ТОШКЕНТ – Украинага босқинида муваффақиятсизликка учраган Россия бир пайтлар «ичкари ҳовлиси» бўлган Марказий Осиёда ўз таъсирини сақлаб қолиш учун мавжуд бўлмаган хатарларни ўйлаб чиқармоқда, дейди таҳлилчилар.
29 сентябрь куни Россия президенти Владимир Путин Кремл ташвиқотчилари бот-бот такрорлайдиган даъво – Ғарбни постсовет маконни беқарорлаштиришга уринишда айблади.
Бу ҳақда у Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) хавфсизлик ва разведка идоралари раҳбарларининг онлайн йиғилишида сўзлаган.
«Адолатлироқ дунё тартибини» ўрнатишнинг мураккаб жараёни аллақачон бошланган, деди Путин.
«Эски бир қутбли гегемония муқаррар тарзда емирилмоқда... [Аммо] Ғарб [буни] қабул қилишдан қатъиян бош тортяпти», деди у.
«Ғарб МДҲда янги низолар қўзғатувчи режаларни ишлаб чиқмоқда... Россия ва Украина ўртасида нималар бўлаётганига, бошқа МДҲ давлатлари чегараларида содир бўлаётган воқеалар назар солиш кифоя», деди у.
Бутун Осиё-Тинч океани минтақасида беқарорлик хавфи кучайиб бормоқда, шу сабабли «МДҲ давлатлари ўзаро ёрдамни мустаҳкамлаб, изчил ва мувофиқлаштирилган чора-тадбирлар кўриши керак», деди Путин анжуманда.
Постсовет ҳудудидаги Кремлга содиқ давлатлар фақат шу йўл билан «халқаро майдонда ўз манфаатларини ҳимоя қилиб, душманга қарши тура олиши мумкин», деди Путин.
Россия хавфсизлик кенгаши раиси Николай Патрушев 19 август куни Тошкентда «Россия Ғарб давлатларининг, энг аввало, АҚШнинг МДҲ маконида кескинлик ўчоқларини яратишга қаратилган саъй-ҳаракатларидан хавотирда», деб айтган эди.
«Рангли инқилоблар» Америкача демократияни тарғиб қилишнинг асосий воситаси бўлиб қолмоқда... Биз 2020 йил Беларусда, 2022 йил январда Қозоғистонда ва июл ойида Ўзбекистоннинг Қорақалпоғистон ҳудудида содир бўлган воқеаларни шундай баҳолаймиз, деди Патрушев бу мамлакатларда бўлиб ўтган намойишларни назарда тутиб.
Таҳликани кучайтириш
«Россия Марказий Осиё устидан назоратни тиклаш ва бу давлатларнинг мустақил сиёсатига путур етказиш учун таҳликани кучайтирмоқда ва мавжуд бўлмаган таҳдидлар ҳақида сўзламоқда», дейди Швецияда яшовчи ўзбекистонлик сиёсатчи Пўлат Охунов Карвонсарой нашрига.
«Улар Марказий Осиё уларнинг қўлдан чиқараётгани учун саросимага тушмоқда», деди у.
Минтақамиздаги давлатлар Россиянинг Украинага босқини туфайли ундан узоқлашишга ҳаракат қилмоқда», дейди у.
«Шу билан бир вақтда Путин ва унинг жамоаси Совет Иттифоқини тиклаш ва унга Марказий Осиё давлатларини қўшиб олиш режаларини яширмаяпти», деб қўшимча қилди у.
«Ғарб ҳозирда Марказий Осиё давлатлари билан фаол ҳамкорлик қилмоқда. Бу Путинни ғазабга солмоқда», дейди Охунов.
Марказий Осиё давлатлариги вазият барқарор ва ҳукуматлар назорати остида бўлса-да, Россия ўз мақсадлари йўлида бу вазиятга путур етказишга уриниши мумкин, дейди у.
Тошкентлик, сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг таъкидлашича, сўнгги олти ойдан бери Россия доимий равишда Ғарб билан тўқнаш келмоқда, жумладан, бутун постсовет маконида ва Марказий Осиёда.
«Глобал сиёсатда Россия Ғарбни ўзининг концептуал душмани деб билади. Шу тариқа Россия Ғарб билан қандайдир ҳамкорлик қилаётган барча давлатлар, биринчи навбатда, АҚШ тарафидан хавф сезади», дейди у.
Раббимовнинг сўзларига кўра, Россия раҳбарияти Марказий Осиё давлатларини мустақил деб ҳисобламайди, аксинча улар, жумладан Тожикистон ва Ўзбекистон Россия манфаатлари билан ҳисоблашиши керак, деб ўйлайди.
Аммо ресурслар ҳақида гапирадиган бўлсак, Россияда бу мамлакатларни «Кремл орбитасида сақлаб қола оладиган ҳеч нарса йўқ», деб қўшимча қилди у.
«Эътибор беринг, сўнгги олти ойдан бери Россиянинг барча глобал, минтақавий ва постовет лойиҳалари, айниқса, КХШТ [Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти] ва ЕОИИ [Евроосиё иқтисодий иттифоқи] инқирозда.»
«ЕОИИ доирасида йирик можаро юзага келмоқда. Қозоғистон ўз ҳолатидан новози, аммо ҳозирча бу ташкилотлардан чиқа олмайди, чунки Кремл буни хоинлик деб талқин қилиши мумкин», деди Раббимов.
Россиянинг бошқа давлатлар, жумладан, Марказий Осиё мамлакатларини шантаж қилишдан, агар улар Ғарб билан яқинроқ ҳамкорлик қилсалар, Москванинг ғазабига дучор бўлишларини билдиришдан бошқа чораси йўқ, дейди у.
Сенинг жойинг параша ёнида, Россия
Жавоб беришФикрлар 2
Энди Россияга Марказий Осиёда жой йўқ.
Жавоб беришФикрлар 2