https://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2019/10/24/feature-02
Тўлиб-тошган камералар: Суриядаги «Ислом давлати» қамоқхонасига назар
| Иқтисодиёт

Марказий Осиё Хитойнинг «Бир камар – бир йўл» ташаббуси сабаб қарздорлик домига тушиб қолиши мумкин

Канат Алтинбаев

image

Ишчилар 27 апрель куни «Бир камар – бир йўл форуми» ўтказилган жой ташқарисида тадбир баннерини ечиб олишмоқда. [Грег Бейкер/AFP]

ОЛМАОТА – Таҳлилчиларнинг огоҳлантиришича, Хитойнинг «Бир камар – бир йўл» ташаббуси натижасида Марказий Осиё мамлакатлари Пекин олдида қарзга ботиши мумкин.

Ушбу ташаббус 2013 йилда ХХР раиси Си Цзинпин томонидан эълон қилинган эди. У Хитой маҳсулотларини ташиш учун Хитой атрофида кенг инфратузилма тармоғи яратишни кўзда тутади.

Пекиннинг таъкидлашича, автомобиль ва темир йўллари, денгиз портлари ва бошқа инфратузилмаларни барпо этиш, шунингдек, Хитой томонидан молиялаштириладиган саноат ва таълим лойиҳаларини ўз ичига оладиган ушбу ташаббус унда иштирок этувчи барча мамлакатларда иқтисодий фаровонликка олиб келади.

Бироқ, воқелик шуни кўрсатмоқдаки, «Бир камар – бир йўл» Хитой манфаатларига қаратилган бўлиб унинг ички энергия эҳтиёжларини қондириш, халқаро бозорларни эгаллаб олиш, экспортни ошириш ва бошқа мақсадлар учун хизмат қилади.

image

Суратда: Хитойнинг «Sinooil» ёқилғи қуйиш шохобчаси, Олмаота, октябрь ойи. [Канат Алтинбаев]

Вашингтонда жойлашган Янги Америка хавфсизлиги маркази CNAS ҳисоботида айтилишича, мазкур ташаббус «якунда Хитойнинг геосиёсий амбициялари учун воситадир».

«Мезбон давлатлар учун харажатларга сабаб бўладиган барча нарсалар – назорат ва шаффофликнинг йўқолиши, қарздорлик ва коррупция кўп ҳолларда Пекин учун стратегик автивларга айланади», дейилади ҳисоботда.

Ушбу лойиҳага қўшилган Марказий Осиё мамлакатлари учун миллиардлаб доллар қарздорлик хавфи юзага келмоқда.

Жумладан, 2019 йил июль ҳолатига кўра Қирғизистоннинг қарийб 3,8 миллиард долларга тенг ташқи қарзи бор, шундан 1,7 миллиард доллари Хитой Экспорт-импорт банкидан (Эксимбанк), деб хабар берган мамлакат молия вазирлиги.

Қарз сабабли Хитойга қарам бўлиб қолиш Қирғизистон учун чинакам таҳдиддир, дейди Бишкекдаги «Global Technology Solutions Co» компанияси иқтисодчиси ва директори Искендер Шаршеев.

«Хитой ҳукумати Марказий Осиё давлатларининг қарзни тўлашга қодир эмаслигини билса-да, барибир катта кредитлар беришга тайёр ва шу билан бирга, ушбу мамлакатларнинг судларда ўзини ҳимоя қилиш ва шартнома бўйича мажбуриятларини бажармаслик ҳуқуқини тан олмайди», деди у.

«Агар Марказий Осиё мамлакатлари катталашиб кетган қарзни тўлай олмасалар, фойдали қазилмалар конлари ва ҳудудлар Хитойга топширилиши мумкин, айрим давлатлар эса аллақачон шундай қилиб бўлган», дея қўшимча қилди Шаршеев.

Хитой тендерларнинг хитойлик компанияларга (улар орасида можароларга аралашган компаниялар ҳам бор) берилиши шарти билан Қирғизистонга йўллар, энергия инфратузилмаси ва фабрикалар қуриш учун кредит бермоқда.

2018 йил бошида Бишкекда хитойлик компания томонидан модернизация қилинган электр станцияси ишдан чиқди. Бунинг оқибатида, 20 даража совуқда бишкекликларнинг уйлари иситилмай қолиб кетган.

Иссиқкўлнинг шимолий қирғоғи бўйлаб чўзилган 104 км узунликдаги автомобиль йўли қурилишида ҳам қийинчиликларга дуч келинган.

Хитойнинг «Longhai Road» ва «Bridge Corp.» компаниялари 2015 йил охирида автомобиль йўлини қуриш бўйича тендерда ғолиб бўлишган. Қурилиш 2017 йилда якунланиши керак эди, аммо ҳозирги кунга қадар йўлнинг 80 километри барпо этилди, холос. Бундан ташқари, ишчилар компаниянинг иш ҳақи тўлашни тўхтатганидан шикоят қилмоқдалар.

Хитойга қарздорлик

Тожикистон ҳам хавф остидаги мамлакатлардан бири.

2018 йилнинг баҳорида у «Душанбе-2» электростанциясининг модернизация бўйича 330 миллион долларлик қарзни тўлаш учун Сўғд вилоятидаги Юқори Қумарг олтин конини 50 тонна олтин захираси билан Хитойга берган.

Тожикистон молия вазири Файзиддин Каҳҳорзоданинг сўзларига кўра, қарз сиртмоғи 2019 йилнинг иккинчи ярми бошида умумий қарзи 2,9 миллиард долларга тенг бўлган (шундан 48 фоизи Хитой улушига тўғри келади) Тожикистон учун чинакам ташвишга айланиб улгурган, деб хабар берган Озод Европа/Озодлик радиосининг тожик хизмати август ойида.

Душанбедаги ҳуқуқшунос олим Шокир Ҳакимовнинг сўзларига кўра, Хитойга қарамлик Тожикистон суверенитетини хавф остига қўяди.

«Тожикистоннинг иқтисодий ва технологик салоҳияти етарли эмас, шу боис мамлакат хорижий компанияларни жалб қилмоғи лозим», деб айтган у 2018 йилда EurAsia Daily нашрига.

«Охир-оқибат, бу компаниялар асосан Хитой компаниялари бўлиб чиқмоқда. Тожикистон ҳукумати Хитой таклиф этган ҳар қандай лойиҳаларни жуда жозибали деб билади», - деди Ҳакимов.

«Тожикистон қарз туфайли Пекинга қарам бўлиб қолди. Шу сабабли, расмийлар қарзларни тўлай олмасликларини англаб, Хитойнинг таклифига рози бўлишди ва унга олтин конини топширишди», деди у.

Турманистон: газ қуллиги

Айни пайтда, Хитой Туркманистон экспорт қиладиган газнинг қарийб 80 фоизини сотиб олади, бу эса мамлакатнинг Пекинга карамлигини кучайтиради.

Газ захираси бўйича дунёда тўртинчи ўринда турадиган Туркманистон 2019 йилнинг биринчи ярмида Хитойга 4,4 миллиард долларлик табиий газ етказиб берди – бу Туркманистон экспортида янги рекорддир.

Шундай бўлса-да, мамлакатда турмуш даражаси кўтарилмаяпти, ижтимоий-иқтисодий муаммолар авж олмоқда ва ҳатто озиқ-овқат тақчиллиги ҳам сезилмоқда.

Ашхобод Пекин билан келишув тафсилотларини ошкор қилмаса-да, таҳлилчиларга кўра, Туркманистон ўзининг рекорд даражадаги экспорти учун муносиб даромад ололмаяпти ва газни сотиш орқали Пекин олдидаги кўп миллиардли қарзларини тўламоқда.

Москвада жойлашган МДҲ мамлакатлари институтининг Марказий Осиё ва Қозоғистон бўлими раҳбари Андрей Грозинга кўра, Хитой Туркманистоннинг асосий экспорт маҳсулоти – табиий газининг ягона харидори бўлиб қолган.

Йирик газ кони – Галкинишдаги разкедка ва ўзлаштириш ишлари учун Хитойдан катта кредитлар олган Туркманистон заиф аҳволда қолди, деган эди эксперт 2018 йилда Материк.ру янгиликлар сайтига.

«Хитой ўз қарзларидан кечиб юборишига умид қилмаса ҳам бўлади. Хитой кимнингдир қарзидан кечганини эслай олмайман. Унинг принципиал позицияси шундай», деди Грозин.

Сизга мақола ёқдими?
2
Йўқ
Фикрлар 1
Сиёсат
Captcha

Хитойликлар одам эмаслар.

Жавоб бериш