БИШКЕК – Қирғизистон расмийлари мамлакатда рус тилига асосланган кирилл ёзувидан лотин ёзувига ўтишни муҳокама қилмоқдалар.
Ушбу масалани 11 сентябрь куни парламентда таълим вазири лавозимига номзоди тасдиқланган Канибек Исаков кўтариб чиқди. Шундан кейин у мазкур лавозимга тайинланди.
«Мен лотин имлосига ўтишни қўллаб-қувватлайман. Биз бу ишни босқичма-босқич амалга оширишимиз зарур», деб айтган Исаков депутат Алтинбек Сулаймановнинг ушбу масала юзасидан берган саволига жавобан.
«Бу борада биз туркийзабонлар орасида энг охиргисимиз – қозоғистонликлар 2025 йилда лотин имлосига ўтишади. Биз 1928-1940 йиллар оралиғида лотин ёзувидан фойдаланганмиз, шундай экан, биз ёзувни ўзгартирмаймиз, балки унга қайтамиз. У давлат тилини шакллантиришга ёрдам беради», деб айтган Сулаймонов.

Фрунзе (ҳозирги Бишкек) шаҳрида жойлашган Сталин номидаги 3-мактаб, 1930-йилларда олинган сурат. Бино пештоқида – лотин алифбосидаги ёзув. 1928-1940 йиллар оралиғида Қирғизистонда лотин ёзувидан фойдаланилган. (Қирғизистон марказий архиви)
Ушбу тасдиқлов юз бериши мумкин бўлган ўзгаришлар борасида қизғин мунозараларга сабаб бўлди.
Бишкеклик сиёсий таҳлилчи Алмаз Тожибойнинг сўзларига кўра, лотин имлосига ўтиш қирғиз тилининг янада табиийроқ бўлишига кўмаклашади.
«Бу ғояни амалга оширишимиз зарур. Олдинда жуда кўп ишлар бор. Россия мустамлакаси белгиларидан халос бўлиш вақти келди», деб ёзган у Facebook саҳифасида.
«Мустақил Қирғизистон лотин имлоси асосий ҳисобланган давлатларда яшовчи қирғиз диаспораси учун лотин имлосини расман қонунийлаштириши лозим», деди Қирғизистон тарихи жамияти президенти Тинчтикбек Чороев Facebook тармоғида ёзиб қолдирган фикр-мулоҳазасида.
Лотин имлосини қўллаб-қувватловчилар махсус qyrgyz.com сайтига ҳавола улашмоқдалар, бу ерда лотин ёзувидаги қирғиз тилида ёзилган материаллар жойланган бўлиб, қирғизча матнларини кирилл имлосидан лотинга ўгириб бериш хизмати ҳам бор.
Қарор қабул қилинадиган бўлса, бу мамлакатнинг Россия ва собиқ Совет тизимидан янада мустақилроқ бўлиши ва узоқлашишини англатади. Совет Иттифоқи 28 йил аввал парчаланган бўлишига қарамай, Қирғизистон Иосиф Сталин даврида жорий этилган кирилл имлосидан ҳамон фойдаланиб келмоқда.
Узоққа чўзиладиган жараён
Депутат Дастан Бекешев лотин ёзувига ўтишни қўллаб-қувватлар экан, бу жараённинг узоққа чўзилишини айтиб огоҳлантирди.
«Бу жуда қиммат лойиҳа, шу сабаб Қирғизистон аввал энг долзарб муаммоларни ҳал қилиб олиши керак», деди у нашр билан суҳбатда.
Қирғиз халқи ўтмишда араб ёзувидан фойдаланган. Советлар ҳукмронлиги даврида Қирғизистон аввалига араб ёзувини сақлаб қолган, 1928-1940 йилларда эса лотин имлосига ўтган ва охир-оқибат кирилл ёзуви жорий этилган.
1991 йилда Қирғизистон мустақил бўлди, зиёлилар ва ватанпарварлар лотин имлосига қайтиш масаласини бир неча бор кўтариб чиқдилар ва бу билан Россия оммавий ахборот воситаларининг кескин танқидларига учрадилар.
Бу масала, тил, маданият ва тарихий муштараклик борасида Қирғизистонга энг яқин ҳисобланган қўшни Қозоғистон ўтган йили лотин ёзувига ўтишга қарор қилганидан кейин яна кун тартибига чиққан.
Бошқа бир қўшни мамлакат, туркий тилли Ўзбекистон 1993 йилдан бери лотин имлосидан фойдаланиб келади. Ҳозирда у иккала ёзувни ҳам қўлламоқда.
Ўлиб қоламан, «Қирғизистоннинг Совет Иттифоқидан мустақиллигининг 28 йиллик байрами эмиш» :) Шарҳни қаранг! :))) Совет Иттифоқи бўлмаганида, Қирғизистонда ҳеч нима нишонланмасди, чунки Қирғизистоннинг ўзи бўлмасди :))
Жавоб бериш