Карвонсарой
Иқтисодиёт

Ўзбекистоннинг АҚШ ва Европа билан яқинлашуви Россияни хавотирга солмоқда

Рустам Темиров

2020 йилдаги коронавирус пандемияси ва чегараларнинг ёпилиши аввалги барқарор ўсишни секинлатган бўлса-да, Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи давлатлари билан савдоси сўнгги бир неча йил ичида тўхтовсиз равишда ўсди. Чап томонда Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи мамлакатлари билан 9 йил давомидаги миллиардлаб долларлик савдо ҳажми, ўнг томонда эса 2017–2021 йилларда Ўзбекистоннинг Германия ва Франция билан миллионлаб долларлик савдоси кўрсатилган. [Карвонсарой]

2020 йилдаги коронавирус пандемияси ва чегараларнинг ёпилиши аввалги барқарор ўсишни секинлатган бўлса-да, Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи давлатлари билан савдоси сўнгги бир неча йил ичида тўхтовсиз равишда ўсди. Чап томонда Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи мамлакатлари билан 9 йил давомидаги миллиардлаб долларлик савдо ҳажми, ўнг томонда эса 2017–2021 йилларда Ўзбекистоннинг Германия ва Франция билан миллионлаб долларлик савдоси кўрсатилган. [Карвонсарой]

ТОШКЕНТ – Ўзбекистоннинг АҚШ ва Европа Иттифоқи (ЕИ) билан ҳамкорликни кучайтираётгани россиялик депутатларни хавотирга солиб қўйган.

28 ноябр куни Тошкентга ташриф буюрган Россия давлат думаси раиси Вячеслав Володин Ўзбекистоннинг Ғарб, хусусан, АҚШ билан ҳамкорлигини танқид остига олди.

«Америкаликлар «қўй пўстинида» келишади, бироқ «бўрининг жилмайиши кўриниб турибди», деди у Қўшма Штатларнинг ЕИ билан стратегик ҳамкорлиги Евроиттифоқда иқтисодий муаммоларга келтириб чиқарганини иддао қилиб.

«Бу ердаги (Ўзбекистонда) одамлар доно, саводли. Улар бу ҳаракатлар нимага олиб келишини тушунишади», деди Володин АҚШ вакилларининг яқинда минтақага қилган ташрифига ишора қилиб.

17-18 ноябр кунлари Самарқанд шаҳрида «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё ўзаро боғлиқлиги: Глобал дарвоза» анжумани бўлиб ўтди, бундан аввал Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи мамлакатлари ташқи ишлар вазирларининг учрашуви ўтказилган. Самарқанд, 18 ноябр кунги сурат. [Замира Болтаева]

17-18 ноябр кунлари Самарқанд шаҳрида «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё ўзаро боғлиқлиги: Глобал дарвоза» анжумани бўлиб ўтди, бундан аввал Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи мамлакатлари ташқи ишлар вазирларининг учрашуви ўтказилган. Самарқанд, 18 ноябр кунги сурат. [Замира Болтаева]

«Бунинг натижасини кўриб турибмиз. Буни Осиё мамлакатларида яшовчилар, айниқса, биз билан муносабатларини доимо ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ички ишларга аралашмаслик тамойиллари асосида ўрнатганлар тушунади», деб қўшимча қилди у.

Ўзбекистонлик кузатувчилар Володиннинг сўзларига шубҳа ва истеҳзоли муносабат билдирганлар.

«АҚШ ва ЕИ доим Ўзбекистонга ёрдам бериб келган», дейди тошкентлик сиёсий таҳлилчи Фарҳод Мирзабоев. «Улар ўзларининг инновацион тажрибалари билан ўртоқлашиб, бу ерда амалга оширилаётган ижобий ислоҳотларни сезиларли қўллаб-қувватладилар.»

«Улар ҳеч қачон ўз дунёқарашини бизга мажбуран ўтказишга уринмаган ва келажакда ҳам бундай қилмайди, деб ишонаман», деди у. «У ердагилар мамлакатимизни Ғарб, Россия ёки Хитой ўртасидаги сохта танлов олдида қолдириб бўлмаслигини яхши тушунишади».

Шунингдек, Россия Ўзбекистонга ўз сиёсатини мажбурлаб ўтказишдан ёки унга ким билан дўст бўлиш-бўлмасликни ўргатишдан тийилгани маъқул, деб қўшимча қилди Мирзабоев.

Россия Ғарб Кремлнинг минтақадаги нуфузи, ҳурмати ва таъсири камайиб бораётганидан фойдаланиб, Марказий Осиёда унинг ўрнини эгаллаб олишидан қўрқади, дейди Швецияда яшовчи ўзбекистонлик сиёсатчи Пўлат Охунов.

Ғарб, хусусан, Ўзбекистон билан стратегик ҳамкорлик ўрнатишни истайди, шунингдек ҳарбий соҳада ҳамкорлик қилишдан манфаатдор, дейди у.

«Биргаликда кучлироқ»

Ўз навбатида Ўзбекистон Европа Иттифоқи давлатлари билан алоқаларни ривожлантиришда давом этмоқда.

21-23 ноябр кунлари Францияга ташриф буюрган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев франциялик ҳамкасби Эммануэл Макрон билан учрашиб, умумий қиймати 6 миллиард евродан ортиқ 14 та шартнома имзолади.

Ушбу келишувларнинг бири доирасида Ўзбекистон умумий қиймати қарийб 800 миллион еврога тенг 17 та Airbus ва ATR самолётларини сотиб олади. Ўзбекистон, шунингдек, иккита Airbus вертолёти харидини ҳам режалаштирмоқда.

Ўзбекистон ва Франция президентлари ўз давлатларининг халқаро майдондаги ҳамкорлигини, жумладан, БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши, Европарламент, Парламентлараро иттифоқ, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Парламент ассамблеяси доирасидаги ҳамкорлигини мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидладилар.

«Ҳар бир инвестор Ўзбекистон деганда, энг аввало, барқарорлик ва келажакка ишончни тасаввур қилишига интилаяпмиз», деди Мирзиёев Францияга ташрифи чоғида.

Аввалроқ, 17-18 ноябр кунлари Самарқандда «Европа Иттифоқи-Марказий Осиё боғлиқлиги: Глобал дарвоза» конференцияси бўлиб ўтди, унгача эса Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи мамлакатларининг ташқи ишлар вазирлари учрашган эдилар.

18 ноябр куни Мирзиёев Европа Иттифоқи бош дипломати Жозеп Боррел билан Марказий Осиёдаги минтақавий ҳамкорлик ва Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилди.

Томонлар Самарқанддаги анжуман якунлари бўйича Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги шериклик ва ҳамкорликни кенгайтиришга оид «йўл харитаси» ва алоҳида келишувни ишлаб чиқишга киришдилар.

«Дипломатик алоқалар ўрнатилганидан сўнг ўтган 30 йил давомида ЕИнинг Марказий осиёлик ҳамкорларимиз билан муносабатлари мустаҳкамланиб борди», деди Боррел конференцияда сўзлаган нутқида.

«Европа Иттифоқи Марказий Осиёнинг ривожланишидан манфаатдор, чунки тобора мураккаблашаётган дунёдаги муаммоларга қарши биргаликда қаттиқроқ кураша оламиз».

Россиянинг заифлиги

Марказий Осиё давлатларининг мустақиллиги Ғарб учун муҳим ресурс ҳисобланади. Чунки бу Россия геосиёсий империализми ёки «интегризми»ни олдини олишнинг зарурий шартидир, дейди тошкентлик сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов.

Ўз мавқеини йўқотмасликка ҳаракат қилаётган Кремл муносабатларнинг ўзи истаган вариантларини таклиф қилмоқда ва Ўзбекистоннинг энг йирик ҳамкорларидан бири сифатидаги мақомини сақлаб қолмоқчи.

«Россия нега бунчалик асабий? Чунки ҳозир Россиянинг бошқа чораси йўқ», дейди Раббимов.

«У Украинани бой бериб бўлди... Постсовет ҳудудида (у ҳали ҳам таъсир қиладиган) Марказий Осиё давлатлари қолди, холос», дейди у.

«Россиянинг Украинага қарши тажовузи ва урушдаги муваффақиятсизлиги Марказий Осиё етакчиларига [Россия президенти Владимир] Путин Россиясининг қуруқ бир савлат эканлигини кўрсатиб қўйди», деди ўзбекистонлик сиёсатчи Охунов.

«Россия қудрати сохта, мамлакатнинг ўзи эса инқироз ёқасида эканлиги маълум бўлди. Ғарб ва Марказий Осиёнинг яқинлашувига айнан шу омиллар сабаб бўлмоқда».

«Кўп векторли янгича сиёсат энди бир йўналишни Хитойга, иккинчисини Ғарбга йўналтириш кераклигини англатмоқда», дейди Охунов.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Россия бошқаларга қандай яшашни ўргатмасин.

Жавоб бериш