Карвонсарой
Иқтисодиёт

Хитой қазилма бойликларга йўл очиш мақсадида Афғонистонни қарам давлатга айлантирмоқчи

Ҳамза

Бағлон вилояти, Қора Зағон қишлоғи яқинидаги тоғ ёнбағрида жойлашган олтин кони ишчиларини кузатаётган афғон полициячиси, 2013 йил 6 май куни олинган сурат. [Шоҳ Марай/AFP]

Бағлон вилояти, Қора Зағон қишлоғи яқинидаги тоғ ёнбағрида жойлашган олтин кони ишчиларини кузатаётган афғон полициячиси, 2013 йил 6 май куни олинган сурат. [Шоҳ Марай/AFP]

КОБУЛ – Афғонистонни иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан Пекинга қарам қилишга қаратилган хавфли режани бошлаган Хитой мамлакатдаги қазилма бойликлардан фойдаланиш ва уйғур бўлгинчиларининг ҳар қандай эҳтимолий таҳдидига қарши туришни кўзламоқда, дейди таҳлилчилар.

АҚШ Геология хизматининг (USGS) 2021 йил январ ойидаги ҳисоботига кўра, Афғонистон қазилма бойликлари боксит, мис, темир рудаси, литий ва ноёб тупроқ элементларини ўз ичига олади.

Афғон заминида шунингдек, тоза энергия соҳасида қўлланиладиган ноёб тупроқ элементлари: неодим, празеодим ва диспрозий ҳам бор.

АҚШ Геология хизмати мамлакатнинг қазиб олинмаган табиий бойликларини 1 триллион долларга баҳолаган, бироқ Афғонистон расмийларига кўра, бу рақам уч баробар кўпроқ.

Хитой компаниялари август ойида Афғонистоннинг собиқ ҳукумати қулаганидан сўнг Афғонистоннинг тоғ-кон саноатига сармоя киритиш истагини билдирганлар.

«Хитой Афғонистонда хавфли ўйин бошлади», дейди Нуристоннинг собиқ ҳокими, ҳозирда америкада яшаётган сиёсий таҳлилчи Тамим Нуристоний.

«Хитой доим турли йўналишлар, жумладан, кредитлар бериш орқали саховатли ёрдамлар билан мамлакатларни қўллаб-қувватлаш сиёсатини юритиб келган», деди Нуристоний.

«Улар олинган кредитларни тўлай олмагач, Хитой ҳар бир мамлакатнинг табиий ва минерал ресурсларидан фойдаланиш мақсадида қарздор ҳукуматларга босим ўтказади

«Биз Африка ва Лотин Америкасининг бир қанча мамлакатларида Хитой ҳукуматининг ҳийла-найрангларига гувоҳ бўлдик», деди Нуристоний.

«Хитой Афғонистонга миллионлаб долларлик гуманитар ва молиявий ёрдамлар кўрсатиш орқали худди шу сиёсий мақсадни кўзламоқда. Бу билан Хитой Кобул ҳукуматини ўзининг сиёсий кўмагига қарам қилиб қўйиб, шу йўл билан мамлакатимиз конлари ва табиий ресурсларини назоратига олмоқчи», деди у.

«Хитой Афғонистонда ўз ҳукмронлигини мустаҳкамлаб, Покистон, Афғонистон, Эрон, Марказий Осиё ва Яқин Шарқ орқали иқтисодий ва сиёсий йўлак барпо этишни режаламоқда», деди Нуристоний.

Минерал ресурслар

Аввалги ҳукумат қулаганидан бир неча ҳафта ўтар-ўтмас, Хитой Афғонистонга 31 миллион долларлик шошилинчи ёрдам ваъда қилган эди.

Аммо бу ваъдалар пуч бўлиб чиқди.

Кейинроқ Хитой атиги 1 миллион долларлик гуманитар ёрдам кўрсатганини эълон қилиб, Афғонистонга 5 миллион долларлик озиқ-овқат ва тиббий ёрдам тақдим этишга ваъда берди.

«Афғонистонда бир қанча мақсадларни кўзлаётган Хитой мамлакатдаги қазилма бойликлар ва бошқа хомашёдан фойдаланмоқчи. Ўз мақсадларига эришиш учун Хитой Афғонистонга миллионлаб доллар ёрдам ваъда қилмоқда», дейди Ўзбекистонда яшовчи афғон сиёсатшуноси Аҳмад Саидий.

«Хитой Афғонистоннинг фойдали қазилмаларига очиқдан-очиқ сармоя киритиш ва улардан фойдаланиш, шунингдек, Хитой товарларини Афғонистон, Марказий Осиё ва бошқа мамлакатларга экспорт қилишни осонлаштириш учун Афғонистонда унинг ресурсларига қарам бўлиб қоладиган иттифоқчи ҳукумат барпо этишга уринмоқда», деди Саидий.

«Хитойнинг Афғонистонда Америка ва Ҳиндистонга қарши ҳукумат тузилишини қўллаб-қувватлаш мақсади ҳам бор», деб қўшимча қилди у.

«Хитой бутун минтақада сармоя ва савдо монополиясига интилмоқда», дейди Туркманистонда истиқомат қилувчи афғонистонлик иқтисодчи эксперт Саид Масъуд.

«У Туркманистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қозоғистон бозорларида маълум таъсирга эга. Океан сувларига чиқиш учун, Хитой (Покистондаги) Гвадар портига миллиардлаб доллар сармоя киритди, энди эса Афғонистоннинг минерал ресурслари томон йўл очишга ҳаракат қилмоқда», деди у Ҳинд океани ва Араб денгизини назарда тутиб.

«Хитой Афғонистондаги камёб ер элементларига кўз тикмоқда», дейди кобуллик сиёсий таҳлилчи Салим Пайгир.

«Мамлакатимизда миллиардлаб долларлик табиий бойликлар мавжуд. Хитой миллионлаб доллар ёрдам ваъда қилиб, Афғонистоннинг фойдаланилмаган табиий бойликларини қўлга киритиш пайида», дейди у.

«Хитой Афғонистоннинг иқтисодий аҳволини яхшилашдан кўра, ўзининг иқтисодий манфаатларига эришишни кўзлаяпти».

«Хитой халқаро қўшинларнинг Афғонистондан олиб чиқиб кетилганидан Афғонистондаги сиёсий, иқтисодий ва хавфсизлик соҳасидаги ҳукмронлигини таъминлаш учун фойдаланмоқчи», деб қўшимча қилди Пайгир.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500