Карвонсарой
Оммавий ахборот воситалари

Ҳибсга олинган журналист иши Грузия ҳукмрон партиясининг Ғарб билан муносабатларидаги тангликдан дарак бермоқда

Тенго Гоготишвили

Ника Гварамия 2022 йил 16 май куни уч ярим йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди, санасиз сурат. [Мтавари Архи]

Ника Гварамия 2022 йил 16 май куни уч ярим йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди, санасиз сурат. [Мтавари Архи]

ТБИЛИСИ – Таниқли грузин журналистининг қамоққа олиниши ва эндиликда афв этилиши ҳукмрон «Грузия орзуси» партиясининг Ғарб билан муносабатлари мураккаблашган бир пайтда юз бемоқда.

Президент Саломе Зурабишвили 22 июн куни мухолифатпараст телерадиокомпанияси Мтавари Архи асосчиси, парламентнинг собиқ депутати Ника Гварамияни афв этди.

Зурабишвили ҳукмрон партия билан зиддиятда.

2022 йил май ойида суд Гварамияни 2019 йилда «Рустави 2» телерадиокомпанияси директори бўлиб ишлаганида мансаб ваколатларини суиистеъмол қилган деб топиб, уч ярим йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилганди.

Ника Гварамия 23 июн ярим тунда Рустави қамоқхонаси олдида оила аъзолари билан қучоқлашмоқда. [Мтавари Архи]

Ника Гварамия 23 июн ярим тунда Рустави қамоқхонаси олдида оила аъзолари билан қучоқлашмоқда. [Мтавари Архи]

Қамоқдан чиққанидан бир неча кун ўтиб, Гварамия Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг матбуот эркинлиги бўйича халқаро мукофотини олган. [Мтавари Архи]

Қамоқдан чиққанидан бир неча кун ўтиб, Гварамия Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг матбуот эркинлиги бўйича халқаро мукофотини олган. [Мтавари Архи]

Бу ҳукм билан у Грузияда ўз фаолияти учун ҳибсга олинган ягона журналистга айланган эди.

«Мен бу қарорга ҳеч қандай изоҳ бермайман. Бу менинг дискрецион ҳуқуқим ва бугун ундан фойдаланаяпман», деди Зурабишвили.

Зурабишвилининг афвидан аввал Грузия Олий суди 19 июн куни Гварамиянинг апелляциясини рад этган эди.

Айрим кузатувчиларга кўра, «Грузия орзуси» россияпараст партияси мамлакатнинг Европа Иттифоқига (ЕИ) номзодлик йўлидаги саъй-ҳаракатларини издан чиқариш Гварамиянинг қамоққа олинишини уюштирган.

Гварамия «Рустави-2» га тегишли хизмат машинасидан номувофиқ тарзда фойдаланган, деб таъкидлаган прокурорлар.

«Суд Гварамия телекомпания эгаларига зарар етказди, деган қарорга келди, гарчи уларнинг ўзи буни инкор этган бўлса ҳам», деди Гварамиянинг адвокати Тамта Мурадашвили Карвонсаройга.

«Борди-ю шундай бўлганида ҳам, бу жиноий ишга тортмас эди.»

Сиёсий сукут

Юқори даражадаги ҳукумат амалдорлари телевидение асосчисининг қамоққа олинишидан мамнун эканлигини яширмади. Фаоллар ва ҳуқуқбон гуруҳлар эса Гварамиянинг ҳибсга олинишини сиёсий сабаблар боғлиқ дея баҳоланганлар.

«Ника Гварамияга нисбатан чиқарилган ҳукм унинг норози қарашлари ва ҳокимиятни танқид қилгани учун қасос сифатидаги сиёсий таъқиб ҳаракатидир», дейилади Халқаро Амнистия ташкилотининг 2022 йил май ойидаги баёнотида.

«У бир неча йилни панжара ортида ўтказиши мумкин, зеро ҳукумат норози овозларни ўчиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни кучайтирмоқда. Ника Гварамия зудлик билан озод қилиниши керак», дейилади ҳисоботда.

Гварамиянинг иши 2022 йилда АҚШ Давлат департаментининг Грузиядаги инсон ҳуқуқлари амалиёти ҳақидаги мамлакатлар ҳисоботида ҳам зикр қилинган.

«Ника Гварамиянинг қамоққа олиниши бошқа мустақил оммавий ахборот воситаларига ҳукумат фаолиятини танқидий ёритишни тўхтатиш, кузатув фаолиятини тўхтатиш ва ҳукумат учун номақбул фактларни ошкор қилишдан сақланиш учун огоҳлантириш ва таҳдид сифатида қабул қилинади», дейилган Давлат департаменти баёнотида Грузиянинг 42 ташкилотидан иборат консорциумга таянган ҳолда.

«7 декабр куни апелляция судининг Гварамияга нисбатан ҳукмни ўз кучида қолдириш қароридан сўнг, PDO [Грузия давлат ҳимоячиси идораси] ишда «сиёсий мотивлар аниқ» экани ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенциясининг 18-моддаси бузилганлигини таъкидлади», деб қўшимча қилади Давлат департаменти.

ЕИ билан орани очиқ қилиш

Кузатувчиларга кўра, бир пайтлар демократия маёғи бўлган Грузия авторитаризмга ва .Россиянинг таъсир доирасига қайтмоқда.

2022 йил июн ойида ЕИ 2023 йил декабрида бўлиб ўтадиган иттифоққа номзодлик мақоми бўйича навбатдаги овоз бериш олдидан Грузия ҳал қилиши керак бўлган 12 устувор масалани санаб ўтган.

«Грузия орзуси»нинг 2012 йилда илк сайловда ғалаба қозонганидан бери давом этаётган хатти-ҳаракатлари инобатга олинса, ҳукмрон партияга Европа Иттифоқининг эътирозлари маъқул келади.

Молдова ва Украина, Грузиядан фарқли ўлароқ, 2022 йил июнда Европа Иттифоқига номзод мақомини олган.

Грузия учун устувор вазифалар қаторида матбуот эркинлигини яхшилаш талаби бор эди, Гварамиянинг озод этилиши эса Грузиянинг Европа Иттифоқига аъзолиги учун зарурий шарт сифатида баҳолана бошлаган.

Европа Иттифоқи Грузияни «эркин, профессионал, кўп фикрли ва мустақил ОАВ муҳитини таъминлаш учун, хусусан, ОАВ эгаларига нисбатан қўзғатилган жиноий жараёнлар энг юқори қонуний стандартларга мувофиқ бўлиши, журналистлар хавфсизлигига таҳдид билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича холис, самарали ва ўз вақтида тергов ўтказиш орқали янада кучлироқ саъй-ҳаракатларни амалга оширишга» чақирган.

POLITICO нашрининг 2022 йил апрелдаги сўровларга таяниб хабар қилишича, грузияликларнинг 88 фоизи Европа Иттифоқига аъзоликни қўллаб-қувватлайди. Бир неча йил давомида ўтказилган сўровлар давомида ушбу хайрихоҳлик доимий равишда шу даражада бўлиб келган.

Аммо Грузия ҳукуматининг ўзи бу борада ҳеч қандай шошилинч чоралар кўраётгани йўқ.

Ҳозирча Грузия ЕИ 2022 йилда белгилаган 12 та устувор вазифадан фақат 3 тасини бажарган. Бу ҳақда июн ойида ЕИнинг оралиқ маълумотларига таяниб, EURACTIV.com хабар берган.

Европа Иттифоқига кўра, Грузия ОАВдаги плюрализм бўйича «ҳеч қандай муваффақиятга эришмаган» ва айниқса, журналистлар ва оммавий ахборот воситалари эгаларининг ҳимоясини таъминлаши зарур.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500