Карвонсарой
Сиёсат

Визасиз режим ва тўғридан-тўғри рейсларнинг қайта тиклангани Россиянинг Грузиядаги гибрид уруши натижаси ўлароқ баҳоланмоқда

Тенго Гоготишвили

2019 йилда Грузия пойтахти Тбилисида ўтган халқаро тадбирда россиялик депутат парламентда спикер ўрнидан провокацион нутқ сўзлаши ортидан 10 мингдан ортиқ одам намойишга чиққан. Намойишлардан сўнг Россия ўз авиакомпанияларининг Грузияга тўғридан-тўғри парвозларини тақиқлади. [AFP]

ТБИЛИСИ – Россиянинг грузинлар учун виза режимини бекор қилиш ва Тбилисига тўғридан-тўғри авиарейсларни тиклаш ҳаракати Грузиянинг Ғарб билан алоқаларини кескинлаштиришга қаратилган тузоқдир, дейди кузатувчилар.

Россия президенти Владимир Путин шу ой бошида Россия авиакомпанияларининг Грузияга тўғридан-тўғри парвозларига қўйилган тақиқни бекор қилиш тўғрисидаги фармонни имзолаганидан сўнг, жума (19 май) куни Россиянинг йўловчи самолёти тўрт йиллик танаффусдан сўнг илк бор Кавказ мамлакатига қўнди.

Москва бу тақиқни 2019 йилда бир томонлама тартибда жорий қилган эди.

Россия транспорт вазирлигининг маълум қилишича, Россия авиакомпаниялари энди Москва ва Тбилиси ўртасида ҳафтада еттита рейсни амалга оширади.

Суратда: 2022 йил 7 март куни Тбилисига етиб келиб, аэропортда таксига ўтираётган россияликлар. [Вано Шламов/AFP]

Суратда: 2022 йил 7 март куни Тбилисига етиб келиб, аэропортда таксига ўтираётган россияликлар. [Вано Шламов/AFP]

Харитада Россиянинг Европа бўйлаб парвозлари учун ҳаво ҳудуди акс этган. [RBC.ru]

Харитада Россиянинг Европа бўйлаб парвозлари учун ҳаво ҳудуди акс этган. [RBC.ru]

Грузиянинг Georgian Airways авиакомпанияси шанба кунидан Москвага парвозларни бошлаши кутилмоқда.

Жума куни ўнлаб грузияликлар Azimuth авиакомпаниясининг рейси пойтахтга қўнаётган пайтда Тбилиси аэропорти олдида намойишга тўпландилар.

Плакатларнинг бирида «You are not welcome» деб ёзилган, бир неча киши «Россия – террорчи давлат» деб ёзилган баннерни ушлаб турарди.

2006 йилда Грузияда россиялик жосуслар ҳибсга олинганидан сўнг Москва бу давлатлар ўртасида авиақатновларни тақиқлаган эди. Мунтазам рейслар 2014 йилда қайта тикланган, бироқ 2019 йил июлда Грузияда Кремлга қарши намойишлар тўлқинидан сўнг яна тўхтатилган эди.

10 май куни Путин томонидан имзоланган яна бир фармон 15 майдан бошлаб Грузия фуқароларига (90 кундан ошмайдиган муддатга ва ишлаш учун келишмаса) Россияга визасиз киришга имкон беради, деб хабар қилган Озод Европа/Озодлик радиоси.

Путин виза режимини 2000 йилда Шимолий Кавказга жангарилар киришининг олдини олиш баҳонасида жорий қилган эди.

Россия ташқи ишлар вазирлиги бу чоралар «дипломатик алоқалар мавжуд эмаслиги шароитида Россия ва Грузия фуқаролари ўртасидаги мулоқот ва алоқа учун шароитларни босқичма-босқич яхшилашга» қаратилганини айтди.

Грузия ва Россия 2008 йилда Грузиянинг Россия қўлловидаги бўлгинчи минтақаси – Жанубий Осетия учун қисқа уруш олиб борган ва бу уруш Кремлнинг Жанубий Осетия ва Абхазия мустақиллигини тан олиб, у ерда доимий Россия ҳарбий базаларини ўрнатиши билан тугаган.

Уруш вақтидан бери икки давлат ўртасида расмий дипломатик алоқалар бўлмаган.

«Навбатдаги провокация»

Путиннинг қарори Қора денгиз бўйидаги мамлакатда аралаш кайфиятни пайдо қилган. «Грузия орзуси» ҳукмрон партияси 2012 йилда Россия кўмагида ҳокимиятга келганидан бери Кремл билан яширин ҳамкорлик қилишда айблаб келинади.

Юзлаб грузияликлар шу ҳафта бошида рейсларнинг қайта тикланишига қарши норозилик билдириш учун кўчаларга чиқишди ва норозиликлар ҳали давом этиши кутилмоқда.

«Бутун цивилизациялашган дунё Путинни яккаламоқда, Грузия ҳукумати эса Путин Россияси билан ҳаво алоқаларини мамнуният билан қайта тиклаяпти», дейди тбилисилик 19 ёшли талаба-биолог Коте Ратиани.

«Бунга йўл қўйиб бўлмайди, биз норозилик билдиришда давом этамиз», деди у жума куни эрталаб AFPга.

«Грузия орзуси» расмийлари бу чорани Россия билан муносабатларнинг илиқлашуви белгиси сифатида кўрсатишга ҳаракат қилишди.

«Биз бир неча бор таъкидлаганмиз ва бу факт – Россияда бир миллион этник грузин яшайди, бу ерда уларнинг оилалари, қариндошлари ва яқинлари бор. Сафарларнинг енгиллашуви жуда муҳим. Бу жуда ижобий қарор», деди бош вазир Ираклий Гарибашвили 11 май куни.

Аммо Россияда аҳолини рўйхатга олишнинг охирги маълумотларига кўра, Россиядаги грузинлар 113 000 дан сал кўпроқни ташкил қилади.

Ўз навбатида, мухолифат ҳукмрон партияни Россия билан тил бириктиришда ва Украинага босқиндан сўнг Россия авиақатновларига нисбатан жорий қилинган санкциялар режимига риоя қилмаётганликда айблади.

Грузия президенти Саломе Зурабишвили 10 май куни ўз Твиттерида Путиннинг охирги фармонларини «навбатдаги провокация» деб атади.

«Россия Украинага тажовузини давом эттириб, ҳудудимизни эгаллаб турар экан, Грузия билан тўғридан-тўғри авиарейсларнинг тикланиши ва виза режимининг бекор қилиниши номақбулдир», деб ёзади у.

Эгаллаб турган лавозими кўпроқ рамзий маънога эга Зурабишвили «Грузия орзуси» партиясини Москва билан алоқадорликда айблаб келади.

Грузияни иҳоталаш

Айримлар бу қарорларни Грузияни Ғарбдан иҳоталашга уриниш дея баҳоламоқда.

Таҳлилчи Гела Васадзенинг AFPга айтишича, Путиннинг бу ҳаракати «Грузиянинг Ғарб билан муносабатларига путур етказишга қаратилган гибрид урушининг бир қисмидир».

2023 йил охирида Грузиянинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиши масаласи қайта кўриб чиқилади, ўтган йили бир қатор ислоҳотлар тавсия этилиб, унга рад жавоби берилган эди.

«Москва Ғарбга «Грузия менинг ҳудудим, аралашма», деган муждани йўлламоқчи, дейди Грузия ташқи ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Серги Капанадзе Карвонсарой нашрига.

«Албатта, бу ҳукуматнинг Россияга қарши санкцияларга қўшилмагани ва очиқдан-очиқ россияпарастлик йўлини тутгани учун унга мукофот ҳамдир. Ҳеч ким Путиннинг халқни ўйлашига, улар яхши яшаши ва осон сафар қилиши тарафдори эканлигига ишонмайди.»

«Менимча Россия икки мақсадни кўзлаган», дейди истеъфодаги дипломат Гия Жапаридзе Карвонсаройга.

«Биринчиси, Москва манфаатлари йўлидаги барча ишларида «Грузия орзусини» қўллаб-қувватлаш. Иккинчиси, халқаро санкцияларни тез ва самарали четлаб ўтадиган йўл яратиш», деб айтган у.

«Грузиядаги йўллар орқали Россияга тақиқланган товарлар олиб ўтилаётгани ҳақидаги хабарлар кўп. Аммо автомобил орқали ташиш секин ва об-ҳавога боғлиқ, самолётлар эса анча тез», деб қўшимча қилган у.

Санкциявий огоҳлантиришлар

Европа ва Қўшма Штатлар ҳам санкциялар юзасидан хавотир билдиришган.

Грузияга тўғридан-тўғри учиш имкониятини қўлга киритган биринчи авиалиния «Азимут» бўлган, унда Россиянинг Сухой самолётлари учади.

Украина «Азимут» ва унинг асосчилари Виталий Ванцев, Павед Удод ва Павел Экжановга нисбатан санкция қўллаган.

«Кўпчилик Ғарб давлатлари, жумладан Қўшма Штатлар ўз ҳаво ҳудудларига Россия самолётларининг киришини тақиқлайди», деб айтган АҚШ Давлат департаменти 2 феврал куни «Америка Овози»нинг грузин хизматига.

«Грузия аэропортидаги компаниялар қўшимча импорт-экспорт назоратидан ўтиши керак бўлган самолётларга хизмат кўрсатса, уларга нисбатан санкция қўлланиши мумкинлиги сабаб, биз Россия ва Грузия ўртасида парвозлар тикланганидан хавотирдамиз.»

«Бутун Ғарб жамияти ушбу зўравон режимдан ўзини узоқлаштирган. Ҳозир Россия билан алоқаларни тиклайдиган вақт эмас», дейилади хабарда.

«Европа Иттифоқи Грузияни авиация соҳасида ЕИ ва бошқа далатлар томонидан Россияга қарши жорий қилинган санкцияларга қўшилишга ва санкцияларни эҳтимолий четлаб ўтишга диққатлироқ бўлишга чақирган», деди ЕИ вакили Питер Стано 4 феврал куни Грузиянинг Netgazeti нашрига.

Шунингдек, Украина 16 май куни Грузияни Россияга тўғридан-тўғри авиақатновларни тиклашга имкон бергани учун танқид қилган.

«Дунё урушни тўхтатишга мажбурлаш мақсадида Россияни яккалашга уринаётган бир пайтда Грузия Россия самолётларини олқишлаб, ўзиникиларини Москвага юборяпти», деб айтган Украина ташқи ишлар вазирлиги вакили Олег Николенко ижтимоий тармоқларда.

«Россия унга нисбатан жазо чоралари қўлланилмаган ҳолатда Грузиянинг 20 фоиз ҳудудини эгаллаб турибди», деб айтган у Жанубий Осетия ва Абхазияни назарда тутиб.

«Кремл бундан мамнун бўлиши аниқ», деб қўшимча қилган у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500