Карвонсарой
Хавфсизлик

Ҳиротликлар 1979 йилги қўзғолонни хотирлаб, Россияни Украинадаги шу каби жиноятларда айбламоқда

Умар

Афғон халқининг ўша пайтдаги советпараст ҳукуматга қарши қўзғолонига 44 йил тўлиши муносабати билан ўтказилган маросимда Ҳирот вилоятининг 5 мингга яқин аҳолиси иштирок этди. Маҳаллий аҳоли орасида 1357 йил (1979 йил) 24-Ҳут қўзғолони номи билан машҳур воқеа билан боғлиқ маросим 15 март куни Ҳирот шаҳри шимолидаги «Шуҳадаи гумном» қабристонида бўлиб ўтган. [Умар/Salaam Times]

ҲИРОТ – Ҳирот вилоятининг 5000 га яқин аҳолиси афғон халқининг ўша пайтдаги советпараст ҳукуматга қарши қўзғолонининг 44 йиллигига бағишланган маросимда қатнашди.

Хотирлаш маросими чоршанба (15 март) куни Ҳирот шаҳри шимолида жойлашган «Шуҳадаи гумном» қабристонида (Номаълум шаҳидлар қабристони) бўлиб ўтган.

Ҳирот аҳли 1979 йил 15 мартда советлар қўлловидаги ҳукуматга қарши қўзғолон кўтарган эди.

Коммунистик Афғонистон ҳукумати томонидан бостирилган қўзғолоннинг 24 мингдан ортиқ аъзоси, жумладан, эркаклар, аёллар ва болалар ҳаво ва қуруқлик ҳужумларида ҳалок бўлган.

Ҳирот шаҳри шимолида 1979 йилги советпараст ҳукуматга қарши қўзғолон қурбонларини хотирлаш учун йиғилган минглаб ҳиротликлар, 15 март. [Умар/Salaam Times]

Ҳирот шаҳри шимолида 1979 йилги советпараст ҳукуматга қарши қўзғолон қурбонларини хотирлаш учун йиғилган минглаб ҳиротликлар, 15 март. [Умар/Salaam Times]

Совет Иттифоқи ўз ҳимоясидаги ҳукуматнинг номашҳурлигидан шунчалик хавотирга тушдики, тўққиз ойдан кейин Афғонистонга бостириб кириб, тўққиз йилдан ортиқ давом этган шиддатли ишғол жараёнини бошлади.

Ваҳшийликлар

1979 йил декабрдаги қўзғолондан кейинги зулм ва совет босқинини бошдан кечирган Ҳирот аҳолиси советларнинг ҳарбий жиноятларини изтироб билан эслайди. Улар буни Россиянинг Украинага босқини билан қиёсламоқда.

Совет аскарлари тинч аҳолига қарата ўқ узган, дейди Ҳирот қўзғолонида уч нафар оила аъзосини йўқотган 65 ёшли Саид Аҳмад.

«Советлар ҳар оқшомда асирларни олиб чиқиб, тириклайин кўмиб ташларди. Улар кимни хоҳласа, қамар ва йўқотар эди».

«Совет аскарлари тинч аҳолини, жумладан аёллар ва болаларни тап тортмай ўлдирарди», деб қўшимча қилди у.

Советлар қўлловидаги афғон армиясида Кремлнинг кўнгилли шериклари бор эди, дейди у. Улар Ҳирот шаҳрининг ғарбий қисмидаги Дарвозаи-Қандаҳор ҳудудида минглаб афғонларни отиб ташлаган. Жасадлар кўплигидан аҳоли уларни кўмишга улгурмай қолган.

«Телевизорда Украинага оид янгиликларни, Россия томонидан содир этилган зулм ва зўравонликларни кўриб, уларни Совет Иттифоқининг Афғонистонда содир этган жиноятларига ўхшатаман», деди Аҳмад.

«Россия ҳужумига учраган Украинадаги вазият Совет қўшинларининг Афғонистонга бостириб кириши вақтидаги оғир кунларга ўхшаб кетади».

Ҳирот шаҳрида яшовчи 59 ёшли Ғулом Ҳазрати Раҳмоний ҳам Россиянинг Украинага босқини ва Совет қўшинларининг Афғонистонга бостириб кириши ўртасидаги ўхшашликларни қайд этган.

«Совет қўшинлари жуда шафқатсиз бўлиб, ҳеч кимни аяб ўтирмасди. Улар уй ва деҳқон хўжаликларини вайрон қилиш учун танклар ва самолётларни ишга солишган. Қаерга бормасин, хўжаликларга ўт қўйиб, ёш йигитларни ўлдирган.»

24-Ҳут қўзғолони куни кўчалар ва каналлар ўликларга тўлиб кетди, дейди у.

Тажовуз қурбонлари

Россиянинг Украинага бостириб киргани ҳақидаги хабар Совет армиясининг жиноятлари ҳақидаги аччиқ хотираларни янгилади, дейди Ҳирот вилоятининг Гузар туманида яшовчи 57 ёшли Сафиуллоҳ Аҳмадий.

Совет аскарлари қишлоқларни қамал қилиб, уларга бостириб кирар, тинч аҳолини ўлдириб, уйларини вайрон қилар эди, деди у.

«Совет аскарлари келганида, яширинар эдик. Бир куни совет аскари уйимизга кириб, меҳмонхонада ўтирган акамни отиб ташлаган. [Советлардан] қўрқиб, уни тунда дафн қилишга мажбур бўлганмиз».

«Совет аскарлари ёш қўшнимизни тириклайин қудуққа ташлаб ўлдирганини ўз кўзим билан кўрганман. Яна бир қўшнимиз молхонага яширинган эди, шўравийлар у ерга ўт қўйиб, уни тириклай ёқиб юборишган.

«Совет Иттифоқининг жиноятларини ҳеч қачон унутмайман», деди Аҳмадий. «Чорвамизни яйловга олиб чиққанимизда бизни бомбардимон қилишарди. Чорванинг катта қисми нобуд бўлар, ҳатто куйиб кетар эди. Биз фермаларимизга ҳам бора олмасдик, [чунки] самолётлар келиб, қочишга мажбур бўлдик».

60 ёшли Носир Аҳмад 1979 йил декабрда Совет қўшинлари Афғонистонга бостириб кирганида ўсмир бола эди.

«Уйимиз Гузар туманидаги аэропортга яқин эди», дейди у. «Советлар ҳар тун қишлоғимизни бомбардимон қилишарди. Шундай ҳужумларнинг бирида ярим тунда дарё томонга қочишга мажбур бўлдик. Бир қанча аёллар ва болалар сувга чўкиб ўлишган».

«Афғон халқининг мусибатлари советлар босқинидан бошланган», деди у. «Советлар Афғонистонга уруш, нотинчлик ва вайронагарчилик уруғини сепди ва орадан 40 йил ўтиб ҳам афғонлар ушбу тажовуз қурбони бўлиб қолмоқда».

Ўша пайтда яшаган афғонларнинг аксарияти совет армиясининг жиноятлари туфайли келиб чиққан руҳий муаммолардан азият чекмоқда, дейди Аҳмад.

Россиянинг Украинадаги мағлубияти муқаррар

Афғонлар Қизил армияни мағлуб этишга муваффақ бўлди, Украина ҳам Россияни мағлуб этади, дейди маҳаллий аҳоли.

71 ёшли Ғулом Сахий Гузар туманида беш йил давомида Қизил Армияга қарши жанг қилган.

«Советларнинг Афғонистонга бостириб кириши билан Россиянинг Украинага босқини ўртасида жуда кўп ўхшашликлар бор. Совет Иттифоқи ҳар қандай мухолифатни бостириб, Афғонистонни тўлиқ эгаллаб олишни ўйлаган эди, аммо бунинг уддасидан чиқолмади», деди у.

«Россия ҳам бир неча кун ичида Украинани босиб оламан, деб ўйлаганди, аммо бир йилдан ошибдики, ҳеч қандай муваффақиятга эришгани йўқ», деди Сахий. Афғонлар каби украиналикларнинг руслар ва босқинга қарши кураши ҳам Россиянинг мағлубиятига олиб келади», дейди у.

Украинадаги уруш қанча узоқ давом этса, руслар шунчалик кўп талафот ва йўқотишларга дучор бўлади, дейди у.

67 ёшли Халил Ур-Раҳмон Ҳиротда совет армиясига қарши урушда отаси ва икки укасидан айрилган.

Раҳмон Совет армиясига қарши жанг тажрибасига асосланиб, Россия яқинда Украинадан чиқиб кетишини тахмин қилмоқда.

«Россия ҳарбий тизими жуда эски ва яроқсиз. У замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий тизимлар билан жиҳозланган Украина армиясига қарши курашишга қодир эмас», дейди у.

«Россиянинг ўтган бир йил ичида Украинанинг қатор ҳудудларидан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетиши унинг муваффақиятсизликларидан далолат беради», деб қўшимча қилди у.

«Украина кўчаларидаги ёниб кетган рус танклари Россиянинг Украинада ғалаба қозонишга қодир эмаслиги ва чекинишга мажбур бўлишидан даракдир».

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 3

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Буларнинг барчаси қатлиом ва Холокост билан тенглаштирилиши керак. СССР томонидан дунёнинг турли нуқталарида амалга оширилган бошқа ўнлаб босқин ва қирғинлар ҳам.

Жавоб бериш

Совет Иттифоқининг афғон халқига қарши тажовузини БМТ ҳам қоралаши керак.

Жавоб бериш

100% қўшиламан

Жавоб бериш