Карвонсарой
Иқтисодиёт

Хитойликларнинг Афғонистон литийсини ўғирлашга уриниши Пекин билан муносабатлар воқелигини кўрсатмоқда

Ҳамза

22 январ куни Нангарҳор вилоятида мусодара қилинган литий тошлари. Икки хитойлик фуқаро уларни Покистон орқали Хитойга олиб ўтишга уринганликда айбланмоқда. [Ҳамза тақдим этган сурат]

22 январ куни Нангарҳор вилоятида мусодара қилинган литий тошлари. Икки хитойлик фуқаро уларни Покистон орқали Хитойга олиб ўтишга уринганликда айбланмоқда. [Ҳамза тақдим этган сурат]

КОБУЛ – Таркибида литий моддаси бўлган 1300 тонна тоғ жинсларини Афғонистондан ноқонуний олиб чиқишга уринганликда айбланган икки Хитой фуқароси ва уларга ёрдам берган уч афғонистонликнинг ҳибсга олиниши билан боғлиқ воқеа афғонлар орасида норозилик уйғотган.

Доктор Башир исмли маҳаллий истихборот (разведка) ходимига кўра, гумондорлар литий жинсларини Покистон орқали Хитойга йўналтириш мақсадида Кунардан Нангарҳорга олиб ўтганлар.

«Бизга қимматбаҳо тошларнинг ноқонуний қазиб олиниши ва контрабандаси бўйича тезкор маълумот келиб тушди», деди у 21 январ куни Нангарҳордаги матбуот анжуманида.

«Асосий жиноятчиларни қўлга олиш учун биз уларни Нангарҳорга боришдан тўсмадик, контрабандачилар Жалолобод шаҳрига келганида эса, икки хитойлик ва уч афғон фуқаросини қўлга олдик».

Хитой консорциумининг Лувгар вилояти Мис-Ойнакдаги операцион базаси, ўтган йилнинг 17 майи. Кобул яқинидаги улкан чўққилардан ўйилган кўҳна буддавийлик шаҳри бутунлай йўқ бўлиб кетиш хавфи остида қолган. Бу ердаги энг йирик мис конлари Хитой консорциуми тарафидан эксплуатация қилинмоқда. [Вакил Коҳсар/AFP]

Хитой консорциумининг Лувгар вилояти Мис-Ойнакдаги операцион базаси, ўтган йилнинг 17 майи. Кобул яқинидаги улкан чўққилардан ўйилган кўҳна буддавийлик шаҳри бутунлай йўқ бўлиб кетиш хавфи остида қолган. Бу ердаги энг йирик мис конлари Хитой консорциуми тарафидан эксплуатация қилинмоқда. [Вакил Коҳсар/AFP]

У Хитой фуқароларининг қачон ҳибсга олингани билан боғлиқ тафсилотларни очиқламади.

«Бу тошларнинг 300 тоннаси Нангарҳорда, қолган 1000 тоннаси Кунарда», деб қўшимча қилди Башир.

«Бу жинслар таркибида 30 фоиз литий бор», деб айтган кон ва нефт вазирлигининг юқори лавозимли ходими Муҳаммад Расул Оқаб матбуот анжуманида журналистларга.

«Улар Кунар ва Нуристон вилоятларида яширинча қазиб олинган жуда ноёб тошлардир.»

Порахўрлик ва коррупция

Хитой Афғонистоннинг табиий бойликларини ноқонуний усуллар, порахўрлик ва контрабанда йўли билан қазиб олмоқда, дейди таҳлилчилар.

Пекинда ишлаган собиқ афғон дипломати, ҳозирда Францияда истиқомат қилаётган халқаро масалалар бўйича таҳлилчи Сайид Меҳди Мунадийга кўра, «Хитой юксалиб бораётган давлат ўлароқ хомашё ва табиий ресурсларга жуда муҳтож».

«Табиий ресурсларга бой ҳар қандай мамлакат Хитой учун устувор мақсад ҳисобланади», деди у. «Шу сабабли айрим Африка давлатлари ва Афғонистон Хитой ва унинг бизнеси учун жуда жозибадор.»

Хитой аксарият ҳолларда бошқа давлатларнинг табиий ресурсларини ноқонуний йўллар билан қўлга киритади, дейди Мунади.

«Аксарият хитойлик фирмаларда пора бериш, лойиҳалар ва шартномаларни ноқонуний ютиб олиш учун алоҳида бюджет бўлади», деди у. Улар пора бериб, табиий бойликларни, қимматбаҳо тошларни, энергия шартномаларини қўлга киритишга ҳаракат қиладилар, агар бу иш бермаса, контрабандага ўтадилар».

«Хитойликлар контрабанда йўли билан Афғонистоннинг фойдали қазилмалари ва ер ости бойликларини талон-тарож қилмоқда», дейди Мунадий.

Бир томондан, Хитойнинг пора бериши ва ноқонуний рақобат «ҳозирги ҳукмдорлар орасида маъмурий коррупция ва ўғирлик» учун йўл очади, деди у.

«Бошқа томондан, бу Афғонистон миллий бойликлари ва ресурсларининг исроф бўлишига олиб келади.»

«Афғонистонни талон-тарож қилиш»

«Афғонистондаги кончилик фаолияти ва табиий бойликларни қазиб олишнинг катта қисми мамлакатдаги нуфузли шахслар, жиноий гуруҳлар, маҳаллий ва халқаро контрабандачилар томонидан ноқонуний ва нопрофессионал тарзда амалга оширилади», дейди Кобул университетида тоғ-кон саноати бўйича таҳсил олган 28 ёшли Исматулла Сарварий.

У яқинда юз берган контрабанда ҳолатини мисол қилиб келтирган.

«Афғонистоннинг минерал бойликларини ноқонуний ва нопрофессионал тарзда қазиб олиш ва уларнинг контрабандаси афғон ҳукумати учун муаммога айланган бўлиб, ҳозирда мамлакатимиз сиёсий қийинчиликлар ва нотинчликларни бошидан кечирмоқда», дейди Сарварий.

«Афғонистоннинг қўшнилари, айниқса хитойликлар бу ишга ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ аралашиб, мамлакат табиий ресурсларини қонуний ёки ноқонуний йўл билан қазиб олиш ва уларни мамлакатдан олиб чиқишга зўр бериб уринмоқда, бу эса Афғонистон қазилма бойликларининг талон-тарожидир», дейди у.

«Афғонистоннинг табиий ресурслари йиллар давомида турли гуруҳлар ва минтақа давлатлари томонидан ноқонуний йўллар ва контрабанда орқали ёки расмий равишда талон-тарож қилинган», дейди Германияда яшовчи иқтисодчи, нефт импортчилари иттифоқининг собиқ директори Азрах Ҳафизий.

«Хитой ҳукумати ва компаниялари Афғонистондаги конларга катта қизиқиш билдирмоқда. Улар «Мис Ойнак» мис кони ва Амударё газ-нефт конларини жуда арзонга сотиб олишди».

«Афсуски, Афғонистон бу шартномаларда жуда кам улуш ва фойдага эга, хитойликлар эса 80% акциялар ва фойдани олишади», деди у. «Улар ҳозирги [сиёсий] вазиятдан фойдаланиб, Афғонистоннинг табиий бойликларини талон-тарож қилмоқдалар».

«Ҳозирги ҳукмдорлар қўшни давлатлар томонидан мамлакатнинг табиий ва жамоат бойликларини талон-тарож қилишга йўл қўймасликлари керак», деб қўшимча қилди у.

Афғонистоннинг бойлиги

Канадада истиқомат қилувчи афғонистонлик иқтисодий таҳлилчи Сайид Маъсуднинг айтишича, «Хитой компаниялари Афғонистонда юз берган сўнгги воқеалардан сўнг мамлакатнинг табиий бойликларига ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ қизиқиш билдирмоқда».

Аммо улар Афғонистоннинг табиий бойликларини ўзаро манфаатли савдо келишувлари орқали қўлга киритиш ўрнига, уларни норасмий тарзда қазиб олишга, айрим афғонлар ёрдамида контрабанда йўли билан олиб чиқишга уринмоқдалар, дейди у.

«Афғонистонда 1400 та кон бор», деди Масъуд. «Хитойликлар бу конларга эътибор қаратиб, уларни қандай йўл билан бўлмасин, қўлга киритишга ҳаракат қилмоқда.»

Афғонистон тоғ-кон ва нефт саноати вазирлигига кўра, 2019 йилда мамлакатдаги қазиб олинмаган минерал ресурслар ва металлар 1 триллион доллардан кўпроққа баҳоланган.

«Рақобатчилари минтақада ҳукмронлик қила олмаслиги учун, Хитой ўз таъсирини мустаҳкамлашга интилмоқда», дейди Масъуд.

«Шунинг учун у иқтисодий лойиҳалар, шунингдек, қонуний ва ноқонуний шартномалар орқали минтақани сиёсий, иқтисодий ва хавфсизлик нуқтаи назаридан қамраб олишга ҳаракат қилади».

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Бу сайт билан боғлиқ ахборот манбаи кўрсатилса яхши бўларди.

Жавоб бериш