Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

Россия Суриядаги кимёвий ҳужум терговига қарши туриш билан таҳдид қилмоқда

Карвонсарой ва AFP

Сурия фуқаролик мудофааси («Оқ дубулғалилар») аъзолари 2018 йил 1 февраль куни исёнчилар назоратида бўлган Дума шаҳрининг чеккасида режим кучлари томонидан учирилган ракета қолдиқларини йўқ қилмоқда. Ҳужумдан сўнг маҳаллий аҳоли Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваториясига нафас қисилишидан шикоят қилар экан, кимёвий қурол қўлланган бўлиши мумкинлигидан хавотирда эканликларини айтишган. [Ҳамза Ал-Ажвa/AFP]

Сурия фуқаролик мудофааси («Оқ дубулғалилар») аъзолари 2018 йил 1 февраль куни исёнчилар назоратида бўлган Дума шаҳрининг чеккасида режим кучлари томонидан учирилган ракета қолдиқларини йўқ қилмоқда. Ҳужумдан сўнг маҳаллий аҳоли Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваториясига нафас қисилишидан шикоят қилар экан, кимёвий қурол қўлланган бўлиши мумкинлигидан хавотирда эканликларини айтишган. [Ҳамза Ал-Ажвa/AFP]

ҲААГА, Нидерландия – Россия ва Ғарб шу ҳафта Суриядаги ҳужумлар айбдорларини эълон қиладиган янги гуруҳ масаласида кимёвий қуролларни назорат қилиш халқаро ташкилоти билан янги тўқнашувга ҳозирланмоқдалар.

Тергов қонунбузарларнинг ким эканлигига ойдинлик киритадиган илк ҳисоботни келаси йил бошида эълон қилиши кутилаётган бир пайтда Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилоти (КҚТТ) ичида кескинлик кучаймоқда.

Москва Ҳаагада ўтадиган йиллик мажлисда КҚТТнинг келаси йилги бюджети янги жамоани молиялаштиришни ўз ичига оладиган бўлса, унга вето билан таҳдид қилмоқда – бу халқаро назоратчи ташкилот фаолиятини тўхтатиши мумкин.

Аммо Қўшма Штатлар, Британия, Франция ва бошқа иттифоқчиларнинг айтишича, ҳужжат кўпчилик овоз билан қабул қилиниши учун етарлича қўлловга эга бўлади.

Россия, Эрон ва Хитой ўтган йили бюджетга вето қўйишга уринган, аммо у 99/27 нисбатда кўпчилик овоз билан қабул қилинган эди.

Ғарб дипломатлари КҚТТ халқаро даражада қўллаб-қувватланаётганини кўрсатиш учун бу йил ушбу кўрсаткични яхшилашга умид қилмоқдалар. Овоз бериш чоршанба (27 ноябрь) куни бўлиб ўтиши кутилмоқда.

«Ҳамма ТИГ (Тергов-идентификация гуруҳи) натижаларини кутмоқда», деди юқори мартабали дипломатлардан бири исмини ошкор қилмаслик шарти билан.

Кимёвий қуроллар борлиги тасдиқланди

Сурия ва унинг иттифоқчилари тарафидан бўлган кескин эътирозларга қарамай, 2018 йилда КҚТТга аъзо давлатлар ташкилотга кимёвий ҳужум қўллаганларга нисбатан айблов эълон қилиш бўйича янги ваколатларни беришга келишиб олган эдилар.

2013 йилда Нобел тинчлик мукофотига сазовор бўлган ва дунёдаги кимёвий қуролларнинг 97 фоизини йўқ қилган назорат ташкилот аввал фақат ҳужум содир бўлган-бўлмааганлигини аниқлаш ваколатига эга эди.

Бу ўзгаришларга Суриядаги бир қатор кимёвий ҳужумлар сабаб бўлган. Улар 2013 йилда Дамашқ яқинидаги Ғутада 1400 кишининг ҳаётига зомин бўлган зарин гази ҳужумидан сўнг, Сурия режими ўзидаги кимёвий қуроллар захирасини топширишга розилик берганига қарамай юз берган.

Март ойида КҚТТ ҳисоботида 2018 йил 7 апрель куни исёнчилар назоратидаги Дума шаҳрига қарши ҳужумда хлор гази қўллангани тасдиқланган, гувоҳларнинг сўзларига кўра, ҳужум туфайли 43 киши ҳалок бўлган.

Халқаро ҳамжамиятнинг катта қисми ушбу воқеада Сурия президенти Башар ал-Асад режимини айблаган ва бунга жавобан бир нечта ҳарбий иншоотларга ҳаво зарбаларини берган.

Асадни қўллаб-қувватлаган ва кимёвий қурол қўлланганини яширишга ёрдам берган Россия КҚТТ ҳисоботини рад этар экан, бу ваҳшийлик «Оқ дубулғалилар» номи билан машҳур суриялик қутқарувчи-кўнгиллилар томонидан саҳналаштирилганини иддао қилган.

«Думадаги ҳодиса – «оқ дубулғалилар» томонидан уюштирилган провокациядан бошқа нарса эмас», деб баёнот берган Россиянинг Ҳаагадаги элчихонаси КҚТТ ҳисоботи чоп этилганидан сўнг.

Бироқ, КҚТТ раҳбари Фернандо Ариас душанба (25 ноябрь) куни ҳисоботни танқидлардан ҳимоя қилиб, «яна бир бор мустақил ва профессионал хулосани қўллаб-қувватлашини» айтган.

КҚТТ инспекторлари гуруҳи Россия ва Суриянинг бир неча ҳафталик қаршилигидан сўнг Дума киришга рухсат олишгач, шаҳарчадаги еттита объектдан 100 дан ортиқ намуналар олишди.

КҚТТ «гувоҳларнинг кўрсатмалари, атроф-муҳит ва биологик тиббий намуналарни таҳлил қилиш натижалари, шунингдек, мутахассисларнинг токсикологик ва баллистик таҳлиллари» асосида шундай хулосага келди, дейилади ташкилот баёнотида.

Россия ва Сурия «сувни лойқалатмоқда»

Москва Суриядаги кимёвий ҳужумларни доимий равишда шубҳа остига олиб, уларнинг саҳналаштирилганини иддао қилар экан, Думадаги ҳалокатли хлор ҳужумига оид сиздирилган ҳисоботга ҳам ўз эътиборини қаратган.

Руслар ва сурияликлар Асад режимининг эҳтимолий ҳужуми билан боғлиқ воқеада «сувни лойқалатишга» уринмоқда, дейди Ғарб дипломатлари.

2018 йилда тўрт нафар рус жосуси КҚТТ серверларини бузиб киришга урингани учун Нидерландиядан чиқариб юборилганидан бери вазият кескинлигича қолаётган эди.

Янги тергов гуруҳининг илк ҳисоботи яқин ойлар ичида эълон қилиниши кутилмоқда, деб айтган КҚТТ раҳбари Ариас. Дипломатларга кўра, ҳисоботлар февраль ёки март ойида эълон қилинади.

Шунга қарамай, Россия ва Ғарб, тақиқланган кимёвий қуролларнинг рўйхатини 2018 йилда Англиянинг Солсбери шаҳрида қўлланган асаб тизимини фалажловчи «Новичок» каби янги моддалар билан кенгайтиришдек мураккаб масала юзасидан келишувга эришиши мумкин.

Лондон россиялик собиқ икки томонлама жосус Сергей Скрипаль ва қизининг заҳарланишида Москвани айбламоқда ва бунда Совет Иттифоқи томонидан Совуқ уруш вақтида ишлаб чиқарилган ҳарбий даражадаги заҳарли «Новичок» моддасидан фойдаланганлигини айтмоқда. Скрипаль ва унинг қизи омон қолишган.

Қўшма Штатлар, Нидерландия ва Канада қора рўйхатга икки хил «Новичок»ни киритишга чақирганлар, аммо Москва унга Ғарб давлатлари синовдан ўтказаётганига ўхшаш кимёвий моддалар қўшилишини истаяпти.

Дипломатларнинг сўзларига кўра, муроса чораси қартага тикилган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 4

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Кремль террорчиларидан яна нимани кутиш мумкин

Жавоб бериш

Бу америкапараст сайт Марказий Осиё (Хитой таҳдиди) ва Яқин Шарқдаги (Сурия ва Эрон) вазиятни издан чиқаришга ҳаракат қилмоқда. Нега бундай қилишяпти? Ўзингизда бўлаётган воқеаларга эътибор қаратинг, ҳар бир давлатнинг ўз фикри ва танловига бўлган суверен ҳуқуқига аралашманг.

Жавоб бериш

Россиянинг сурияликларга қарши кимёвий ҳужуми фош бўлди

Жавоб бериш

Путиннинг ўрнида бўлганимда, сизга ўхшаганларни судга берган бўлар эдим ))). Ёлғон ва туҳмат жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин... Европа бир ҳафта ичида урушда мағлуб бўлади. Америка қора танлиларни эплолмаяпти-ку, Россия билан урушишга йўл бўлсин. Ярим йилдан кейин АҚШ ўрнига Америка республикаси бўлади...

Жавоб бериш