https://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2019/02/25/feature-01
| Хавфсизлик

Россиядаги машҳурлик даражаси пасайиб борар экан, Путин Ғарбга нисбатан янги таҳдидлар билан чиқди

Карвонсарой

image

Россия президенти Владимир Путин 2019 йилнинг 20 февраль куни Москвада йиллик мурожаатномасини тақдим этди. (Александер Неменов/AFP)

МОСКВА – Россия президенти Владимир Путин машҳурлик рейтинги тобора пасайиб бораётган бир вақтда тақдим этган 20 февраль кунги мурожаатида Ғарбга нисбатан тажовузкор оҳангни танлади.

Путин Ғарбни қўрқитиш ва ўз ватандошларини илҳомлантириш мақсадида Ўрта ва қисқа масофага учувчи ракеталарни йўқ қилиш тўғрисидаги шартнома бекор қилинганидан сўнг Вашингтонни Европада ҳар қандай янги ракеталарни жойлаштиришдан огоҳлантирди. У Москва буни «жиддий таҳдид» деб қабул қилишини таъкидлаган.

Йиллар давомида тақдим этилган расмий шикоятлар ва муаммони дипломатик тарзда ҳал қилишга уриниш чораларидан сўнг, Қўшма Штатлар ва НАТО иттифоқдошлари Россия Совуқ уруш даврининг муҳим битимни «очиқдан-очиқ» бузди, деган хулосага келишган.

Путин бу даъволарни «сохта» дея рад этди.

image

Россия президенти Владимир Путин 20 февраль куни Федерал йиғинга мурожаати вақтида. (Кремль)

Россия расмийлари SSC-8/9M729 ракета тизимининг битим шартларига мувофиқлигини исботлаш ёки уларни йўқ қилиш имкониятига эга эканликларига қарамай, унинг битимга зид эканлигини инкор этишдан тўхтаганлари йўқ.

Бунинг ўрнига, Кремль ва Россия ҳарбий мутасаддилари Қўшма Штатлар ва Европага қарши очиқ таҳдид қилган. Путин ядровий хавфсизлик борасида ўз қарашларини яшираётгани йўқ.

Путиннинг мурожаатномаси ҳам бундан деярли фарқ қилмади.

«Бугун аниқ ва очиқ айтишим мумкинки, биз Россияга таҳдид солувчи ракета тизимларига эга қарор чиқарувчи марказларга қарши қуролларни қўллашга мажбур бўламиз», деди Путин 87 дақиқа давом этган мурожаати давомида.

Путин Россияга Қўшма Штатлар устидан ҳарбий устунлик берувчи қуроллар дастурларини санаб ўтган. Аммо, уларнинг бирортаси ҳам тасдиқланмади.

У Циркон ва Сармат ракеталари, Посейдон сув ости дрон тизими ва Авангард товушдан тез учувчи ракетасини тилга олди.

НАТО Путиннинг Ғарб мамлакатлари пойтахтларига қарши қаратилган янги ракеталарни жойлаштириш таҳдидларини қоралади.

«Россиянинг Иттифоққа таҳдид солиши йўл қўйиб бўлмайдиган ҳаракатдир», деб айтган НАТО матбуот котиби ўринбосари Пирс Казалет 20 февраль кунги баёнотида. «Биз Россияни Ўрта ва қисқа масофага учувчи ракеталарни йўқ қилиш шартномасига риоя қилишга чақирамиз.»

Таҳдидларни пайдо қилиш

Путиннинг нутқи Кремль томонидан узоқ вақтдан бери қўллаб келинган – ички муаммоларни ҳал қилишдан қочиш учун ташқи таҳдиддан фойдаланиш сиёсатини акс эттирди.

Унинг жанговар руҳдаги қатъий сўзлари ҳам президентнинг машҳурлиги сусайган вақтда ватанпарварлик руҳини пайдо қилишга қаратилган эди.

Январь ойида Россиянинг «Левада-центр» мустақил маркази томонидан ўтказилган сўровлардан маълум бўлишича, Путиннинг машҳурлик рейтинги 64 фоизга тушган – бу сўнгги 5 йил ичида қайд этилган энг паст кўрсаткичдир.

Мурожаатномадан бир кун ўтиб эса Путиннинг жанговарлик оҳангги бироз ўзгаргандек кўринди.

Қўшма Штатлар ва Россия «ҳарбий соҳада яхши алоқаларга» эга, деб айтган у 21 февраль куни Москвада ТАСС хабарига кўра. «Албатта муаммолар бор, аммо биз бу муаммоларни биргаликда ҳал қилиш учун керакли механизм ва воситаларга эгамиз.»

«Кубанинг ракета инқирозига ўхшаган янги инқирозни» пайдо қилиш учун ҳеч қандай сабаб йўқ, деди у.

Шунга қарамай, Москва бундан бир йил олдин ўзининг таъсир доирасидаги Тожикистон ва Қирғизистонда ҳарбий базалар қуришни бошлаган, бунга «Афғонистондан келиб чиқаётган таҳдидлар» сабаб ўлароқ келтирилган, деган эди Россиянинг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигидаги (МДҲ) вакили Александер Стерник РИА Новости нашрига 2018 йил февралида.

Россия ҳукумати мамлакатни «ташқи душманлардан» ҳимоя қилиш чақириғи билан миллатчиларга мурожаат қилмоқда, деди бишкеклик сиёсий таҳлилчи ва Қирғизистон демократик партияси раиси Сейтек Качкинбаев Карвонсарой нашрига.

Унинг сўзларига кўра, хорижда гўёки Россия манфаатларини ҳимоя қилиш баҳонасида янги базаларнинг (жумладан, Қирғизистондаги потенциал базанинг) очилиши жамоатчиликни мамлакатнинг ички муаммоларини чалғитишга хизмат қилади.

Ваҳимани кучайтириш амалиётлари

Россия оммавий ахборот воситалари Кремлнинг ваҳима уйғотишга қаратилган ҳаракатларини анчадан бери қўллаб-қувватлаб келади.

«Марказий Осиё АҚШ махсус хизматларининг ҳужумига учрайди» деб номланган шундай ваҳимали мақола «Спутник-Ўзбекистон» сайтида 7 февраль куни чоп этилди.

Мақола Россиядаги Афғон уруши фахрийлари уюшмасининг раиси – Франс Клинцевич билан суҳбатни ўз ичига олган бўлиб, у гўё АҚШ тарафидан Россия учун пайдо қилинаётган «муаммолар» постсовет мамлакатларига ҳам таъсир қилишини айтган.

«Яқин келажакда Марказий Осиё минтақаси жиддий ҳужумларга учрайди. Бу ҳозирги кунда АҚШ махсус хизматлари томонидан Россияга қарши тайёрланаётган ҳужумлардир», деб айтган у «Спутник-Ўзбекистон» нашри билан суҳбатда гўёки Америка кучлари Марказий Осиё мамлакатларига ҳужум қилиш учун афғонистонлик жангариларни тайёрлаётганига «ишора» қилиб.

Бу орада Кремль инсайдерлари ва айрим уруш фахрийлар тарихни ўзгартиришга уриниб, АҚШ ҳарбийларининг Афғонистондаги иштирокига эътиборни қаратишга ҳаракат қилмоқдалар.

Афтидан, 2015 йилда Путин «раҳбарият реал таҳдидларга қарши туришга уринганини» айтар экан, Совет Иттифоқининг Афғонистонга бостириб кирганини қўллаб-қувватлаган бўлса-да, «кўп хатоларга йўл қўйилганини» тан олган.

Январь ойи охирида Россия парламентининг мудофаа қўмитаси «совет қўшинлари террорчи ва экстремистик гуруҳларга қарши курашда афғон ҳукуматига кўмаклашгани» ҳақидаги резолюция лойиҳасини маъқуллаган.

Ғарбнинг қудратли давлатлари билан муносабатлари танглашиб борар экан, «Россия Ғарбга қарши туриш учун совет даврига оид ўтмишини тирилтиришга уринмоқда», деб айтган эди Россиядаги «Мемориал» инсон ҳуқуқлари ташкилотининг таъсисчи аъзоси Ирина Шербакова.

Сизга мақола ёқдими?
21
Йўқ
Фикрлар 7
Сиёсат
Captcha

Путин доим ўз рейтингини қўшни давлатларга қарши уруш очиш билан кўтаради, 2014 йилда Россия-Украина урушини бошлагани каби.

Жавоб бериш

Карвонсаройларингга ўт тушсин. Ғарб Югославия, Ироқ, Ливияни тинчгина расво қилиб қўя қолди. Россия яқинида тинч йўл билан ракетага қарши мудофаа тизимларини жойлаштирмоқда. Россия эса ғарбона тинчликпарварликка халақит бермаслиги керак эмиш. Бекорларни ебсанлар

Жавоб бериш

Қозоғистон РОССИЯДАН Ғарб цивилизацияси томон ҚОЧИШИ КEРАК. Гап фақат Путлер ҳақида эмас. Гап ўзларида... Худо Американи асра. МEН НУРБОТ ЭМАСМАН.

Жавоб бериш

Тўппа-тўғри!!! Яшавор!!!

Жавоб бериш

Одатда руҳий касалликлар баҳорда зўраяди. Пуканда ҳам бор шу нарса бор.

Жавоб бериш

Унда бу сурункали.

Жавоб бериш

Ажойиб, социология дарсида фойдаландим

Жавоб бериш