МОМБАСА, Кения – Африкага сўнгги ташрифи чоғида Хитой ташқи ишлар вазири Ван И Хитойдан қарз, ёрдам ва инвестиция олаётган давлатлар узоқ муддатли оқибатлардан афсусланаётгани борасида дунё бўйлаб кучайиб бораётган даъволарнинг олдини олишга уринди.
Ван Кенияда Пекин молиялаштираётган инфратузилма лойиҳаларига ташриф буюриш олдидан Пекин Африка мамлакатларига катта миқдорда кредит ажратиш орқали уларни қарз сиртмоғига туширмоқчи экани ҳақидаги даъволарни рад этди.
У Хитойнинг Африкага катта ҳажмда кредит бергани дипломатик ва тижорат имтиёзларини олиш стратегияси, деган фикрни инкор этган.
«Бу шунчаки факт эмас. Бу айримлар тарафидан яширин мақсадларда қўлланилаётган фаразлар», деб айтган у мухбирларга 6 январ куни Кениянинг Момбаса порт шаҳрида.
«Бу Африканинг ривожланишини истамайдиганлар тарқатаётган даъволар», деб айтган у таржимон орқали. «Тузоқ бу қашшоқлик ва тараққиётнинг йўқлигидир.»
Хитойнинг расмий маълумотларига кўра, Хитой Африканинг энг йирик савдо ҳамкори бўлиб, улар ўртасидаги бевосита савдо ҳажми 200 миллиард АҚШ долларига тенг.
Жаҳон Банкидан кейин Кенияга энг кўп қарз берган Хитой ҳисобланади, шунингдек у бир қатор қиммат инфратузилма лойиҳаларини ҳам молиялаштирган, бу эса Найроби тўлай олмайдиган қарзлар олаётгани ҳақидаги хавотирларни пайдо қилган.
Хитой Момбаса портида йирикроқ нефт ташувчи танкерларнинг тўхташи учун қиймати 353 миллион АҚШ долларига тенг янги терминал барпо этмоқда.
Шунингдек, Пекин Кения мустақилликка эришганидан бери энг қиммат инфратузилма лойиҳасини молиялаштирган бўлиб, 2017 йили ишга тушган Момбасадан чиқувчи темирйўл линияси учун 5 миллиард АҚШ доллари миқдорида қарз ажратган.
2020 йил январ ойида Момбасага ташрифи давомида Ван бу темирйўлни Хитойнинг муҳим инфратузилма объектлари қуриш орқали дунё бўйлаб савдо алоқаларини яхшилашга қаратилган триллион долларли «Бир камар, бир йўл» ташаббусининг «намунали лойиҳаси» деб атаган эди.
Хавотирли белгилар
Хитой президенти Си Цзиньпин «Бир камар, бир йўл» ташаббусини 2013 йилда Хитойнинг иқтисодий ва сиёсий таъсирини кенгайтириш мақсадида бошлаган, аксар инфратузилма режалари унинг товарларини дунё бўйлаб ташишни осонлаштириши кўзда тутилган.
Аммо бошқа мақсадлар қатори «Бир камар, бир йўл» ташаббуси ночор мамлакатларининг табиий ресурсларини Хитой манфаатлари йўлида қазиб олиш ва ташиб кетишга ҳам қаратилган.
Хитой кенг кўламли инвестиция лойиҳасининг ғаразли мақсадларини инкор этса-да, танқидчиларга кўра, Хитой бу «қарз сиртмоғи дипломатияси» деб номлаган режадан келиб чиқадиган молиявий воситадан ўз нуфузини ошириш йўлида, қарз олувчиларга оғир шартлар қўйиш, қарздор давлатлар молиявий муаммоларга дуч келганда стратегик активларини ўзлаштиришга имкон берувчи шартномаларни имзолаш учун фойдаланади.
Кузатувчилар Хитой молиясига ишонч борасида хавотир изҳор этар экан, Хитой инвестицияси шартларига нисбатан норозилик тобора кучайиб бормоқда.
Кениялик геосиёсий ва иқтисодий таҳлилчи Али-Хон Сатчуга кўра, шарқий Африка мамлакати битимлар келишувида манфаатсиз вазиятда қолган бўлиб, кўп ҳолларда катта фоизли кредитларга ўралашиб қолмоқда.
«Бу инвестициялар яқин келажакда даромад келтирмайди», деб айтган у AFP нашрига.
«Қарзлар олинган ва улар ҳар ой зарар келтирмоқда, бу билан муаммолар сезиларли даражада кўпаймоқда.»
Талончиликка асосланган бундай кредитларга мисоллар кўп.
Масалан, пул муаммосига учраган Шри-Ланканинг ташқи қарзи 35 миллиард АҚШ долларидан ошган, бу миқдорнинг 10 фоизидан ортиғи Хитойга тегишли, аммо расмийлар Халқаро валюта жамғармасидан (ХВЖ) ёрдам сўраш ўрнига Пекинга юзланган.
Президент Готабая Раджапакса «пандемиядан кейинги иқтисодий инқироз шароитида қарзларни қайтариш режаси қайта кўриб чиқилса, катта ёрдам бўларди» деб таъкидлаган, дея хабар беради унинг матбуот хизмати 9 январ кунги баёнотда.
Бу талабга Пекин сукут билан жавоб қайтарган.
Бу орада мамлакат Марказий банки раҳбари Аджит Нивард Кабраалга кўра, Хитой билан янги кредит муҳокамаси «фаол босқичда» ва янги келишув Хитойга олдидаги мавжуд қарзни қоплайди.
«Улар бизга тўловларни амалга оширишда ёрдам беришади, Хитойдан олинаётган янги кредит Хитой олдидаги мавжуд қарзни тўлаш учун», деб айтган у.
Шри-Ланка ўтмишда инфратузилма учун Хитойдан катта миқдорда кредит олган, уларнинг айримлари оғир юкка айланган.
Мамлакат жанубидаги порт қурилиши учун олинган 1,4 миллиард АҚШ долларига тенг қарзни деб, Шри-Ланка бу иншоотни 2017 йилда 99 йил муддатга ижарага топширишга мажбур бўлган.
Қўшма Штатлар ва Ҳиндистон муҳим шарқий-ғарбий халқаро юк ташиш йўлида жойлашган Хамбантота порти Хитой учун Ҳинд океанида ҳарбий плацдармга айланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирганлар.
«Денгиздаги ипак йўли»
Хитой «Бир камар, бир йўл» ташаббуси доирасида Ҳинд океани бўйлаб қатор портларни барпо этиб, Жанубий Хитой денгизидан Сувайш каналигача чўзилган ёқилғи қуйиш ва таъминот станциялари тармоғини яратган.
Ушбу «денгиз ипак йўлидаги» катта портлардан бири Покистондаги Гвадарда жойлашган, аммо Пекиннинг маҳаллий ишчилар ва атроф-муҳитга эътиборсизлиги келишувга путур етказган.
Гвадар «Бир камар, бир йўл» ташаббусининг муҳим қисмларидан бири бўлиши керак эди, аммо лойиҳа кўлами ва Покистон ҳукумати кўп миллиард долларли инфратузилмаларни молиялаштириш учун Пекиндан олган қарз уни қалтис вазиятда қолдирган.
Балужистонда Хитой кемалари маҳаллий балиқчиларнинг тирикчилик манбаини тортиб олгани тангликка сабаб бўлган.
«Бир камар, бир йўл» ташаббусига яқиндан назар солинса, Пекиннинг табиий ресурсларни ўзлаштиришни монополлаштириш ва Хитойдан тортиб Ўртаер денгизи, жумладан Яқин Шарқ, Марказий Осиё ва Африкагача ҳарбий амбицияларни кенгайтириш мақсади намоён бўлади.
Шу мақсадда Хитой сўнгги йилларда Мисрга йирик миқдорда – 7 миллиарддан ортиқ инвестиция киритган, аммо таҳлилчиларга кўра, муҳим ҳудудлар ва иқтисодиёт соҳаларида Хитойнинг аралашуви узоқ муддатли ва ачинарли оқибатларга олиб келиши мумкин.
Хитойнинг Сувайш канали иқтисодий зонасига киритаётган йирик сармоялари алоҳида хавотир уйғотади.
Бундан ташқари Пекиннинг Шинжондаги мусулмонларга нисбатан ноинсоний муносабати, қатлиом, қийноқлар, жинсий зўравонлик, мажбурий меҳнат ва ўзбошимча ҳибсга олиш бўйича айбловлар аксилхитой кайфиятини кучайтирган.
Ироқ ҳам Хитойнинг иқтисодий инвестицияларини шубҳа остига олмоқда.
Масалан, 2019 йил сентябрда Ироқ ва Хитой ўртасида имзоланган шартнома ҳамон амалга ошмаган.
Шартнома Ироқ нефтини Хитойга сотишдан олинган фойдадан босқичма-босқич тўланадиган 10 миллиард АҚШ долларига тенг Хитойдан олинган кредит ғоясига асосланган. Кредит эса Ироқдаги муҳим инфратузилма лойиҳаларини молиялаштиришга қаратилади.
Келишувга қаршилик қилаётганларга кўра, Ироқ нефти Хитойга узоқ муддатга гаровга топширилади ва Ироқни Хитойга қарздор қилиб қўяди.
Айримлар эса Хитой билан яқин алоқалар Ироқ иқтисодиёти ҳисобига фойда олишни кўзлаётган Эрон режими учун хизмат қилишидан хавотирда.
Йиғилиб қолган қарзлар
Марказий Осиёдаги бир қатор давлатлар ҳам худди шундай аҳволга тушиб қолганлар.
Хитой Туркманистон газ саноати тараққиётига миллиардлаб инвестиция киритган бўлиб, ўзини мамлакатнинг биринчи рақамли экспорт йўналиши сифатида кўрсатган.
Пекиннинг мамлакатдаги муҳим лойиҳалари қаторига Туркманистон шарқидан бошланиб, Ўзбекистон ва Қозоғистон орқали Хитойга ўтган Марказий Осиё ва Хитой қувури ҳамда дунёдаги иккинчи энг катта газ кони Галкинишдаги кўп босқичли ўзлаштириш лойиҳаси киради.
2011 йилда мамлакатга ташрифи чоғида Хитой тараққиёт банкининг (ХТБ) ўша вақтдаги раҳбари Цзян Чаолян банк лойиҳалар учун Туркманистонга 8,1 миллиард АҚШ доллари ажратганини айтиб ўтган.
Ўтган йил июн ойида Туркманистон ҳукумати ва ХТБ қарзлар тўлиқ қайтарилгани ҳақида хабар берган, аммо Хитой шартномаларидаги махфийлик туфайли расмийлар Туркманистон қанча пулни ва қачон қайтарганини очиқламаган.
Қўшимча маълумотларсиз Туркманистон қандай қилиб Хитойга қарзини қайтарганини аниқ билиш имконсиз.
Таҳлилчиларга кўра, эҳтимоллардан бири Туркманистон Хитойга рекорд даражадаги экспортдан ҳеч қандай фойда кўрмаётган бўлиши мумкин. Катта эҳтимол билан, газ савдосидан тушган пул бир неча миллиардга тенг қарздорликни тўлаш учун йўналтирилган.
Хитойнинг қарз сиртмоғи Қирғизистон учун ҳам жиддий хавф туғдиради, дейди таҳлилчилар.
Март ойи охирларига келиб, Қирғизистоннинг ташқи қарзи 5 миллиардга етган, унинг катта қисми – 40 фоизи Хитойнинг Эксимбанкига тегишли, деб хабар берган Молия вазирлиги.
2020 йилда коронавирус пандемияси туфайли келиб чиққан иқтисодий қийинчиликлар сабаб Қирғизистон ҳукумати бир неча бор Хитойдан кредит шартларини енгиллатишни, лоақал тўлов муддатини узайтириб беришни сўраган.
Йил давомида бу илтимосларни эътиборсиз қолдириб келган Пекин ниҳоят ноябр ойида 2020 йил учун тўловни келаси тўрт йилга бўлиб беришга рози бўлди, аммо бу «имтиёз» эвазига қарзга яна 2 фоизлик устама қўшди..
Кузатувчиларга кўра, аввалги ҳукумат қулаганидан бери инқирозга учраган Афғонистонга Хитойнинг тобора ортиб бораётган «ёрдами» заиф давлатни Пекинга иқтисодий ва сиёсий томондан қарам қилиш ва мамлакатнинг бир триллион АҚШ долларига тенг қазилма бойликларини ўзлаштириш мақсади учун хизмат қилади.
Бутун дунё 80 йил аввал Гитлерга қарши бирлашгани каби Хитой фашизмига қарши бирлашиши лозим.
Жавоб беришФикрлар 1