Карвонсарой
Таълим

Примаковнинг Грузияга «совғаси»: Кремлга алоқадор университет

Тенго Гоготишвили

Россия президенти Дмитрий Медведев (чапда) 80 ёшни қаршилаган собиқ бош вазир Евгений Примаков билан қадаҳ уриштирмоқда, Москва, 2009 йил, 29 октябр. Медведев Примаковга Ота ватанга хизмати учун (1-даражали) нишони давлат мукофотини топширган. [Михаил Клементьев/РИА Новости/AFP]

Россия президенти Дмитрий Медведев (чапда) 80 ёшни қаршилаган собиқ бош вазир Евгений Примаков билан қадаҳ уриштирмоқда, Москва, 2009 йил, 29 октябр. Медведев Примаковга Ота ватанга хизмати учун (1-даражали) нишони давлат мукофотини топширган. [Михаил Клементьев/РИА Новости/AFP]

ТБИЛИСИ – Грузияда Россия қўлловидаги тадқиқот маркази томонидан Кремл молиялаштирувчи университетни ташкил этиш режаси хавфсизлик соҳасидаги кузатувчиларнинг хавотирига сабаб бўлмоқда. Уларнинг фикрича, бу ҳаракатлар мамлакатда Россия таъсирини кучайтиришга қаратилган.

«Грузия ва Россия ҳамкорлигидаги университетни ташкил этиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда», деб айтган Примаков маркази раҳбари Дмитрий Лорткипанидзе июл ойида Москвага ташрифидан сўнг.

«Биз ҳозир Грузияда университет қад кўтарадиган жой қидиряпмиз», деб айтган у.

«У бепул бўлади, уни Россия молиялаштиради. У тўлиқ россиялик ходимлар ишлайдиган ўзига хос таълим муассасаси бўлади. Сентябр охирига келиб ҳаммаси аниқ бўлади, деб ўйлайман.»

Россиянинг собиқ бош вазири, ташқи ишлар вазири ва разведка раҳбари Евгений Примаковни (1929-2015) Совет Грузияси пойтахтида яхши билишади, 1982 йилда у «Тбилисининг фахрий фуқароси» номига лойиқ кўрилган.

У Ленинград кўчасида катта бўлган ва грузиялик аёл билан турмуш қурган.

Бу шахснинг Тбилиси билан алоқаси унинг ўлимидан бир неча йил аввал, 2013 йил августда ташкил этилган Примаков номидаги Грузия-Россия жамоат маркази шаклида бугунги кунда ҳам давом этяпти.

Примаков маркази ўз номи каби Кремл билан бевосита алоқадор бўлиб, кўплаб грузияликларда ёқимсиз хавотир уйғотмоқда.

Ушбу россияпараст таҳлил маркази Грузия Халқаро муносабатлар институти ва Александр Горчаков Халқ дипломатияси жамғармаси тарафидан ташкил этилган.

Горчаков жамғармасининг ўзи 2010 йилда ўша вақтдаги президент Дмитрий Медведев томонидан асос солинган Россия таҳлил марказидир.

Грузинлар норози

Лорткипанидзенинг сўзлари Грузияда кенг миқёсда танқидга учради, халқнинг реакцияси шу қадар шиддатли бўлдики, таълим вазири Гиоргий Амилахвари июл ойида «Грузияда босқинчининг номи билан аталадиган университет очилмайди», деб баёнот берди.

Россия 2008 йилги урушдан бери Грузия ҳудудининг 20 фоизини ишғол қилган бўлиб, бу ҳолат ҳар қандай россияпараст ташаббусни дарҳол омманинг ғазабига дучор қилади.

Университет кўринишидаги «троя отини» олиб келиш ғоясидан хавотирга тушган кўплаб грузинлар орасида Грузия разведкасининг собиқ раҳбари Бату Кутелия ҳам бор.

Кутелиянинг таъкидлашича, Кремл Украинага босқин муаммоси билан машғул бўлиб турган бир пайтда, Грузия Россия учун жозибадор бўлиб бормоқда.

Жанубдаги қўшниси билан узоқ муддатли муносабатларини барқарорлаштириш учун Россия Грузияда янги элита етиштириши керак, дейди у.

«Россия давлати томонидан молиялаштириладиган ҳар қандай таълим муассасаси миллий хавфсизлик муаммоси ҳисобланади», деб қўшимча қилди у.

Хорижий давлат томонидан молиялаштириладиган таълим муассасаси «дезинформация тарқатиш, демократик институтларга бўлган ишончга путур етказиш ва аҳоли ўртасида ихтилофларни кучайтириш учун қўлланиши мумкин», деди у.

«Бундай институтлар ахборот уруши олиб бориш орқали фуқаролар орасида адоват ва парокандалик келтириб чиқариши, пировардида миллий хавфсизликка таҳдид солиши мумкин».

Улар, шунингдек, «хорижий разведка хизматларига мезбон мамлакат ичида потенциал жосуслар ёки активларни аниқлаш ва тайёрлаш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин», деб қўшимча қилди Кутелия.

«Демократик мамлакатда Россия давлати томонидан молиялаштириладиган институт коррупция ва ноқонуний молиявий фаолият каналига айланиши мумкин», деб огоҳлантирди Кутелия.

«Ноқонуний маблағ ўзлаштириш ёки пул ювиш каби коррупциявий амалиётлар таълим ёки маданий фаолият ниқоби остида яширилиши мумкин».

2021 йилда чоп этилган iFact тадқиқотига кўра, «Примаков марказининг маблағлари ҳақидаги маълумотлар омма учун очиқ эмас».

Лорткипанидзе Примаков маркази билан деярли параллел равишда бошқарган «Грузия марши» миллатчилик ҳаракатига нисбатан ҳам шу каби саволлар пайдо бўлган.

Примаков маркази ҳаммуассиси – Горчаков жамғармаси Россиянинг Украинага нисбатан тажовузини қўллаб-қувватлагани учун 2022 йил июлдан бери Европа Иттифоқининг (ЕИ) санкциялари остида.

Ўтган йилнинг сентябрида Грузиянинг TBC банки санкцияга учраган Россия давлат муассасасига (Горчаков жамғармаси) бевосита алоқадорлиги сабабли Примаков маркази ҳисобини музлатиб қўйган эди.

Дезинформация ва ташвиқот

«Россия молиялаштирган ва россиялик ходимлар ишлайдиган университет дезинформация ва ташвиқот ёйинлаш нуқтайи назаридан катта муаммога айланади», деб айтган ОАВни ривожлантириш фонди тадқиқотчиси Ника Шекиладзе Карвонсаройга.

«Бу айниқса, тарихни бузиб кўрсатиш ва советча ташвиқотнинг тикланишига таъсир қилади.»

Грузияда Россия университети очиладиган бўлса, у мезбон давлат учун янада кўп муаммоларни яратади, деб айтган iFact ОАВ ва суриштирув сайти муассиси Нино Бакрадзе Карвонсаройга.

«Университетга қандай таъсир қилиши бошқа масала, аммо биз таълим тизимимизни Ғарб тизимига интеграция қилишга ҳаракат қиляпмиз», деб айтган у.

«Россия университетининг очилиши бизни Ғарб таълимидан узоқлаштиради.»

Университет очилишига нисбатан эътирозлар «Грузия орзуси» ҳукмрон партиясининг ғазабини келтириб чиқарган. Бу партия 89 фоиз грузияликлар ЕИга қўшилишни истаётган бир пайтда Кремлни қўллаб-қувватлашда айбланган.

Грузия орзуси партиясининг ғарбпараст грузинларга ёқмайдиган муаммоли сиёсатлари кўп: Бу йил Россия ҳаво транспорти назоратчиси тасдиқлаган Россия ва Грузия ўртасида бир ҳафтада 284 та рейсга рухсат, 2022 йилда Грузияга кўчиб ўтган 1,7 миллион Россия фуқароси, Россия ва Грузия портлари орасида яқинда очилган Қора денгиз круизлари, Россияга қарши Ғарб санкцияларига риоя қилмаслик ва яна бошқа кўплаб чоралар Тбилисининг 2008 йилда ўзига, 2014 ва 2022 йилда эса Украинага ҳужум қилган қўшниси томон оғаётганининг белгисидир.

Энди эса бу рўйхатга Россия университетининг очилиш эҳтимоли ҳам қўшилмоқда.

Грузиянинг ҳукмрон партияси Кремлга содиқлик масаласи кўтарилганида аниқ жавоб бера олмайди.

«Бундай мавзуларни ортиқча илгари суриш нотўғри», деб айтган Грузия орзуси партияси раиси Иракли Кобахидзе июл ойида журналистларнинг саволларига танбеҳ бериб.

«Мен бунда (суҳбатда) қатнашмайман. Россия билан боғлиқ мавзуларни илгари суриш сенга керак, менга эмас. Бу мавзуни ёп.»

Бу вазиятда россияпараст Грузия режимининг обрўси жиддий хавотир келтириб чиқаради, деб айтган Бакрадзе Карвонсарой нашрига.

«Бу режимда ҳар қандай ёмон воқеа юз бериши мумкин», деб айтган у. «Ягона тўсиқ – бу Россияга хизмат қилишга тоқат қила олмайдиган жамоатчилик фикри.»

«Агар университет очиш масаласи ҳақиқатда кун тартибига қўйиладиган бўлса, менимча ҳукумат уни тасдиқлайди», деб огоҳлантирган у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500