Карвонсарой
Сиёсат

Россия-Грузия ўртасидаги «горько» ёки грузинча никоҳ

Тенго Гоготишвили

Тбилисидаги Никоҳ саройида ўтган никоҳ маросими икки россияликни: Мика Винокуров ва Диана Ахмадишинани бирлаштирган. [Facebook]

Тбилисидаги Никоҳ саройида ўтган никоҳ маросими икки россияликни: Мика Винокуров ва Диана Ахмадишинани бирлаштирган. [Facebook]

ТБИЛИСИ – Келин-куёв бахтли ҳаёт кечириб, муроду мақсадига етибди...

Аммо, дастлаб бахтиёр россиялик жуфтлик ва уларнинг меҳмонлари ушбу никоҳ тўйидан ғазабга тушган грузинлардан яширинишга мажбур бўлишди. Грузия ички ишлар вазирлиги (МВД) махсус кучлари тўйни грузияликлар ғазабидан ҳимоя қилишига тўғри келди.

Можаро 19 май куни, одатда тўйлар, зиёфатлар ва базмларни яхши кўрадиган грузинлар Мика (Моше) Винокуров ва Диана Ахмадишинанинг тўйидан хабар топганидан сўнг бошланди. Икки россиялик Тбилисидаги Никоҳ саройида турмуш қурдилар.

Винокуров Россияда Мика Вино номи остида қўшиқ айтади.

19 май куни олинган суратда Тбилиси аэропорти ташқарисида Россия билан ҳаво алоқаларининг тикланишига қарши ўтказилаётган намойиш иштирокчиларини ва сўнгги тўрт йил ичида Москвадан илк тўғридан-тўғри парвоз билан Тбилисига етиб келган «Азимут» авиакомпаниясининг самолётини кўриш мумкин. [Вано Шламов/AFP]

19 май куни олинган суратда Тбилиси аэропорти ташқарисида Россия билан ҳаво алоқаларининг тикланишига қарши ўтказилаётган намойиш иштирокчиларини ва сўнгги тўрт йил ичида Москвадан илк тўғридан-тўғри парвоз билан Тбилисига етиб келган «Азимут» авиакомпаниясининг самолётини кўриш мумкин. [Вано Шламов/AFP]

Келин-куёв Facebook ижтимоий тармоғида қувончли хитоблар билан сурат ва видеолар жойлаган.

Ғарбпараст ва украинапараст аксар грузинлар юзига шапалоқ бўлиб урилган бу хабар 19 май куни Тбилиси аэропортида ўтказилган иккита алоҳида норозилик намойиши билан бир вақтга тўғри келган – уларнинг ғазабнок иштирокчилари тўрт йиллик танаффусдан кейин Россия ва Грузия ўртасида тўғридан-тўғри парвозлар қайта тикланганини қоралаганлар. Тўйнинг айрим меҳмонлар илк рейс билан мамлакатга келишган эди.

Бир томонлама тақиқ бекор қилинган

Россия 2019 йилда Тбилисида ўтказилган Москвага қарши намойишларга жавобан Грузия билан тўғридан-тўғри авиарейсларни тўхтатган эди. Бироқ, кутилмаганда президент Владимир Путиннинг май ойида бу тақиқни бекор қилиши Тбилиси аэропорти ва Грузия пойтахтининг бошқа жойларида норозилик намойишларини келтириб чиқарган.

Шунингдек, у Грузия фуқаролари учун 90 кунлик визасиз режим жорий қилган.

Тўғридан-тўғри рейсларнинг қайта тикланиши Москванинг Украинага иккинчи йил давом этаётган ҳужуми ва Россиянинг Ғарбдан иҳоталаниши кучайиб бораётган бир пайтда юз бермоқда.

Шунга қарамай, Путин рейсларнинг қайта тикланиши билан боғлиқ «мутлақо тушунарсиз ваҳима»дан «ҳайратда» эканини, Грузия раҳбарияти Россиядан парвозларга қўйилган тақиқ ва виза режимини бекор қилишни «қайта-қайта» сўраганини айтган.

Грузия расмийлари Кремл билан яширин ҳамкорлик қилишда айбланар экан, Тбилиси Россия билан иқтисодий алоқаларни сақлаб қолиш зарурлигини таъкидлаб келади.

Грузиялик сайловчилар россияпараст «Грузия орзуси» партияси учун илк марта 2012 йилда овоз берган эдилар. Ўшандан бери унинг сиёсати бутун Грузия бўйлаб бир неча бор оммавий намойишларни келтириб чиқарган бўлса-да, партия ўз йўлига содиқ қолмоқда.

Яқинда аҳоли орасида ўтказилган сўровлардан маълум бўлишича, ҳукумат Россияни қўллаб-қувватлаётганидан кўпчилик норози.

Апрел ойида эълон қилинган сўров натижаларига кўра, грузияликларнинг 89 фоизи Европа Иттифоқига (ЕИ) қўшилишни «ёқлайди» ёки «қатъиян қўллаб-қувватлайди». «79 фоиз одам россияликларнинг мамлакатга визасиз сафар қилишига, Грузияда ўз бизнесини рўйхатдан ўтказиши ёки кўчмас мулк сотиб олишига қарши», дейилади Халқаро республика институти сўровномасида.

Аммо, энди никоҳ маросимига қайтсак.

Тўй кортежи Тбилисидан шарққа – Кахети виночилик туманига йўл олди, у ерда шодиёна учун ҳамма нарса тахт қилиб қўйилган эди.

Уларни тўрт юлдузли Akhasheni Wine Resort & Spa ва Kvareli Lake Resort меҳмонхоналарида маҳаллий стандартлар бўйича жуда қиммат – бир кечаси тахминан 160 доллар турадиган муҳташам номерлар кутиб турарди.

Ушбу жўшқин гуруҳ учун бундай пуллар муаммо эмасди.

Бу гуруҳ таркибида куёвнинг укаси ва келини, Россияга келишини кўп грузинлар истамайдиган икки россиялик ҳам бор эди.

Нохуш муносабатлар

Винокуров акасининг исми Александр Винокуров оддий грузин учун унчалик аҳамиятли бўлмаслиги, унинг рафиқаси Екатерина Винокурованинг паспортида кўрсатилган исми ҳам улар учун ҳеч нимани англатмаслиги мумкин.

Ўтган йилнинг ўзида Грузияга 170 минг россиялик ташриф буюргани ҳисобга олинса, русча исмлар ҳеч кимни ҳайратлантирмай қўйган. Аммо Грузиянинг «Мтавари» телеканали хабар қилган бир кичик тафсилот диққатга сазовор: Винокурованинг қизлик исми Лавровадир.

Исмидан айтадиган бўлсак, Винокурова Россиянинг энг узоқ вақт хизмат қилган ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг қизи ва у 2022 йилдан бери АҚШ санкциялари остида. Украина, Япония, Австралия, Канада ва Буюк Британия ҳам уни қора рўйхатга киритган.

Шунингдек, унинг эри, «олий давраларга мансуб бизнесмен» Европа Иттифоқи, АҚШ, Буюк Британия, Канада, Швейцария, Украина, Австралия ва Янги Зеландиянинг санкциялар рўйхатига тушган.

2022 йил 24 февралда россиялик бизнес етакчилар, вазирлар ва Путин иштирокида Ғарб санкцияларининг Россияга таъсирини муҳокама қилиш учун ўтказилган учрашувда иштирок этгани унинг Россия элитасига яқин эканлигидан далолат беради.

Россия оммавий ахборот воситаларида тўй билан боғлиқ норозилик намойишлари ҳақидаги хабарлар пайдо бўлган.

Россиянинг давлат ахборот агентлиги – ТАССнинг ёзишича, тўйга келган россиялик вазирнинг қариндошлари Грузияда эканлиги ҳақидаги хабар телевидениеда тарқагач, мухолифат партияси вакиллари ва уларни қўллаб-қувватловчилар меҳмонхона олдида тўпланишни бошлаганлар.

ТАСС ва бошқа ОАВга кўра, ўнлаб намойишчилар қўлга олинган. Уларнинг сони аниқ эмас, аммо уларни бир нечта полиция бўлинмаларига олиб кетишган.

Бундай меҳмонлар йўқ!

Путинга яқин бўлган шахсларнинг Грузияда меҳмон қилиниши ҳатто ҳукумат «Грузия орзуси» ҳукмронлиги остида бўлса ҳам можароли ҳисобланади. Бу хабар тарқаганидан кейин иккала меҳмонхона ҳам зудлик билан ва афтидан, ўзаро келишилган ҳолда жавоб берган.

«ОАВда тарқаётган дезинформацияга жавоб бермоқчимиз!» дейилади Kvareli Lake Resort меҳмонхонасининг Facebook саҳифасида.

«Лавровнинг қизи Kvareli Lake меҳмонхонасида эканлиги ёлғон. Рўйхатимизда Лавров фамилияли меҳмон йўқ ва бўлмаган!»

Akhasheni Wine Resort & Spa ҳам ўзининг Facebook саҳифасида худди шундай хабарни ундов белгиларисиз жойлаштирган.

Жавоблар бир вақтнинг ўзида ҳам тўғри, ҳам янглиштирувчи бўлган. Лаврова меҳмонхонада Винокурова исми билан рўйхатдан ўтган.

Совет давридан бери норозилик санъатини ўрганган грузияликлар россияликларнинг тўйини ўтказишга рухсат берганларга қарши кўчаларга чиқишган ва интернетда ҳам норозилик билдиришган. «Босқинчиларнинг қўғирчоқларини ур» деган шиор остида иккита тўрт юлдузли меҳмонхона рейтингини 1,8 та юлдуз даражасига тушириб юборишган.

«Бугун Лавровлар оиласининг киришига рухсат беришди. Бу санкциялар рўйхатидаги оила аъзолари. Ҳукумат энди кимга рухсат бераркин – Лавровнинг ўзигами? 2008 йилги уруш, қатлиом ва фуқароларимизнинг ўлимига сабабчи бўлган шахсгами?» деб айтган «Халқ ҳаракати» депутати Тина Бокучава Грузиянинг 20 фоиз ҳудуди Россия назоратига ўтишига сабаб бўлган ҳужумни назарда тутиб.

«Бу ҳукумат билан бундай бўлмаслигига ҳеч кафолат бера олмайди», деб айтган у. «Бир йил аввал, халқаро санкциялар рўйхатидаги шахсларнинг мамлакатимизга киришини тақиқловчи қонун ташаббуси билан чиққанмиз. Аммо бизни эътиборга олишмаган.»

Тўй сиёсати

Ноодатий вазият сабабли Грузия президенти Саломе Зурабашвили нафратга дучор бўлган кимсаларнинг тўйи ҳақида фикр билдиришга мажбур бўлган.

«Ички ишлар вазири билан алоқага чиқиш қийин бўлди, аммо у бу оиланинг, бу одамларнинг кетганини айтди», деди Зурабашвили. «Тўйнинг иккинчи куни бўлмайди.»

Бироқ, унинг ваъдаларига қарамай, тўй иккинчи кун ҳам давом этган, аммо санкцияга учраган Винокуровлар тантанада иштирок этган ёки йўқлиги номаълум.

Айрим хабарларга кўра, Грузия махсус хизматлари уларни хавфсиз жойга олиб кетган.

Грузия сиёсатчилари жамоатчиликнинг норозилиги ва халқаро санкцияларни бузганлик айбловларини қайтаришга ҳаракат қилишган.

«Бу урушга қарши қарашлари билан ажралиб турадиган одамнинг тўйи эди. У Украинадаги тажовузга қарши», деди «Грузия орзуси» раиси Ираклий Кобахидзе ижтимоий тармоқдаги куёвнинг тинчликпарварликка мойиллигини кўрсатувчи постларига таяниб. Грузинлар ҳеч қачон ксенофоб бўлмаган ва бўлмайди ҳам.»

«Горька»

Россия Украинага қарши кенг қамровли ҳужум бошлаганидан бир кун ўтиб, 2022 йил 25 феврал куни бош вазир Ирпкли Гарибашвили Грузия Россияга қарши халқаро санкцияларга қўшилмаслигини эълон қилган.

Ватанда ва хорижда кучли танқидга учраса-да, «Грузия орзуси» ўз ваъдасида турибди.

«Бутун дунё урушни тўхтатиш мақсадида Россияни яккалашга уринаётган бир пайтда, Грузия Россия самолётларини олқишлаб, ўз одамларини Москвага юборяпти», деб ёзган Украина ташқи ишлар вазирлиги вакили Олег Николенко Твиттер тармоғида. «Россия унга нисбатан жазо чоралари қўлланилмаган ҳолатда Грузиянинг 20 фоиз ҳудудини эгаллаб турибди. Кремл бундан мамнун бўлиши аниқ.»

Кремлнинг хурсандчилигини эса Грузияда тўғридан-тўғри парвозлар тиклангани, визалар бекор қилингани, дабдабали тўйлар ўтказилаётганида кўриш мумкин.

Ғазабланган ватандошлар нима деб ўйлашидан қатъи назар, «Грузия орзуси» ва унинг асосчиси Бидзина Иванишвилининг Россияга учта хабари бор:

Россиялик самолётларга: «Хуш келибсиз!»

Ўтган йил сентябрда Путин эълон қилган 300 минг киши сафарбарлиги ҳақидаги эълондан қочаётган россияликларга: «Биз сизни кутяпмиз!»

Украинада оммавий қотилликлар, зўравонлик ва болаларнинг ўғирлаш билан шуғулланаётган, санкцияга учраган машҳурлар, режим устуни қариндошларига: «Горька!»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500