ҳужумдан имкон қадар ҳимоя қилиш зарур», деб қўшимча қилган у.

«Шу сабабли биз Украинада ишлаб чиқарилган 100 та денгиз дрони учун маблағ тўплаяпмиз. Улар Қора денгиздаги вазиятни сезиларли даражада ўзгартириши мумкин.»

«Кичик ва тезкор дронлар қиймати юзлаб миллион доллар бўлган Россия кемаларига муваффақиятли зарба бера олади», деб қўшимча қилди у.

«Нишонга, катта кемага қарата учирилиши ва уни чўктириши мумкин бўлган портловчи қурилмали пилотсиз кема концепцияси 50 йилдан бери мавжуд эди», дейди Defence Express консалтинг компаниясининг ҳарбий таҳлилчиси, киевлик Иван Киричевский.

«Бу ғояни кўплаб давлатлар синаб кўришга уринди, бироқ 2022 йилда Украина худкуш дронлар концепциясини амалга оширган биринчи давлат бўлди ва бу одамни руҳлантиради», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Нозикойимлар Украина ракеталаридан қўрқиб қолишибди. Унда нега Қримни ўғирладинглар? )))

Жавоб бериш