ДУШАНБE – Сурияда олтита фарзанди билан қолиб кетган тожикистонлик жангарининг беваси ўз онасидан унга пул юборишни ва азоб-уқубатлардан қутқаришини сўраб илтижо қилган. Бу ҳақда аёлнинг онаси Озод Европа/Озодлик радиосининг (RFE/RL) тожик хизматига хабар берган.
Кўлоблик Давлатби Одинаева 19 май куни қизи Сарвинози Абдухалил билан телефон орқали гаплашган. RFE/RL ушбу телефон сўзлашувларини қўлга киритган.
Абдухалилнинг сўзларига кўра, аёлнинг турмуш ўртоғи тўрт ой олдин ҳалок бўлган, унинг аёли ва олти фарзанди суриялик жангариларнинг оилалари учун мўлжалланган курдлар бошқарувидаги лагерда қолиб кетишган.
«У менга: она, биламан пулингиз йўқ, лекин менга пул юборишингизни ва ҳаётимни сақлаб қолишингизни истайман, деб айтди», деди Одинаева RFE/RL радиосига берган интервьюсида. «Мен эртаси (20 май) куни ўша рақамга қўнғироқ қилдим, аммо ҳеч ким жавоб бермади. Қизимга ҳеч нарса қилмаган, деган умиддаман.»
Одинаеванинг айтишича, Россияда ишлаб турган турмуш ўртоғи Армиржон Абдураҳмонов 2015 йилда оиласини Сурия олиб кетган.
Тожикистоннинг Кувайтдаги элчиси Зубайдулло Зубайдзода 21-23 май кунлари «бир қатор тожикистонлик фуқароларнинг шахси ва сонини аниқлаш ҳамда уларнинг ватанига қайтишини таъминлашни» муҳокама қилиш мақсадида Суриянинг Дамашқ пойтахтида бўлиб қайтган. Бу ҳақда Тожикистон ташқи ишлар вазири 24 май кунги баёнотида хабар берган.
RFE/RL радиоси хабарига кўра, Суриянинг курдлар бошқарувидаги ҳудудларида «Ислом давлатининг» (ИД) ўнлаб тожикистонлик аъзолари қамоқхоналарда жазо муддатини ўтамоқдалар.
Апрель ойи охирида Тожикистон ҳукумати Ироқдаги тожик жангариларининг фарзандлари бўлган 84 нафар болани ватанига қайтарган эди.